Қантар оғиб, ҳаво бироз илий бошлади. Бодомлар куртак чиқариб, гуллаб қолди. Аммо, қишнинг бир куни ҳам қиш, деганларидек, тўсатдан совуқ туриб, атрофни қор қоплади.

Йўғон чўзилиб, ингичка ўзиладиган пайт. Азизбек қиш фаслини кўпам ёқтирмайди. Бошқа фаслларда амаллаб бирор жойдан иш топиб, рўзғорнинг камини бир нави қилиб турса бўлади. Лекин, савил аёз бошланди дегунча тирикчиликнинг нони тошдан қаттиқ бўлиб қолади. Мана, кунлар бироз илиб далада иш бошланади, деб хурсанд бўлиб турганди, бу ҳам кўпга бормади. Дераза ойнасидан ташқарида ўйноқлаб ёғаётган қорни кузатаркан, болалиги ёдига тушди.

...Эндигина мактаб остонасига қадам ташлаб,  ўқиш-ёзишни ўрганаётган дамлар эди. Устози ҳар бир ўқувчидан катта бўлсанг ким бўласан, дея сўраб чиққан. Азизбек ҳам беғубор орзулар ила шифокор бўлишини айтганди. Устози киши орзусига етиши учун албатта яхши ўқиш кераклигини уқтирганди. У ҳам устози айтган ўгитларга амал қилиб, яхши ўқишга интилди. Тиришқоқлиги сабаб аълочи ўқувчилар қаторидан жой олди. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Бешинчи синфга ўтганида отаси ҳашар қилиб, ҳовлисининг кўча тарафидан кичикроқ дўкон қурди. Болали сигирини сотиб, шаҳардаги улгуржи бозордан бир талай нарсалар харид қилиб, дўконини тўлдирди. Бошида дўконни отаси юритиб юрганди. Аммо, кейинчалик вақти бўлмай қолди шекилли, тўнғич фарзанди Азизбекни ҳам савдо қилишга ўргата бошлади. Онаси ёш болани аралаштирманг, десада эътибор қилмади. Кейинчалик эски “Москвич” сотиб олиб, яқин атрофдаги қишлоқлардаги бозорларга чиқадиган бўлишди. Бу орада Азизбекнинг ўқишида ўзлаштириши пасайиб кетди. Ўқитувчиси ҳарчанд ота-онасини огоҳлантирса-да, нафи бўлмади. Тўнғич ўғилнинг қўлига пул кела бошлагач, мактабга боришга ҳафсаласи қолмади. Шифокор бўламан, деган орзулари ҳам сўнди.

У мактабни тугатганида чўнтагида тўрт-беш сўм пули бор эди. Аммо, тенгдошларининг барчаси талаба бўлиб, унинг ўзи ёлғиз қолиб кетди...

Бугун ёши қирқдан ошиб қолди. Қўлида бирор тайинли ҳунари йўқ. Умри қора меҳнатда ўтиб бораяпти. Чуқур уҳ тортади. Аммо “поезд аллақачон ўтиб кетган”. Катта ўғли шу йил мактабни тугатади, қандай қилиб бўлсада уни ўқитишга аҳд қилди.              

Давоматга таъсир қилмайди...

Деҳқонобод тумани “Бешбулоқ” МФЙ ҳудудида ҳафтанинг ҳар сешанба куни бозор бўлиб ўтади. Ушбу савдо комплекси “Сегузар деҳқон озиқ-овқат” МЧЖга қарашли. Катта-кичик расталарда кимдир деҳқончилик, яна кимдир боғдорчилик маҳсулотларини сотиш билан банд. Шулар қатори чамаси олтинчи-еттинчи синфда ўқийдиган қиз ҳам икки-уч хил меваларни қатор териб қўйганча, сотиб ўтирарди. Яқинроқ бориб, суҳбатга тортишга ҳаракат қилдик.

Шу яқин атрофдаги мактабнинг еттинчи синфида ўқишини билдирган қиз дадасига ёрдам бериш учун келганини айтди. Аммо мактабдан қолмаслигини, дарси соат 11:00 да бошланишини айтганча, харидорларга хизмат кўрсатишда давом этди. Соат миллари 11:00 га яқинлашаётган бўлсада, негадир ўқувчи қиз дарсга шошилмасди. Бозор ичкарисига кириб борарканмиз, ҳартугул бошқа жойларга қараганда ўқувчилар кам кўринарди.

