Ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнинг долзарб вазифаларидандир.

Ер - умуммиллий бойлик. Сўнгги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратиш тартибининг очиқлиги ва шаффофлиги ортиб бормоқда, соҳада бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Афсуски, ер билан боғлиқ муносабатларда талон-торожликлар рўй бермоқда. Коррупция ушбу соҳада ҳам авж олган. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ерни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича маълумотлардан хабардор бўляпмиз. Ҳанузгача, ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда 67 нафар Кадастр агентлиги мансабдор шахсига нисбатан 46 та жиноят иши кўриб чиқиш учун судларга юборилган бўлиб, етказилган зарар миқдори 550 млн сўмни ташкил этган. Бундан ташқари, 2021 йилнинг ўтган олти ойи давомида эса Кадастр агентлигининг 48 нафар ходимига нисбатан 24 та жиноят иши очилган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 1,3 млрд сўм миқдорда зарар етказилган.

Биргина 2020 йилда республика бўйича 50 мингга яқин ҳолатда 11 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобланади.

Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 11 214 та ҳолатда 2 000 гектардан ортиқ ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Масалан, ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари Наманган вилоятида 1800 та, Тошкент шаҳрида 1661 та, Тошкент вилоятида 1464 та, Қорақалпоғистон Республикасида 874 тани ташкил этган. Бу бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқоридир.

Мутасадди идоралар томонидан эса ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бор-йўғи 1188 таси ёки 10,5 фоизи бартараф этилган холос.

Кадастр базасида давлат рўйхатидан ўтмаган 2 млн 746 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектининг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган. Бу каби салбий ҳолатларнинг асосий қисми Қашқадарё вилоятида 517 792 та, Самарқанд вилоятида 462 558 та, Сурхондарё вилоятида 339 393 та, Наманган вилоятида 315 452 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, мутасадди идоралар томонидан географик объектлар номларини давлат реестрига киритиш ишлари охирига етказилмаганлиги оқибатида республика бўйича 1 123 та кўча номсиз қолган. Бу эса, ўз навбатида, турли ташкилотлар, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларини аниқлашда қийинчиликларни вужудга келтирмоқда, натижада аҳолининг ҳақли эътирозлари юзага келмоқда.

Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом талаблари туман ҳокимликлари ва кадастр бўлимлари томонидан тўлиқ бажарилмаган.

Хусусан, республика бўйича 2021 йил 5 август ҳолатига кўра, 90 690 та фермер хўжалигидан 2 916 таси билан ижара шартномаси тўлиқ расмийлаштирилмаган. Бу эса, ўз навбатида фермер хўжаликлари ва туман ҳокимликлари ўртасида ер билан боғлиқ турли низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Кадастр агентлиги томонидан ўз фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилган.

Биргина Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) базасида жойлаштирилиши лозим бўлган умумий маълумотларнинг 55,5 фоизи ўз вақтида жойлаштирилмаган.

Ялпи мажлисда ушбу соҳада аниқланган камчиликлар борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши бўйича Кадастр агентлигига тавсия ва таклифлар берилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати