Малакавий амалиёт олий ўқув юртидаги таълим-тарбия жараёнининг давоми ҳамда назарий билимларни мустаҳкамлаш ҳамда мазкур билим, кўникма ва малакани бевосита ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш имконини беради. Ўқитиш самарадорлигини амалиёт билан мустаҳкамлаш борасида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида қатор ишлар бажарилмоқда.
Ёшларга сифатли таълим бериш, қолаверса, соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида институт 30 дан ортиқ йирик корхона ва ташкилот билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва шартномалар тузган. Мутахассислик кафедраларининг қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот муассасаларида кафедра филиали ва ўқув марказлари очилган. Уларда таълим мутахассисликларининг ўқув режасига мувофиқ мутахассислик фанларидан амалий машғулотларининг 50 фоизи 5+1 дастури доирасида илмий тадқиқот муассасаларида ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилмоқда.
Масалан, Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, агрохизматлар маркази, Жомбой ўсимликлар клиникаси ва биолаборатория маркази, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станцияси, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станцияси шулар жумласидан. Бундан ташқари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти Самарқанд филиали, «Само агро» МЧЖ, «Зарафшон Лоҳман Парранда» МЧЖ ҚК, «ПУРE МИЛКЙ WОРКС» МЧЖ, «Жомбой Агробио сервис» МЧЖ, «Ўзбегим агро» Ўзбекистон-Германия МЧЖ йирик пахта-тўқимачилик кластери ҳамда йирик қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари, агрокластерлари ҳамда илғор фермер хўжаликларида ҳам талабаларимизнинг амалиёт ўташига шароит яратилган.
Жорий йилда институтнинг қарийб 200 га яқин талабаси 10 дан ортиқ ривожланган мамлакат, хусусан, Германия, Буюк Британиядаги йирик корхона ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган амалиётни ўтаб қайтди. Бу жараён талабаларга замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари билан танишиш имконини берди. ГПС тизимли тракторлар, дронлар ва сенсорлар ёрдамида ерни назорат қилиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган илғор биотехнологиялар ва ақлли суғориш тизимларининг афзалликлари ўрганилди. Амалиёт давомида талабалар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширувчи автоматлаштирилган ускуналар билан ишлаш тажрибасини ўрганди. Ривожланган давлатларнинг экологик тоза ишлаб чиқариш ва органик қишлоқ хўжалиги усуллари билан яқиндан танишди. Талабалар нафақат илғор технологиялар, балки қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш усуллари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлди.
Талабалар Германиянинг рақамлаштиришга асосланган фермер хўжаликлари билан яқиндан танишди. Амалиёт давомида маълумотларни таҳлил қилиш, аниқ режалаштириш ва замонавий технологияларни самарали қўллашни ўрганди. Замонавий ҳосил йиғувчилар, тупроқни зарар етказмасдан қайта ишлайдиган ускуналар ва ресурс тежамкор тизимлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Талабалар орттирган тажрибаси орқали замонавий қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежаш ва экологик масъулиятни таъминлаш бўйича янги ғояларга эга бўлди.
Бу каби амалиёт ўтаган ёшлар келгусида соҳа ривожига ҳисса қўшиш билан бирга илм-фаннинг янгидан кириб келаётган ютуқлари, замонавий техника ва технологияларни тез ва осон жорий қилади.
Келгусида ҳам олийгоҳда таълим сифатини оширишнинг самарали ечимлари қаторида талабаларнинг назарий билимларини ишлаб чиқаришда амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштирган малакали мутахассисларни тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралади.
Шавкат ҲАСАНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор