Шундай бўлганида эди, сизу биз бугун баланд тоғлар силсиласининг қайси чўққиларидан ўтаётган ёки фалакиёт юлдузлари орасида Чўлпон мисоли ярақлаб турган бўлмасмидик? Ўша йиллардаёқ бор кучимизни юртимизда илму фанни юксалтириш, таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, муаллимларни, зиёлиларни улуғлаш каби муқаддас ишларга бағишлаганимизда эди, ҳаётимизнинг бугунги манзаралари, шубҳасиз, тамомила бошқача бўлган бўлар эди.
Афсуски, вақт ўжар ва беҳад қайсар тулпор. Уни ортига қайтаришниям, тўхтатишниям илож-имкони йўқ.
Ҳа, йўқ! Аммо “эҳ, воҳ, аттанг!” дея бўшашиб ўтириш ҳам мумкин эмас. Ҳозир мамлакат олдида, миллат зиммасида, соврилган кунлар ҳиссасини чиқариш, шу билан бирга, туялари бизникидан анча ўзиб кетганларга етиб олиш, улар билан наинки ҳамқадам бўлиш, балки улуғ боболаримиз сингари аҳлидунёга намуна бўлғулик юмушларни амалга ошириб, Учинчи Ренессанс дейилмиш муҳташам қўрғон сари алпона қадамлар ташлаш вазифаси турибди. Шундай шиддатли дамларда, олма пиш, оғзимга туш қабилида ғойибдан мўъжизалар кутиб ўтириш инсофдан эмас. Қолаверса, кейинги тўрт йиллик ҳаёт, иқтисодиётда, ижтимоий соҳада юз бераётган ўзгаришлар, кўз тегмасин, ҳаммамизда сор бургутдек баланд парвоз қилиш шиддати, жасорати борлигини кўрсатди. Кўнгил даштларида сўлиб қолган гулларни қайта яшнатди. Нафақат ўзимизга бўлган ишончга қанот берди, балки бошқаларни ҳам ишонтирди. Жаҳон узра мавқеимиз ошгани — бу ҳам ҳақиқат. Ўзбекистон юксалиш йўлига чиқди. Бунинг исботлари кўп. Мамлакат оёққа қалқди. Оролдан Бўкагача, Зоминдан Бойсунгача —ҳамма-ҳамма ерда кўклаш-кўкариш мавсуми — баҳорий ифорлар чаппар урди. Биргина Тошкент шаҳридаги манзаралар — ер ости-ю, ер усти метролари, қатор-қатор Ситилар, кўчалар, кўприклар, заводлар, янги-янги мактаблар, институтлар...
Неча ўн йиллик орзулар ушалди. Нафақат Тошкентда, ўлкамизнинг жамики қўрғону кентларида бири-биридан кўркам кошоналар қад ростлади. Омборлар донга, дастурхонлар нонга ялчиди. Мисол учун мен ўзим Самарқанднинг Ургутиданман. Атиги уч йил аввал, қишнику қўяверинг, ҳатто куз ёки эрта баҳорда ҳам қишлоққа борар бўлсам, юрагим зирқирарди. Ёзда, майли — супададир, бирорта дарахт соясидадир кунни ўтказиш мумкин бир амаллаб. Лекин ёғин-сочинли паллаларнинг ҳар лаҳзаси ботмон-ботмон азоб эди: на газ, на чироқ, на ўтин бор. Ҳалиям қишлоқдошларимиз иродали, чидамли — жамики қийинчиликларга матонат билан бардош бердилар. Энди-чи? Энди шу уч-тўрт йил орасидаги янгиланишларни кўриб, кўзларимга ишонгим келмайди: эртак, биродарлар, нақ эртакнинг ўзи! Шубҳангиз бўлса Ургутга боринг, кўринг, томоша қилинг. Кечаги бекўрим ва ғариб қишлоқларда тўққиз, ўн икки қаватли иморатлар кўкка бўй чўзди.
Қишда, ҳатто, таппига зор одамлар бугун замонавий “дом”ларда шаҳарликлар каби яйраб ўтирибди.
