Шу кунларда республика театр саҳналарида янги спектакллар тақдимоти бўлим ўтмоқда.
“Дийдор” театр студиясида Тожикистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Барзу Абдураззоқовнинг Темур Зулфиқоров асари асосида саҳналаштирган "Капалак туши" спектаклининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги жамоасига топшириш жараёни амалга оширилди.
Тақдимотда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, устоз режиссёр Олимжон Салимов, республика театрларининг ёш режиссёрлари иштирок этишди.
Спектакл ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирилди. Жумладан, "Барзу Абдураззоқовни маҳорат дарси ўтиши асосида "Капалак туши" спектаклининг саҳнада кўриб, миллий қадриятларимизни ҳурмат қилган ҳолда яратилган умумбашарий қадриятларни саҳнада ўзига хос талқинини кўрдик. Спектаклни ҳатто дунё фестивалларида бемалол намойиш этиш мумкин.
Келажакда ёш режиссёрлар учун ташкил қилинадиган маҳорат дарсларига Барзу Абдураззоқовни яна таклиф этамиз", - деди Баҳодир Ахмедов.
Муҳокама иштирокчилари бир овоздан "Капалак туши" спектаклини томошабин эътиборига ҳавола этишга лойиқ деб топишди.
"Капалак туши" спектакли тақдимотидан сўнг маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Мажидович Ахмедов "Дийдор" эксприментал ўқув театри студиясида устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев яратиб кетган режиссёрлик анъаналарига хос спектакллар саҳналаштирилишидан ташқари янги жаҳон тенденцияларига хос саҳна асарларини яратиш тандемини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур спектакль премьераси жорий йилнинг 22, 23, 24 ноябрь кунлари "Дийдор" ўқув театри эксприментал студияси саҳнасида бўлиб ўтади.