Кейим-кечаклар сотилаётган тарафда икки нафар ёшдан бошқа, деярли сотувчилар орасида ўқувчилар йўқ. Аммо, мол ва қўйлар сотиладиган алоҳида жойда эса ҳолат ўзгача. Ўзини олтинчи синфда ўқиётганлигини айтган бир ўспирин бугун отаси билан бирга қўй сотиш учун бозорга келганини, мактабга боролмаганини айтиб қолди. Шунингдек, кузатувларимиз давомида камида ўн нафардан ортиқ ўқувчи бугун мол ёки қўй-қўзи сотишда отасига, акасига ёрдамга чиққани учун мактабга бормаганини гапиришди.

— Бозоримиз 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳафтада бир марта – сешанба куни ўтказилади, — дейди бозор иш юритувчиси О.Поёнов. — Лекин, ўқувчиларнинг савдо қилишга умуман рухсат берилмайди. Бу ерга энг яқин жойлашган  92-сонли мактабда уч навбатда дарс ўтилади. Шу боис, кейинги сменада ўқийдиган болалар бирор нарса харид қилишга ёки шунчаки томоша учун келишади. Улар ҳам дарси бошлангач тезда кетишади.

Юқорида айтилганидек, 92-мактаб ўқув биноси бозордан кўриниб туради. Мактаб маъмурияти билан суҳбатлашарканмиз, айнан шу куни бозор бўлиши ўқувчилар давоматига таъсир этмаслигини таъкидлашди. Аммо, айрим юқори синфларда эса шу куни икки-уч нафардан бола мактабга келмагани маълум бўлди.

Мактаб ҳудудидаги бозор

Касби тумани, Тошқўрғон қишлоғи. Чоршанба куни эрталаб бу манзилга кириб борар эканмиз, қизиқ манзарага дуч келдик. Шундоққина, қишлоққа кириш жойида бир кишидан бозор манзилини сўрасак, тўғри тарафни кўрсатиб “мактаб стадионида бўлаяпти”, деди. Қизиқ, савдо мажмуаси учун айнан мактаб стадионидан бошқа жой йўқмикан, дея айтилган жойга бордик. Дарҳақиқат, каттагина стадион. Бир томонида темир устунли дарвозаси мавжуд майдонда гавжум бозор бўлаётир. Ёнида кичик футбол майдони, нариги томонда эса мактаб ўқув биноси кўриниб турибди.

Савдо ходимларидан суриштириб, бозор иш юритувчиси Муҳаммад исмли фуқародан бу ҳолатга ойдинлик киритишини сўрадик. У кишининг айтишича, мазкур савдо мажмуаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас, бу ерга тоғаси раҳбар экан. Аммо тоғаси ҳозир бу ерда эмаслиги, телефон қилиб чақиришини айтди. Биз у киши келгунга қадар мактаб директори қабулига йўл олдик.

Касби туман 10-сонли мактаб директори Эргаш Мавлоновнинг таъкидлашича, 2023 йил апрель ойида  қишлоқ оқсоқоллари илтимосига кўра, бу ерда ҳафтада фақат чоршанба куни бўладиган бозорга рухсат олишган.

— Ростини айтсак, мактабга халал беришаяпти, — дейди Э.Мавлонов. — Авваллари бу жой маҳаллага қарашли ўйингоҳ ва сайиллар ўтадиган жой эди. Кейинчалик туман кадастр бўлими вакилларининг айтишича, мактаб ҳисобига киритилган. Бугун тушдан кейин савдо якунлангач, бу ердаги ҳолатни кўрсангиз, ачиниб кетасиз. Ҳамма томон чиқиндилар билан тўлиб кетади. Бундан ташқари, жисмоний тарбия дарсини ўтиш жуда мушкул бўлиб қолди. Унинг устига бу ерда ўқувчилар тез тайёрланадиган, санитария талабларига жавоб бермайдиган егуликларни харид қилиб истеъмол қилишади. Бозор эгасига кўп бор тушунтириш бердик. Агарда бозор бўладиган бўлса, атрофини девор қилиб, қонуний ажратиб олиши лозимлигини айтдик, аммо ўзгариш  йўқ.  

