Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Анвар Каримов маълумот берди.
– Шифокорларимиздан иборат мобил гуруҳлар томонидан ўтган 2022 йил мамлакатимизнинг 288 та ҳудудида 11 минг 906 нафар аҳоли ўртасида тиббий кўриклар ўтказилди, – дейди мутахассис. – Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича PEN протоколи асосида 18-40 ёшли ва 40 ёшдан ошган фуқаролар иштирокидаги скрининг текширувлари якунида қандли диабет, ортиқча вазн, юқори қон босими касалликлари аниқланган беморларга марказимизнинг малакали мутахассислари томонидан зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, 420 нафар кишида мураккаб ва юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди.
Бундан ташқари, ўтган йил юртимизнинг барча вилоятларида илк бор юрак нуқсонларини эндоваскуляр йўл билан беркитиш, периферик томирларда эндоваскуляр ва кам инвазив операцияларини бажариш йўлга қўйилди.
Вилоят даражасида 36 турдаги, туман даражасида 8 турдаги янги даволаш ва диагностика усулларининг амалиётга татбиқ қилиниши эса юрак-қон томир касалликларига чалинган оғир беморларнинг ўз ҳудудларида дардидан халос бўлишларига замин яратмоқда.