“Ўзагроинспекция” фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан доимий равишда мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Шу мақсадда, Инспекциянинг Каттақўрғон тумани бўлими томонидан 2021 йил ҳосили учун режалаштирилган экин турлари экилиши юзасидан мониторинг тадбирлари ташкил этилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида, туманнинг “Бўстон” муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган “Эштурдиев Шербек даласи” фермер хўжалиги томонидан 2021 йил пахта хосили учун мўлжалланган 6,3 га ер майдонига ноқонуний равишда тамаки экини экилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, Каттақўрғон тумани ҳокимининг 2021 йил 13 мартдаги 230-сонли қарорига асосан “Эштурдиев Шербек даласи” фермер хўжалиги томонидан 42 гектар ер майдонида пахта, 33 гектар ерда ғалла, 8 гектар мойли экинлар, 7 гектарда сабзавот ва 2,5 гектар ер майдонида картошка экиш режалаштирилди.
Аммо, фермер хўжалиги раҳбари ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармасдан, мойли экинлар экилиши режалаштирилган ер майдонининг 6,3 гектарида ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан тамаки, 1,5 гектар ер майдонида маккажўхори экинларини экиб, парваришлаётгани аниқланди, дея маълумот беради Инспекциянинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Нурали Намазов.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида кўриб чиқилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан “Эштурдиев Шербек даласи” фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-моддаси 1-қисми билан маъмурий жазо чораси белгиланди.