Маърифатпарвар ҳамюртимиз Исҳоқхон тўра Ибрат ёзиб қолдирган маълумотларга қараганда, у Даштиқипчоқ хони Аҳмадхон тарафидан барпо этилиб, Қалъаихон номи билан довруқ қозoнган. Қисқаси, Қирқолачуқ, Олачуқ ва Архиён топонимлари билан донг таратган Тўрақўрғон XV асрдан буён мавжуд. Шимолда Косонсой, ғарбда Чуст, жанубда Мингбулоқ, шарқда Наманган тумани ҳамда қисман Наманган шаҳри билан чeгарадош. Тўрақўрғон яқин-яқингача ихтисослашуви фақат аграр туман саналарди. Бугун эса тадбиркорлик, ҳунармандлик, ободлик, спорт, маданият, таълим ривожланган ҳудудга айланган.

Туманда 67 та маҳаллада 242,2 минг аҳоли истиқомат қилади. Тожик, қирғиз, рус, қорақалпоқ, татар миллати вакиллари ўзбеклар билан ҳамжиҳат яшамоқда. 62 та умумтаълим мактаби бор. 43 та давлат ва 250 дан ортиқ оилавий мактабгача таълим ташкилотида боғча ёшидаги фарзандларнинг 86 фоизи қамраб олинган, 38 та давлат ва хусусий шифохона фаолият юритмоқда.

— Эътироф этиш жоизки, туманимиз маркази Президентимизнинг 2016 йил 2 ноябрдаги вилоят сайловчилари билан учрашувларидан сўнг таниб бўлмас даражада ўзгарди, — дейди Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуров. — Ўшанда Юртбошимиз Исҳоқхон тўра Ибрат ҳақида алоҳида тўхталиб, у кишига атаб муҳташам боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва ижод мактаби ташкил қилиш юзасидан билдирган таклифлари асосида 2,2 гектар ер майдонда қиймати 13 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига лойиҳалар кўнгилдагидек бажарилди. Файзли мажмуа барпо этилди ва эндиликда туманга ташриф буюрувчилар учун муқаддас қадамжодир. Ўтган йили Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ҳам фаолият бошлади.

Тўрақўрғон Асириддин Ахсикатий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мулла Шамси Шавқий, Ҳайрат Тўрақўрғоний, Исҳоқхон Ибрат сингари буюк алломаларга бешик бўлган, икки нафар Ўзбекистон Қаҳрамони етишиб чиққан, кураги ерга тегмаган Тўйчи полвон, чавандоз Карим полвон, футбол бўйича ёшлар ўртасида машҳур, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Умарали Раҳмоналиевлар диёри. “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” танловининг мамлакат босқичида туманнинг “Шоҳидон” маҳалласи ёшлар етакчиси Муҳаммадюсуф Холматов номзоди 3-ўринга муносиб баҳолангани ифтихор бағишлайди. У 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланиб қайтди.

Туман ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари охирги йилларда ижобий натижаларга бой. Хусусан, 2022 йил якуни билан қатор соҳаларда ўсиш суръатлари кузатилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 117,8 фоизга (3 247 млрд. сўм), қишлоқ хўжалиги 104,7 фоизга (2 412 млрд. сўм), пудрат ишлари 113,5 фоиз (364 млрд. сўм), чакана савдо айланмаси 111,5 фоиз (1 260 млрд. сўм) ва хизматлар ҳажми 114,7 фоизни (960,2 млрд. сўм), маҳаллий бюджет даромадлари 141,6 млрд. сўм миқдоридаги режа 161,2 млрд. сўм ёки 113,9 фоизга, маҳаллий бюджетнинг 79,8 млрд. сўмлик режаси 94,6 млрд. сўм ёки 118 фоизга ёки 14,9 млрд. сўмга орттириб уддаланди.

Пировардида туман маҳаллий бюджети харажатлари доимо қатъий назоратда. Иқтисодий муваффақиятнинг устувор омили – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш эканига жиддий аҳамият қаратилмоқда. Туман сектор раҳбарлари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли мурожаатларини, муаммоларни атрофлича ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

- Оилавий шароитим оғир, анча йиллар бир хонали, эски уйда яшадим, - дейди “Исвахон” маҳалласи фуқароси Юлдузхон Зокирова. – Яқинда мутасаддилар менга ҳамма қулайликларга эга тўрт хонали уй қуриб беришди. Октябрь ойида ҳовли тўйи қилмоқчиман. Биз каби имконияти чекланганларга ғамхўр Президентимиздан ва қуйи тизимдаги масъуллардан миннатдормиз.

Туманда янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил қилиш ҳамда уларга ғояларни шакллантириш, бизнес-режалар тузиш ва тижоратлаштириш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш қизғин жараёнда. Жорий йилда 450 та тадбиркорлик субъекти очилиб, улар сони 2 минг 577 тага етди. Шунингдек, ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1 126,4 млрд. сўмлик 85 та лойиҳа ижроси билан 1 минг 430 та иш ўрни кўзда тутилган.