Майдондаги савдо жойига разм соламиз. Бирорта раста ташкил қилинмаган. Ҳар ким ўз билганича ерга маҳсулотларини ёйиб сотаяпти. Бироздан сўнг танаффус бўлди шекилли, бир гуруҳ ўқувчилар ҳам шу томонга кела бошлади. Икки-уч дақиқада гўёки харидорлари фақат ўқувчилардан иборат бозор кўринишига келди.

— Бозор олдин бошқа жойда эди, — дейди ўзини шу савдо мажмуаси раҳбари дея таништирган Қурбонали Сойибов. — Кейинчалик шу жойга кўчириб келинди. Бу майдон маҳаллага тегишли, Наврўз сайиллари ўтадиган жой. Ҳафтада фақат чоршанба куни эрталаб бошланиб, соат 12:00 ларга  қадар тугайди.

Савдо мажмуаси аслида кимга ёки бирор ташкилотга тегишли эканлигини, сотувчилардан жой ҳақи учун йиғиб олинаётган маблағ қайси банкка кирим қилинаётганини сўраганимизда, бу ҳеч кимга тегишли эмаслигини, йиғилаётган пуллар эса шу ҳудуд ободончилиги учун  ишлатилаётганини маълум қилди. Англашимизча, бозор ноқонуний тарзда фаолият юритмоқда. Бу ҳолатга шунча пайтдан буён Касби туман мутасаддилари нега эътибор қаратишмаётгани эса бизга қоронғу.

Озгина ёрдам бергандир-да...

Нишон тумани, Гулистон маҳалласи. Унчалик катта бўлмаган ҳудудда одатдаги бозорлардан фарқли равишда бу ерда ҳам савдо расталари мавжуд эмас. Шу боис бўлса керак, ўз имкониятидан келиб чиқиб кимдир ерга, яна биров стол қўйиб, молларини ёйиб чиққан. Савдо майдонининг асосий қисмини турли хилдаги газлама сотувчилар банд этган бўлса, бир қисмида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари жой олган. Ўртароқда эса шундоққина ерга гилам тўшалиб, устига чордона қилиб жой қилинган. Ёнгинасида аёл киши хамирни шу ернинг ўзида тайёрлаб, тагида олов ёниб турган қозонга ташлайди. Ёшгина бола бўғирсоқ пишириш билан овора. Тайёр бўлганини олиб, дастурхон атрофида ўтирган кишиларга узатади. Шу дамда қишнинг совуқ шамоли таъсирида чанг кўтарилиб, егуликлар устига сочилаётганига эътибор ҳам қаратишгани йўқ.

— Нечанчи синфда ўқийсан, — дея ошпазлик қилаётган боладан сўрадик.

— Учинчи синфда.

— Қайси мактабда?

— Ўн олтинчи..  

— Бугун дарсга бормадингми?

— Ўқишимиз тушдан сўнг бошланади.

Егулик тайёрлашга ёрдамлашаётган ёшгина бола ҳали бу нарсаларга эътиборсиз бўлиши мумкин, аммо ҳеч бир хавотирсиз овқатланаётган катталар нега бепарво? Пиширилаётган егулик ҳам, тайёрлаш жараёни ҳам саломатлик учун зарар келтирмайди, деб бўлмайди. Бундан ташқари, далада, ўчоқ атрофида ҳаракатланаётган ёш боланинг хавфсизлиги ҳақида ҳам бирор киши ўйлаб кўрмадимикан?

Маълум бўлишича, бозор назоратчиси Бекзод Маллаев шу куни бошқа жойда эканлиги, бозорчиларнинг таъбирига кўра, чек пулини унинг турмуш ўртоғи йиғиб олаётганини маълум қилишди.

