Арманистонда COVID-19 эпидемияси туфайли фавқулодда ва ўзини-ўзи изоляция қилиш ҳолати жорий қилинган бўлса-да, генерал-майор ўғлининг тўйида юздан ортиқ меҳмонлар иштирок этганлиги тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Давтяндан ташқари, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Эдуард Мартиросян ва полиция бошлиғи Арман Саркисян ҳам ўз лавозимларини тарк этди.

"Мен генерал-лейтенант Артак Давтянга, полковник Эдуард Мартиросян, полковник Арман Саркисянга қилган хизматлари ва саъй-ҳаракатлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман", деб ёзди Пашинян ўзининг Fasebookдаги саҳифасида.

Пашинян генерал-лейтенант Оник Гаспарянни Бош штабнинг янги раҳбари, полковник Аргишти Карамянни Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ваге Казарянни полиция бошлиғи этиб тайинлашни таклиф қилди. Бу таклиф Президент тегишли қарорларни имзолагандан кейин кучга киради.

7-май куни "Грапарак" газетаси черковда бўлиб ўтган никоҳ маросимидан сўнг Давтян дала ҳовлисида зиёфат уюштирилганлигини хабар қилди. Нашрга кўра, Арманистонда оммавий йиғилишлар тақиқланганига қарамай, тўйга юздан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрган. 

Aysor нашрида берилган маълумотга кўра, тантана бўлаётган уйга полициячилар келган. “Полиция ходимлари келишди, йиғилганлар огоҳлантирилди ва тегишли протокол тузилди. Тадбир тўхтатилди", деди Миллий полиция жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бошқармаси бошлиғи Ашот Агаронян.

Давтяннинг ўзи оммавий ахборот воситаларида шу ҳақдаги хабарлар пайдо бўлгандан сўнг, "Ҳар кимнинг шахсий ҳаётда ўз ҳақ-ҳуқуқи бор", деб айтди. "Мен барча одамларни ва оммавий ахборот воситаларини шахсий ҳаётимга ва оиламга дахл қилмасликка чақираман", деб ёзди у Fasebookдаги саҳифасида.