Бир маҳаллар гуркираган, кейин-кейин харобага айланиб, тўхтаб қолган заводларда ҳам яна ҳаёт қайнади. Борсангиз, бу ердаги янги ҳаётни кўриб ифтихордан ҳайқириб юборишингизга кафилман: туманда юз хилдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Пайпоқдан тортиб, итальянларникидан қолишмайдиган кийим-кечакларгача, резина ичакдан тортиб, телевизору музлаткичларгача, кир ювиш машинасию атир-упа, дори-дармонларгача, ранг-баранг гиламлар, духобалар, қўйингки, атторнинг қутисида топилмайдиган матоларгача ҳаммаси шу ерда тайёрланиб, шу ердан дунёнинг шарқу ғарбига жўнатилмоқда. Йўллар ҳам энди бошқача — текис, равон. Уч йил аввалги йўл азобларини эсласам, ҳозир ҳам этим увушиб кетади. Ишонасизми, бизга Тошкентдан Самарқандга етиш бир ташвиш бўлса, Самарқанддан қишлоққа етиб олиш ўн азоб эди. Ўйдим-чуқурларнинг беҳисоблигидан “тухумкоробка” деган ном қўйволишганди бу йўлга одамлар.
15-20 чақирим масофадан ўтгунча одам-ку одам, бечора машинаниям ичак-чавоғи узилиб кетгандек бўларди гўё. “Тухумкоробка” таъмирланиб, шундай равон йўлга айлантирилдики, юрган сайин юргинг келади.
Албатта, бу — юртимизнинг ҳамма жойи беҳиштга айланиб кетди, дегани эмас. Неча ўн йиллар мобайнида тўпланавериб, чалма бўлиб кетган кирларни ҳеч ким бир ҳамлада тозалай олмайди. Қувончлиси — сўнгги йиллардаги кўкаришлар бутун миллат қалбида бугун ва эртага бўлган мумтоз ишонч туйғуларини уйғотиб юборганида.
Давлатимиз раҳбарининг видеоселекторда куюниб айтган ўтли сўзлари қалбларга янаям кучлироқ чўғ солди, оловлантирди. Президент томонидан халқ муҳокамасидаги таълим-тарбияга доир фармоннинг мазмун-моҳияти шу қадар синчковлик билан миридан-сиригача мукаммал таҳлил ва талқин қилиб берилдики, агар бадиийроқ қилиб, мактабни азамат бир чинор десак, унинг етти қават ер тагидаги издизларидан то осмонга чўзилган шохларидаги ҳар битта япроғигача ҳамма-ҳаммаси кўз олдимизда аниқ-тиниқ намоён бўлди. Мактабларнинг нафақат таълим-тарбия маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлмоғи зарурлиги, ўқув дарсликлари, методикаси, қоғозбозликдан қутулиш, таълим даргоҳларини таъмирлаш, директорнинг вазифаси, ўқувчиларни илмга, касбга қизиқтириш, педагогларнинг малакасини ошириш, ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартиблари, мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш, қисқаси, мактабни юксалтирмай туриб, Учинчи Ренессансга етиб бўлмаслиги содда ва жайдари тилда тушунтириб, тасвирлаб берилди.
Дарҳақиқат, Учинчи Ренессанс каломи бугун лисонимизга кирди, ғуруру ифтихорга даъват мақомига айланди. Бу ҳолат кимларгадир ёқмаётгани ҳам бор гап. Кучи йўқ курак синдиради, деганларидек, ҳайрон қоласан гоҳида. Ёки кучи йўқ отасини йиқитмоқчи бўлади, дейилмишга бир мисолмикан бу? Тўғри-да, хўш, одамзод нима учун баланд чўққиларни кўзламаслиги, интилмаслиги керак. Нима, ўзбекни бошқалардан кам жойи борми? Бобокалонларимизнинг кимлар экани жаҳонга маълум-ку?! Дунё тараққиётига тамал тошларини қўйган ва ҳали-ҳануз Ер юзини ҳайратга солиб келаётган улуғларимиз номини санаб саноғига етиш мумкинми?! Кўкрагида озроққина бўлса ҳамки виждони бор одам яхши билади, бу мақсад кимларгадир мақтаниш ёинки нималарнидир кўз-кўз қилиш учун даъват этилган эмас. Асло! Учинчи Ренессанс фасли тап этиб осмондан тушмаган ёхуд ўйлаб топилмаган, Президент ўз вазифасига киришган кунлардаёқ жамол кўрсатган. Академиклар, зиёлилар билан бўлган учрашувлар... Уларга бўлган эътибор... Жамият тугул, одамларнинг ҳам эсидан чиқиб кетган фан фидойилари — академикларнинг илмий даргоҳларга қайтишлари, уларни моддий-маънавий томондан қўллаб-қувватлашлар... Шу тариқа тирикчилик учун бозорга чиқиб кетган, четга бориб, мардикорлик қилишга мажбур бўлган олимларнинг яна қадрдон даргоҳларида илм билан шуғуллана бошлашлари...
