Қайси сайлов участкасига бормайлик, отахон ва онахонларимизнинг  ортида турган минглаб ёшларни кўрдик. Улуғларнинг дуоси билан бошланган сайлов жараёнида иштирок этиш катта байрамга айланиб кетди.

Сайловга тайёргарлик жараёнида фахрийларимиз барча маҳаллалар, ташкилотлар, ўқув юртлари, фермер хўжаликлари, саноат корхоналари,  маданият саройларида, спорт майдонларида маърузалар қилишди, давра суҳбатлари ўтказди. Улар ёшларга ушбу сайловнинг аҳамиятини  тушунтириб бердилар.

“Ҳар биримизнинг овозимиз муҳим аҳамият касб этади”

— Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён бўлган Ўзбекистон Президенти сайловида кекса авлод вакиллари фаоллик билан овоз берди, – дейди Ўзбекистон фахрийиларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев. – Мен ҳам пойтахтимизнинг  Шайхонтоҳур туманидаги “Камолон Дарвоза” маҳалласида жойлашган 386-сайлов участкасида оила аъзоларим билан қатнашиб, муносиб номзодга овоз бердим. Зеро, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, кесалар эъзози-ю, ёшларнинг истиқболли келажаги йўлида ҳар биримизнинг берган овозимиз муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, жаннатмонанд юртимизнинг барча ҳудудларида байрамона кайфиятда ўтган овоз бериш жараёнида нуронийлар фаол  қатнашиб, элимизнинг фароғатли, осуда ҳаёти, диёримиз ободлиги учун дуолар қилдилар.

Ўз конститутцион ҳуқуқларидан фойдаланиб овоз берган кексаларимизнинг юзларидаги мамнуният ва шукроналик ҳисси ёшларга ибрат бўлди. Шунингдек, сайловга кела олмайдиган отахон ва онахонларнинг уйларига сайлов участкалари вакиллари ташриф буюриб, уларнинг сайловда қатнашишига барча шарт-шроитларни яратгани  нуронийларимизни  янада мамнун этди.

Биз эса  мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларида сайловолди ва сайлов жараёнида қатнашиб ёши улуғ, пири-бадавлатларимизнинг   дил изҳорларини, эзгу ният ва мақсадларини қоғозга туширишга муваффақ бўлдик.

Юз билан  юзлашганлар

Наманган вилояти, Учқўрғон туманидаги “Баҳриобод” маҳалласида жойлашган сайлов участкасида бўлиб,  ўз номзодига овоз бериш учун  келган икки дугона: 101 ёшли Мукаррам ая Абдураҳмонова ва 100 ёшли Донохон  момонинг суҳбати нафақат бизга, балки ўша ерда йиғилган барчага бирдай  манзур бўлди.

— Ёшлигимизда не-не қийинчиликларни кўрганмиз. Эҳ-ҳе, бир бурда нонга зор  эдик. Энди эса, Аллоҳга минг  шукур, ҳамма нарса бадастир. Шунинг учун ҳар бир кунга шукрона келтириб яшашимиз керак. Ҳозир пенсияларимизни ҳам ўз вақтида уйимизга келтириб беришади. Ойлаб почтачини кутиб сарғайишлар энди  йўқ. Ҳар ҳафта туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари келиб, ҳолимиздан хабар олади. Ҳамширалар эса соғлиғимизни текшириб дармон дорилар бериб туради. Ҳаттоки, Наманганимизда ўтган гуллар байрамига биз икки дугонани олиб боришди. Биласизми, дунёга келиб бундай гўзалликни биринчи бор кўришимиз. Умримиз давомида бирон марта гуллар байрамига ҳам бормаган эканмиз. Биз кексаларни  эъзозлаганларнинг бирларига минг берсин. Ўзбекистонимизга кўз тегмасин илоҳим, – дейди Донохон момо.

— Эрта тонгдан сайлов участкасининг очилишини кутиб ўтирдик ва  биринчилардан бўлиб Президентликка номзод учун овоз бердик. Биз бахтли момолармиз, шундай тўкис шароитларда яшаяпмиз. Аллоҳга шукур.  Илоҳим юртимиз тинчлигига, тўкинлигига кўз тегмасин, — дея суҳбатимизга  қўшилди  Мукаррам момо.

