Шарқ гавҳари деб ном олган Самарқанд шаҳри азалдан илм-маърифат бешиги бўлиб келган. Бу заминдан жаҳон илм-фани тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар, мутафаккирлар етишиб чиққанини дунё илм аҳли бир овоздан эътироф этади. Юртимиз тарихида ўтган икки Ренессанс пайтида бу шаҳарга жаҳоннинг кўплаб давлатларидан одамлар маърифат истаб келгани ҳам тарихий ҳақиқат.
Азим шаҳарнинг ўтмиши ва буюк алломалари, ҳудудда ривожланаётган илм-фан ҳақида фикр юритар эканмиз, бугун юртимиз заминида пойдевори қўйилаётган Учинчи Ренессанснинг юзага келишида ҳам Самарқанд муҳим вазифани ўтайди, дейишга асосимиз бор. Сўнгги беш-олти йилда эълон қилинган таълим тизимини ислоҳ қилишга доир қатор фармон ва қарорлар айнан мана шу қадимий шаҳардаги илм-фан мактабларини тиклаш ва ривожлантиришга қаратилгани мана шундай хулоса чиқаришга изн беради.
Ўзбекистон Республикаси олий тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар самараси ўлароқ, юртимизда таълим тизимини изчил ривожлантириш, ёшларни билимли ва малакали, жаҳон талабига мос мутахассислар этиб тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Олий таълимга қамровни янада кенгайтириш мақсадида пойтахтимиз ва барча вилоятларда қатор олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари ташкил этиляпти. Шу ўринда хорижий етакчи олий таълим муассасалари филиалларининг мамлакатимизда очилаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.
Бугун таълимдаги мана шу ислоҳот ва янгиланишлардан Самарқанд аҳли ҳам баҳраманд бўляпти. Сўнгги беш йилда вилоятдаги олий таълим муассасалари 7 тадан 12 тага етди. Жумладан, Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети Самарқанд филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали, “Ипак йўли” туризм халқаро маданий мерос университети, Самарқанд давлат университети Ўзбекистон — Финляндия педагогика институти, Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг Нарпай ва Пайариқ туманлари факультетлари ташкил қилинди.
Самарқандда мавжуд барча олийгоҳларнинг моддий-техник базасини замон талаблари даражасига етказиш, сифатли кадрлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг етук илмий салоҳиятга эга бўлиши учун барча имконият яратиб берилмоқда. Шу ўринда Самарқанд давлат университетининг Алишер Навоий илмий-амалий музейи, геология ва зоология, тарих музейлари ва ботаника илмий иссиқхонаси, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети зооинженерия факультетининг асаларичилик, балиқчилик ва паррандачилик кафедраси ўқув лабораторияси, ветеринария профилактикаси ва даволаш факультетининг анатомия музейи ҳамда ҳайвонлар сақланадиган виварийси, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг замонавий ўқув бинолари, Самарқанд давлат тиббиёт университетининг барча шарт-шароит, энг замонавий лабораторияларга эга 800 ўринли янги ўқув биноси кабиларни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг бу йил 1 апрелдаги “Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори нафақат вилоят, балки юртимиз миқёсида тиббиёт ходимларини тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди. Унга биноан, Самарқанд давлат тиббиёт институти мамлакатимиздаги тиббиёт соҳаси бўйича биринчи тиббиёт университетига айлантирилди. 90 йиллик шарафли тарихга эга бўлган ўқув муассасамиз ўтган давр мобайнида 40 мингдан ортиқ шифокор, илмий ходим, фан арбоблари, академиклар, жамоат ва давлат арбобларини тайёрлаган.
Мазкур меъёрий ҳужжат юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, унинг институционал, ўқув-педагогик салоҳиятини кучайтириш, ўқув жараёнини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, реабилитология ва спорт тиббиёти соҳасидаги долзарб муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш ҳамда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Ушбу тарихий қарор билан Самарқанд вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилди. Тиббий таълим соҳасида университет лицейи, тиббиёт коллежи ва техникумларини ўз ичига олган таълим кластерларининг пайдо бўлиши келгусида соҳанинг ўрта бўғини учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш билан бирга, олий тиббий маскан учун иқтидорли ёшларни танлаш имконини ҳам яратади.