— Турмуш ўртоғим ишга кетган, — дейди Ҳайитгул опа. — Мен бозорда назоратчилик қиляпман. Бозор фақат ҳар пайшанба куни ўтказилади. Лекин, расмий маълумотлардан хабарим йўқ. Савдогарлардан йиғиб олаётган маблағни эса турмуш ўртоғим топширса керак...

Қизиқ томони Ҳайитгул опа бирор марта савдо ходимларидан олинаётган нақд пул учун чек бермаганини, бунинг учун касса аппарат ҳам йўқлигини таъкидлади. Ҳафтада бир бўлаётган бу ҳолат эса туман мутасаддиларининг назаридан четда қолаётганига сабаб нима экан?

— Бозор илгари шу яқин атрофда эди, — дейди 16-сонли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Ҳамроев. — Ўтган йили ҳудудимизда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” дастури доирасида бир қатор ишлар олиб борилгани сабаб ҳозирги жойига кўчирилди. Ҳафтанинг ўртасида бозор бўлиши давоматга таъсири қилмайди деб айтолмаймиз. Бошқа кунларга нисбатан айнан пайшанба куни бозорга бориб, бирор кийим олиш учун бир ёки ярим соатга рухсат сўраш кўп бўлиб туради. Лекин, ўқувчиларнинг дарсни қолдириб, бозор айланиб юришига, савдо билан машғул бўлишига йўл қўймаймиз.

Акамга ёрдамга келдим” 

Косон тумани, Олатўн бозори. Косон ҳамда Кўкдала туманлари чегарасида жойлашган каттагина савдо мажмуаси  фақат жума куни ишлайди. Масъулларнинг айтишича, 1997 йилдан буён бозор фаолият юритиб келади. Яқин атрофда эса саноқли мактаблар бўлсада, бу ерда шу куни бозор оралаб юрган, савдо-сотиқ қилаётган ўқувчилар жуда кўп эди.

— Тўққизинчи синфда ўқийман, — дейди ёнғоқ сотиб ўтирган ўспирин. — Бугун мактабга боролмадим, акамга ёрдамга келгандим.

Савдо расталари қаторида хўжалик молларини сотаётган болани суҳбатга тортамиз. Олтинчи синфда ўқишини, бугун бозор бўлганлиги сабаб дарсга бормаганини айтади у.

— Бир кун дарсга бормаса, ҳеч гап бўлмайди, — дейди унинг ёнида савдо қилаётган отаси ҳижолатсиз. — Товарларим кўп. Буни сотиш учун ёрдамчи керак. Бугун бормаса эртага борар шу мактабга.

Турли хилдаги матоларни сотиб ўтирган қиз 11-синфда ўқишини билдирди. Дарси иккинчи навбатга қўйилганини, тушдан сўнг албатта мактабга боришини айтади.

Бозор ҳудудини кўздан кечирарканмиз, шу куни ўқувчи-ёшларнинг кўпчилиги беҳуда вақт сарфлаб юрганига гувоҳ бўлдик. Лекин, ачинарли томони, бозордаги аксарият ўқувчилар айнан ота-оналарига ёрдамга чиқиш учун келганини, бир қисми эса катталарнинг рухсат бергани сабаб дарс қолдирганини маълум қилишди. Демак, арзимас бир баҳона ёки оиладаги катталарнинг юмушига кўмаклашаман, деб болалар бир кунлик дарсдан қолишмоқда. Камида тўрт ёки беш соат давомида қайсидир фанлардан ўтилган мавзулар эртанга қайтариб ўтилмаслиги аниқ. Қолган ишга қор ёғар, деганларидек, биргина эътиборсизлик ортидан муаммолар эргашиб келаверади.

Бугун фарзандини мактабга эмас, бозорга жўнатаётган ота-оналарга бу ҳолат оддийдек кўриниши мумкин. Эртага эса нафақат фарзандингиз, балки сизу биз, бутун жамият бунинг жабрини тормайди, деб бўлмайди. Шундай экан, фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг. Қолаверса, бир болага етти маҳалла ота-она, деганларидек жамоатчилик назоратини кучайтириб, бепарволикка барҳам бериш орқали ҳам салбий оқибатларнинг олдини олиш мумкин. Биз эса соҳа масъул вазирликларнинг расмий муносабатини кутиб қоламиз.                    

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири