AKFA Университети ректори Беҳзод Жалилов Корея фан ва технологиялар институти (KAIST – Korea Advanced Institute of Science and Technology) вакиллари билан ўтказилган видеоконференцияда иштирок этди.
Видеоконференция Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилди.
Учрашув давомида Корея томони “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси фаолияти, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун, шу жумладан электротехника саноатида яратилган қулай шароитлар билан танишди.
“Ўзелтехсаноат” уюшмаси бошқарув раиси Мирзиёд Юнусов KAISTга давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида илмий-таълим институтини яратиш лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналарида юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж борлиги қайд этилди.
Учрашув давомида университет ректори Беҳзод Жалилов бугунги кунда тиббиёт ва молия бўйича ўқитиладиган АКФА университети фаолияти тўғрисида тақдимот қилди.
Беҳзод Жалилов АКФА университети аппарат муҳандислиги ва дастурий таъминот муҳандислиги соҳаларида янги факультетларни очишда AKFA билан ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида, KAISTнинг хорижда ривожланиш маркази директори Ким Вон Жун Ўзбекистон томони билан Жанубий Кореянинг етакчи университетларидан бири фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўртоқлашди. Шунингдек, у KAIST тажриба алмашиш ва билимларни трансфер қилиш учун хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишини таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистонда янги таълим муассасасини ишга тушириш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.