— Қандай ютуқларга эришаётган бўлсак, эътибор, имтиёз ва ишонч туфайли, — дейди “Рунамтекс” МЧЖ директори, “Шуҳрат” медали соҳиби, тадбиркор Маҳфуза Гюмюш. - Фаолиятимизга уч йилдан ошди, 400 нафар хотин-қизни иш билан таъминладик. “Ёшлар” кичик саноат зонасидаги янги биномиз эса “Оқтош” маҳалласи кўркига кўрк қўшди. Корхонамиз майдони бир гектар. Йилига 1 млн. 200 минг тонна, 10 млн. долларлик қийматдаги трикотаж маҳсулотларини Россияга экспорт қиляпмиз. Яна “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига мувофиқ, 700 та иш ўринли мономарказ ташкил этамиз.

Туманда 22 гектар ер майдонни олтита кичик саноат зонаси эгаллаган. Мазкур саноат зоналарида қиймати 253,2 млрд. сўмлик 39 та лойиҳа жойлаштирилади. Бу 2 минг 593 нафар киши меҳнат билан банд бўлади, дегани. Мисол учун, “Ёшлар” КСЗда 64 млрд. 150 млн. сўмлик 12 та лойиҳада 1 минг 275 та иш ўрни пайдо бўлади. Йиллик ишлаб чиқариш миқдори 17 млрд. 740 млн. сўмлик маҳсулотлар ҳисобига йиллик бюджетга 750  млн. сўм солиқ тушиши кутилмоқда. Ҳозирда 119,7 млрд. сўмлик 29 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 846 та янги иш ўрни яратилган.

Тўрақўрғонда азалдан мева ва узум маҳсулотлари етиштириш ривожланган ва йилига 56 минг 425 тонна маҳсулот тайёрланади. Солиштириш ва таққослаш учун: экспортга жўнатиш 2010-2016 йилларда ўртача 14,2 млн. долларни ташкил этган бўлса, охирги етти йилда 7,2 баробарга, яъни 89,2 млн. долларга етди. 2023 йилда белгиланган прогноз 158,5 млн. доллар, шундан саноат йўналишида 139,5 млн. доллар ва мева-сабзавот йўналишида 18,9 млн. доллар маҳсулотлар экспортга режалаштирилган. Ўтган саккиз ой ичида 80,3 млн. доллар, шундан 59,7 млн. доллар саноат маҳсулотлари ва 20,6 млн. доллар мева-сабзавот экспорт қилинди. Ушбу рақам ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 1,2 фоизга ёки 14,6 млн. доллардан ошди.

Аҳоли даромади деҳқончилик, гилосчилик, асаларичилик, иссиқхоначилик ва узумчиликдан. Айтиш мумкинки, тўрақўрғонликлар гилосчиликда ўзига хос маҳоратга эга. Вилоятда йилига 10,1 минг тонна гилос экспорт қилинаётган бўлса, шундан 52,4 фоизи Тўрақўрғон тумани ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили туманда 8,1 минг тонна гилос етиштирилиб, 5,3 минг тоннаси (7,2 млн. долларлик) экспортга юборилади.

Айниқса, етти гектар ер майдонда “Gold fresh fruits” масъулияти чекланган жамияти қиймати 13,9 млн. долларлик агрологистика маркази ташкил этяпти, самарадорлик кескин ошади. Негаки, марказда мева-сабзавот бозори, гилос маҳсулотларини саралаш, (гидрокуллер), мева-сабзавотни қуритиш, меҳмонхона хизмати ва пластмасса яшиклар ишлаб чиқарилади. Объектда 65 фоиз ишлар битган. Илк босқичида 40 та иш ўрни юзага келди. Корхона томонидан 2024 йилдан 10 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга йўналтирилиб, йилига қўшимча 15 млн. долларлик мева-сабзавот экспорти амалга оширилади.

Тўрақўрғон узумчиликда ҳам энг илғор туманлардан бири. Бугунги кунда туманда жами экин ер майдони 10 минг 51 гектар, шундан 586,6 гектари узумчилик хўжаликларидир, йиллик 25,9 минг тонна, шундан хонадонларда 13,5 минг тонна узум маҳсулотлари етиштирилади. Масалан, “Хўжанд” маҳалласи аҳолиси сони 590 та хонадонда 3 минг 25 нафар. Маҳалла “драйвери” (ўсиш нуқтаси) узумчилик. Олтиариқ тажрибасига таяниб, “Узумзор” кўчаси намуна тарзида 56 та хонадонининг кўча қисмига сўритоклар тикланди.