Университетнинг ўқув жараёни келгусида мазкур техникум ва коллежлардаги таълим ва амалиётга интеграция қилиниб, улардаги ўқитиш, кадрлар тайёрлаш сифатини юқори босқичга кўтаришга ёрдам беради. Олийгоҳимиз ушбу муассасалардаги таълим самарадорлиги учун бевосита масъул бўлиб, уларнинг зарур моддий-техник, ўқув-методик базасини шакллантиради, ўқув жараёнига тажрибали мутахассисларни жалб этади. Техникум ва коллежларда фаолият юритаётган ўқитувчиларга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашади. Университет клиникалари ўрта махсус таълим муассасалари учун клиник база бўлиб хизмат қилади. Кафедралари ўз йўналишида техникум ва коллежларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини киритади, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билимини баҳолаб боради.
Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедраларини вилоятдаги туман (шаҳар)ларга бириктириш орқали ҳудуд аҳолиси учун тиббий хизмат кўрсатиш имконияти янада кенгаяди. Талабаларнинг ўқиш жараёнини амалиёт билан уйғун олиб бориши баробарида, тиббиётнинг бирламчи тизимида даволаш ва диагностика, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга хизмат қилади.
Олийгоҳимизнинг университетга айлантирилиши шиддат билан ривожланаётган жамиятимизда келгусида халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кучли тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, битириб чиқаётган ёш мутахассисларни муносиб иш билан таъминлаш масаласида ҳам тиббиёт муассасалари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини яратади.
Бугун юртимиз олий таълим муассасаларида хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетлари ҳамкорлигида янги йўналишлар, қўшма факультетлар очилмоқда. Жумладан, университетимизда ҳозир Россия Федерациясининг Приволжск тадқиқот тиббиёт университети, И.Ульянов номидаги Чуваш давлат университети, Саратов давлат тиббиёт институти, Украинанинг Горбаческий номидаги Тернополь миллий тиббиёт университети, Польшанинг National Louis University олий бизнес мактаби билан қўшма ўқитиш дастурлари асосида халқаро таълим факультетида 260 дан зиёд талаба таҳсил олмоқда.
Мазкур бакалавриат таълим дастурлари билан бир қаторда, университетимизда Я.Горбаческий номидаги Тернополь миллий тиббиёт университети билан олий ҳамширалик иши, Польшанинг National Louis University олий бизнес мактаби билан соғлиқни сақлаш менежменти ҳамда Беларусь давлат тиббиёт университети билан қатор клиник мутахассисликлар бўйича қўшма магистратура ва клиник ординатура таълим дастурлари йўлга қўйилди. 2021 йилдан бошлаб Европа Иттифоқининг “ERASMUS+” академик дастури доирасида умумий қиймати 2 миллион еврони ташкил этувчи иккита халқаро академик грант лойиҳаси, шунингдек, АҚШнинг “Smile Train” амалий гранти ҳисобидан стоматология ва юзжағ жарроҳлиги соҳасида илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг асосий мақсади университетдаги таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда бажарилаётган илмий ишларнинг халқаро даражада эътирофига эришишдан иборат.
Президентимиз қарори билан институтнинг университетга айлантирилгани бугун ёш авлод камолотига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг, мамлакатимиз тиббий таълимига юксак ишончнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу эътибор туфайли ўқув муассасаси нафақат юртимиз, балки дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун катта синов бўсағасида турибди. Ўйлаймизки, ушбу шарафли ва ўта масъулиятли синовдан университетимиз жамоаси ўз меҳнати ва илмий-педагогик салоҳиятини қўллаб, ёруғ юз билан ўта олади.