Жумладан, ҳокимликлар амалий кўмагида Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Фарғона, Марғилон, Қўштепа, Ёзёвон, Данғара, Қизилтепа, Томди, Конимех, Учқудуқ, Олот, Бухоро, Қоракўл, Косон, Касби, Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Узун, Бойсун, Ангор, Олтинсой, Тўрақўрғон, Норин, Чортоқ, Мингбулоқ, Избоскан, Асака, Хонобод туманлари ҳамда Фарғона, Қарши, Зарафшон, Наманган, Нукус, Шарғун шаҳарларида истеъмолчи кутубхонаси ва истеъмолчилар уйи қуриб фойдаланишга топширилди. Натижасида федерациянинг туман (шаҳар) бўлимлари ўз маъмурий биноларига эга бўлиши билан бир қаторда 30 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида 71 та туман ва шаҳарда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Касби туманида қад ростлаган, замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга "Истеъмолчилар уйи" маъмурий комплексининг фойдаланишга топширилгани ҳам бунинг яққол исботидир.
Мазкур комплексдан ўрин олган “Истеъмолчи кутубхонаси” фондидан 6 мингдан ортиқ китоб, жумладан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар, юртимизда нашр қилинадиган қизиқарли ва ижтимоий-сиёсий газета-журналлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида федерация ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар ҳам ўрин олган.
Таъкидлаш жоизки, илк бора 100 минг нусхадан иборат электрон китоблар базаси ҳам шакллантирилган бўлиб, барча китобхонларни арзон нархда масофадан туриб харид қилиш мумкин.
Кутубхонада замонавий “Bооk cаfе” ва бепул WiFi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилган. Бундан ташқари, мажмуа хотин-қизлар учун тикувчилик маркази, ҳунармандчилик анъаналарини ўзида акс эттирган 15 га яқин тўгарак ҳамда ҳозир ёш авлод катта қизиқиш билдираётган миллий чолғу асбобларини чалишни ўргатадиган бўлимларни ўз ичига жамлаб олган.
Бундан ташқари, “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексида жой олган “Истеъмолчи қабулхонаси”да эса, истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда, бу каби масканлар ёш ўғил-қизларимизнинг ҳам маънавий тафаккурини бойитиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, яширин салоҳияти ва истеъдодини кашф этиш учун беқиёс имкониятлар бешиги бўлиб хизмат қилади, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.