Каттақурғон шаҳар маданият ва истироҳат боғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг каттақўрғонлик ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Меҳриддин Абдуллаев мамлакатимизда ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳаётда ўз ўринларини топишларида кўмаклашиш асосий вазифалардан эканлиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, соҳада бугун жуда кўплаб ёшлар фаолият олиб бораётганлиги, кейинги йилларда соҳага қизиқадиган ёшлар сонининг ошганлиги ва доим мана шундай ташаббускор, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ислоҳотлар, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида гапирар экан, каттақўрғонлик ёшлар ўз билими ва ташаббуслари билан кўплаб ютуқларни қўлга киритаётганлигига аҳамият қаратди.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан таклифлар, мурожаатлар келиб тушди. Ёшларни турли сайёҳатлар, учрашувларга боришлари учун автобусга эҳтиёж борлиги юзасидан қилинган мурожаати ижобий ҳал этилди. Яъни, масъуллар томонидан каттақўрғонлик ёшларга автобус олиб берилиши ваъда қилинди.
Тадбир давомида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан илм-фан, санъат, спорт, маданият соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган, шунингдек “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандларига тикув машиналари, пишириқ печлари ва бошқа турдаги совғалар топширилди.
Учрашувда ёш мусаввирлар, ёш ошпазлар танловлари ғолиблари аниқланди ва улар қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди, дея хабар беради Ҳилола Эргашева.
— “Ёшлар ойлиги” муносабати билан жуда кўплаб тадбирлар, танловлар, учрашувларда иштирок этдик. Учрашув жуда самимий тарзда бўлди. Бугун бизни фикрларимиз, таклифларимиз инобатга олинди. Келгусида ўз билимимиз, ташаббусларимиз билан шаҳримиз, Ватанимиз ривожига ҳисса қўшамиз, — дейди тадбир иштирокчиларидан Дурдона Рўзимуродова.