Ўрни бордир-йўқдир, аммо, ёзувчи-шоирлар тақдири билан боғлиқ яна бир аянчли ҳолатни айтмасам, ичим куйиб кетгандай бўлади. Ахир, бор-йўғи 3-4 йил бурун шўринг қурғур адиб тунларни бедор ўтказиб ёзган асарини чиқариш учун эшикма-эшик ҳомий қидириб юрганини унутиб бўларканми? Ўша пайтлардаги бир амалдорнинг ёзғиришларини эсласам, ҳалига довур майиздай эзилиб кетаман. “Бу ёзувчи-шоирлар жонга тегиб кетди-ку! Бири келиб, китобимни чиқариб бер деса, бошқаси келиб, китобимни сотиб бер, деб этагимга ёпишади!” Кўрдик-ку шу кунларниям. Бугун эса шукрлар бўлсинки, адиблар ҳам ўз қадрини топмоқда. Йиғилишда Президентимиз томонидан ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган ёзувчи-шоирларни мактабларга кенг жалб қилиш, мактаб директори жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан уларга ойлик маош тўлаш лозимлиги қайд этилди. Бу ёзувчи учун ҳам, ўқувчи учун ҳам ҳаёт мураккабликларини, инсон руҳиятини ич-ичдан ўрганиш борасида чексиз имкониятдир — ижодкор бўлажак асарларининг қаҳрамонлари билан, ўқувчи эса чин ёзувчи билан ёнма-ён яшайди, бир-биридан ўрганади, бир-бирига ўргатади.
Ўқитувчиларнинг аҳволи ундан-да мушкул, ундан-да аянчли, ундан-да ачинарли эмасмиди?
Президент нафақат мазкур селекторда, балки аввалги мажлисларда ҳам бундай нописандликларни алам билан қайта-қайта эслади. Эслади ва муаллим обрўйини тикламай туриб, мактабни “сиз”ламай туриб, иқтисодий ва маънавий юксакликка эришиш мумкин эмаслигини яна бир бор таъкидлади.
Кўплар Сингапур деган давлат ҳақида эшитган, билади. Жаҳон харитасида хира нуқтадай аранг кўзга ташланувчи ана шу митти мамлакат харитада гиламдай-гиламдай жойларни эгаллаб ётган давлатларга неча йиллардан буён ўзининг ҳайратомуз юксалишлари билан ибрат бўлиб келяпти. Сингапурнинг йўли, нималари биландир бизникига ўхшаб кетаётгандек туюлади менга. Эътибор беринг, Сингапурнинг ўша пайтдаги бош вазири Ли Куан Ю мамлакат етакчилигига келганидан кейин муаллимларнинг обрўйини кўтаришни биринчи вазифа қилиб қўяди. “Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим, — деб ёзади Ли Куан Ю ўз китобида. —Мен фақат ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим. Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурнинг энг юқори мартабасига кўтардим. Давлатдаги “мўъжизаларни” қилган инсонлар муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб чиқардилар”.
Умуман, Сингапур ва Хитой мўъжизаларини дунёга келтирган Ли Куан Ю ва Дэн Сяопин билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат тутумида бир-бирига уйғун томонлар борки, бу ҳамоҳанглик нафақат қалбларга хуш ёқади, балки юракларда ғайрат-шижоат учқунларини чақнатади.
Ҳа, бугун Ўзбекистон деган катта карвон Учинчи Ренессанс дейилмиш муборак манзил томон юзланди. Қийин, оғир, машаққатли, ўйдим-чуқур сўқмоқлар турибди олдинда. Манзилга етмоқ учун 10-15, эҳтимол ундан ҳам кўпроқ йиллар кечаю кундуз тинмай йўл босиш керак бўлар. Не бўлса ҳам ўттиз беш миллионли карвон элсевар, миллатсевар карвонбоши етакчилигида катта йўлга чиқди. Бир ёқадан бош чиқариб деган халқона сўзларни дилга жойлаб ва унга амал қилиб яшайдиган беҳад масъулиятли кунлар келди. Давлатимиз раҳбарининг айтганидек, энди мактаб иши фақат Халқ таълими вазирлиги ёки ўқитувчиларнинг эмас, ҳар бир Ўзбекистон одамининг дарду ташвишига, қувончу қайғусига — умуммиллат юмушига айланмоғи зарур. Шундай қилсак, бу югурик замонда қалбларимизни эзгулик нури мунаввар этади, орзудаги қўрғонга тез, тўрт кўз тугал ва бешикаст етамиз.
Абдусаид КЎЧИМОВ