Биргина шу маҳалланинг ўзида юқори навли “Келин бармоқ”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни”, “Чилиги” навли 104 тонна узум етиштирилиб, биринчи навбатда ички бозорга, қўшни ва хорижий давлатларга сотилмоқда. Маҳалладаги уста боғбон Комилжон Юсупов узумчилик ва боғдорчиликда кўчат етиштириш курсини йўлга қўйиб, 55 нафар ишсиз йигит-қизга касб сирларини ўргатмоқда. Қолаверса, узумчиликни янада кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 3 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида дала чети майдонларидан унумли фойдаланишга оид топшириқларига биноан, тумандаги 90 та пахта-ғалла ва бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларининг 1 минг 81 гектар карта қирғоқларига 1,3 минг дона узум кўчати экилди. Улар бир-икки йилда мевага киради.

Туман аҳоли истеъмоли учун етакчи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2016-2023 йиллар давомида 2,5 бараварга кўтарилди. Авваллари зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари меъёр талабларига кўра етишмаслиги ва бозорларда нарх-наво барқарорлиги учун айрим маҳсулотларни қўшни вилоят ва туманлардан олиб келинар, ҳатто уларни жамғариш масаласи кўндаланг эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатли ижара ер майдонлари ажратиш рўзғорга керакли егуликларни далада етиштириши кафолатланди, шахсий молиявий аҳволи ҳам ўнгланди.

— Кейинги уч йилда Тўрақўрғонда 17 та мактаб, 14 та мактабгача таълим муассасаси, еттита қишлоқ врачлик ва оилавий шифохона пункти, битта марказий шифохона жорий ва мукаммал таъмирланди, битта янги 330 ўринли мактаб қурилди, — дея фахрланади туман ҳокими ўринбосари Акмалжон Тўраев. — Бундан ташқари, узоқ йиллар қаровсиз ётган “Ёшлар ва маънавият маскани” ва Кадастрлар палатаси Тўрақўрғон туман бўлими янги бинода хизмат кўрсатмоқда. 27 та МФЙ учун махсус маъмурий иншоот қад ростлади. Аҳолига 15 та 512 хонадондан иборат кўп қаватли турар-жой топширилди.

13 та ичимлик сув қудуғи қазиб сув чиқарилди ва 570 километрга тармоқ тортилди. 2021 йилгача туман одамларининг ярмигина тоза ичимлик суви билан баҳраманд эди, холос. 2023 йилнинг сентябрь ойига қадар 83 фоизга етказилди. 92 км. ички йўллар асфальтланди, 215 км. ички йўл шағаллаштирилди, 25 км. умумфойдаланувдаги автомобиль йўллар таъмирланди. Буларнинг барчаси Президентимизнинг халқимиз ҳаётини яхшилаш, бугунги турмушидан рози бўлиб яшаши учун қайғураётгани, оқилона сиёсати сабаблидир.

— Тўрақўрғон қадим ва табаррук макон, унда ички ва ташқи туризм салоҳиятини кучайтириш омиллари талайгина. Очиқ осмон остидаги Ахсикент музейининг ўзига қанча сайёҳларни жалб қилса бўлади, — дейди биз билан суҳбатда туман ҳокимлиги нашри – “Давр” газетаси муҳаррири Зоҳидахон Кенжаева. — Сирдарё соҳилларида дам олиш масканларига талаб ва таклиф баланд. Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси, Хўжакалон Абдулмоний зиёратгоҳи унча-мунча тарихий шаҳарлардаги муборак манзиллардан сира қолишмайди.

“Шаҳанд” сиҳатгоҳининг довруғи бошқа вилоятлардан то қўшни республикаларгача тарқалган. Маъмурият ҳордиқ чиқариш ва саломатликни мустаҳкамлаш учун янги даволаш муолажалари тўғрисида астойдил изланмоқда. Дарвоқе, тўрақўрғонликлар моҳир чавандоз ва улоқчилар сифатида машҳур. “Денгиз тулпори” мажмуасида улоқ-кўпкари мусобақаларини мунтазам уюштириш, чавандозлар мактабини очиш, от спорти ёрдамида тузатиш – иппотерапияни қўллаш жуда манфаатли. Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Тўхтагул тумани билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Ҳа, Тўрақўрғон тупроғини танитиш орқали туман иқтисодиёти юксалишига ҳам салмоқли ҳисса қўшилади. Дарҳақиқат, тинимсиз саъй-ҳаракатлар замирида эса ана шу эзгу ният мужассамдир, албатта. Зеро, жадид Ибрат домла “Мезон уз-замон” рисоласида битганидек, “Асримиз илму ҳунар, ҳаракат асридур...”.     

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мазкур таҳлилий мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 4 октябрь, 203-сонида “Ҳудудлар ҳаёти” рукнида “АСРИМИЗ ИЛМУ ҲУНАР, ҲАРАКАТ АСРИДУР” сарлавҳаси билан чоп этилган.