Ота-онасидан эрта етим қолган Камолиддин Беҳзодни Мирак Наққош номи билан машҳур Амир Руҳулло Мирак Херавий тарбия қилган. У машҳур хаттот, наққош ва миниатюра санъати устаси бўлиб, ўзи рассом Мавлоно Валиуллоҳ қўлида таҳсил олган.
Миракнинг асарлари кам сақланиб қолган. Эҳтимол Россия миллий кутубхонасидаги икки жанг қилаётган аждар тасвири ёки оммавий услубда чизилган хомаки қаламтасвир намуналар унга тегишли бўлиши мумкин. Унинг яна бошқа бир неча асарлари Британия кутубхонасида сақланади. Бу дастхат қўйилган икки саҳифали «Қўлёзма Самарқанд ҳукмдори Султон Али Барлосга тортиқ қилинган» фронтисписи бўлиб, унинг 2 та варағида «Мирак Хуросоний иши» деган ёзув бор.
Мавлоно Валиуллоҳни Беҳзод яна бир билвосита устози сифатида тилга олади. Беҳзод у билан бир муддат Султон Ҳусайннинг сарой китобхонасида ишлаган.