128 ёшли Ҳувайдо  момонинг 60 дан  зиёд чевараси бор

128  ёшли Ҳувайдо момо Умарова Бувайда туманидаги Қорақум қишлоғида истиқомат қилади. Жорий йилнинг 9 июль куни онахоннинг ҳовлисига сайлов участкаси  комиссия аъзолари билан бирга маҳалладошлари, 7 нафар фарзанди, 32 нафар невара, 78 нафар эвара ва 60 дан зиёд чеваралари  даврасида бизлар ҳам кутилмаганда кириб бордик.

Ҳовли бир лаҳзада шодон кулгулар ва болажонларнинг қий-чувига тўлиб кетди. Момонинг юртга тинчлик, элга фаровонлик, дастурхоналаримизга ризқу барака, барча-барчага омад ва тану-соғлик тилаб қилган дуоларидан кейин йиғилганларнинг давомли қарсаклари остида  Ҳувайдо момо сайловда овоз берди.

–  Невараларимнинг исми ёдимдан чиқади, эвараларимнинг исми ёдимдан чиқади, аммо кимга овоз бераётган бўлсам, унинг исмини ёддан чиқармайман,  – дейди Ҳувайдо момо.

Ҳа, кексалар дуоси ҳамиша ижобатдир. Биз нафақат Ўзбекистоннинг, балки Ер шарининг энг узоқ умр кўрувчиларидан бири бўлган Ҳувайдо момо Умарованинг дуолари ижобат бўлишига албатта  ишонамиз. 

“Тинчлик сўзининг  қадрини биз, уруш кўрганлардан сўранг”

Қашқадарёдаги 89-сайлов участкасига кириб келган 103 ёшли отахон Тош бобо Шамсиевнинг сайлов участкасига келиб овоз бериши барчага ўрнак бўлди. Қизиғи ва ҳайратланарлиси шундаки, бобо комиссия аъзоларининг “Уйингизга овоз бериш қутисини олиб борайлик”, деганларига рад жавобини берибди.

“Мен  ўзим танлаган Президентимга сайлов участкасига бориб овоз беришга ҳали яна неча йил куч топаман”,  дейди не-не полвонлар курагини ерга теккизган Тош бобо.

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 103 ёшли  Файзулло ота Нурматов ҳам  ўзи танлаган номзодига уйида овоз берди.

– 3 йил олдин 100 ёшга кирганим учун давлатимиз томонидан менга    “Шуҳрат” медали берилди. Ҳар йили 9 майда пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар оламан. Мана бу йил ҳам 18 миллион пул ва яна бир қанча совғаларни олдим, – дейди Файзулло  Нурматов. – “Тинчлик” сўзининг  қадрини биз, уруш кўрганлардан, ёнидаги шериклари душман ўқларидан парчаланиб кетганлардан  сўранг. Қаҳатчилик нималигини, бир бурда қора нонга зор бўлганлар, йўқчиликда кунжара еб шишиб нобуд бўлганлар-у ҳали тўй кўрмай, чимилдиқ кўрмай шаҳид кетганларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Мен Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, ёшларимизнинг бахту саодати, биз, нуронийларнинг шукронага тўла ҳаёти учун  жавоб  бера оладиган  номзодга  овозимни бердим.

“Сайловда овоз бердим, тинчлик учун, бахт учун”

Андижоннинг Асака тумани Қайрағоч қишлоғидан сайлов участкасига келиб овоз берган нуроний, нафақадаги ижодкор  ўқитуви 90 ёшли Олимжон Раҳимовнинг овоз бериш жараёнидан сўнг сайлов ҳақидаги шеъри барча нуронийларнинг қалб истаги бўлиб янгради:

Сайловда овоз бердим,

Тинчлик учун, бахт учун.

Юртда роҳат, фароғат

Яхши ҳаёт нақд учун.

Сайловда овоз бердим,

Хушнуд чоғлари учун.

Янги Ўзбекистоннинг,

Янги боғлари учун.

Юртимизда ҳамиша катта тўйлар, улкан қурилишлар, чигит экишу барака уруғини сочишдек хайрли ишлар олдидан нуронийларнинг дуолари олинади. Республикамизда Президентликка сайлов жараёни ҳам донишманд кексаларимизнинг оқ фотиҳалари ва фаоллиги билан ўтгани эзгу фикримизнинг ифодаси бўлди.

Зулфия МЎМИНОВА,

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими