Фикр тарбияси
Мана салкам беш йилдирки, мамлакатимиз улкан ислоҳотлар ичида яшамоқда. Бу ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган, унинг натижаларини, самараларини биз ҳар куни, ҳар дақиқа ўз ҳаётимиз мисолида сезиб турибмиз.
Айни пайтда бу ўзгариш ва юксалишларни хорижликлар ҳам эътироф этаётгани бор гап. Бу бежиз эмас. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда туб бурилиш юз берганига қўшни давлатлар, халқаро ҳамжамият гувоҳ.
Машойихлар “Одам ўзгармагунча, олам ўзгармайди” дейишади. Юртимиздаги жамики ўзгаришлар бизнинг тафаккуримиз ўзгарганидан, ўзгаришга юз тутганидан дарак беради. Тафаккур ўзгаришига, аввало, адабиёт, санъат, илм-фан туртки беради. Айни шу сабаб ҳам ислоҳотлар ибтидосида мамлакатимизда илм-фан, адабиёт ва санъат, маънавиятга бўлган эътибор мужассам.
Шавкат Миромонович Мирзиёев Президент бўлиб сайланган дастлабки кунларида илм аҳли — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари билан учрашди. Бу учрашув орқали мамлакатимиз раҳбари бошқарув сиёсати ўзгарганини, бундан кейин мамлакатнинг устувор йўналиши фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигига асосланишини, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Бу тарихий учрашувдан сўнг кўп нарса ўзгарди. Айтиш мумкинки, тарқоқ ва пароканда ҳолга келиб қолган Фанлар академияси янги бир тузилма сифатида ҳаётда яна ўз ўрнини топди. Бошқача айтганда, мамлакатимиз раҳбари илм аҳли билан учрашувда жамият тараққиётининг кейинги тақдирига алоқадор асосий йўналишларни белгилаб берди, Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, янгича қараш, янгича тафаккур, бундан кейинги тараққиёт илм-фан, маданият ва санъат, таълим тизими, боболаримиз тилида айтганда, маънавият билан чамбарчас боғлиқ эканлигига урғу берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан учрашуви ҳам иштирокчилар учун бир умр эсда қоларлик бўлди. Очиғи, ўшанда Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий мажмуасининг қайта қурилиши, ижодкорларга уй ажратилиши, Ёзувчилар уюшмасига янги бино қурилиши ҳақида гапирганда кўпчилик ишонқирамаган, мажлисда айтиладиган, одатий гап-да, дея талқин қилганлар ҳам йўқ эмасди. Орадан кўп ўтмай, ишониш ҳам қийин бўлган, давлатимиз раҳбари нутқида тилга олинган барча масалалар ҳаётда ўз аксини топди. Ижодкорлар уйли бўлди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига янги бино қуриб берилди. Адиблар хиёбони гўзал ва бетакрор бир масканга, очиқ осмон остидаги музейга айланди. Нафақат Ислом цивилизация маркази, балки яна кўплаб маданий масканлар, музейлар, ижод мактаблари қад ростлади.
Бунинг бари мамлакатимизда янги бир маънавий муҳит шаклланиб келаётганидан дарак берарди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ижодкорлардан эътиборни янада муҳимроқ — ёшлар тарбияси, инсон камолоти билан боғлиқ бўлган одоб-ахлоқ, таълим-тарбия масалаларига қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари ижодкор зиёлиларнинг заҳматли меҳнатларига “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз”, дея энг муносиб баҳо берди. Айни пайтда энг хатарли муаммолардан бири бўлган оммавий маданият таъсири борасидаги хавотирларини ҳам баён қилиб ўтди: “Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан — Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий... Энг ёмони, бадиий ижод соҳасида жаҳолат кўринишлари кучайиб бормоқда”.
Зеро, кенг ўқувчилар оммасига мўлжаллаб ёзилган, бир ўқишдаёқ ҳамма сиру асрори ойдинлашадиган, ўқувчини қийнамайдиган турли қизиқарли воқеалару олди-қочдиларга бой китоб намунаси билан ҳамма ҳам қийналмай ўқий олавермайдиган, мағзини чақавермайдиган, лекин дидни, савияни, фикрни ва инсон ҳақидаги билимни янгилайдиган асар намуналарига бир хил ёндашиб, бир хил мезонда баҳолаб бўлмайди.
Фақат бизда эмас, жаҳон адабиёти тажрибасида ҳам шундай. Дейлик ХХ аср жаҳон бадиий тафаккури чўққилари бўлмиш америкалик адиб Уильям Фолкнерни барча америкаликлар, Альбер Камюни эса барча французлар ўқийвермайди ва ўқий олмайди ҳам. Улар ўз ватанида оммавий ёзувчи саналмайди. Бироқ биринчиси Америка, иккинчиси Франция маданияти ва бадиий тафаккурининг фахри саналади. Шундай экан, оммавийлик бадиийлик мезони эмас ва менимча, оммавийлик маълум маънода бадииятдан четлашиш, мавжуд дидга бўйсуниш ҳамдир. Бадиият эса диднинг бетиним ўсишига хизмат қилади, уни доимо ҳаракатга, ўсишга, изланишга чорлайди. Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов каби адиб ва шоирларимизнинг асарлари худди ана шундай юксак бадиият намунасидир. Инчунин, чинакам бадиий янгиланиш, бадиий инқилоб инсонга янгича қарашдан, унинг қалбига, ҳасратига, мусибатига, нафрат ва муҳаббатига, унинг оғриғига чинакам яқинлашишдан бошланади. Инсоннинг қалбини кашф қилмасдан туриб, адабиётда янгилик яратиш мумкин эмас.
Адабиётнинг бош мавзуси — инсон. Унга бориладиган, яқинлашадиган йўл эса услуб саналади. Услуб, Фолкнер сўзи билан айтганда, ёзувчининг ўзи. Ёзувчи ўзгармас экан, услуб ҳам ўзгармайди. Шаклланмаган услуб — шаклланмаган шахснинг ифода тарзидир.
Бизда узоқ йиллар ёзувчи шахси ҳақида, шахс ва истеъдод яхлитлиги ҳақида лом-мим дейилмади. Ваҳоланки, чала жамият чала шахсни, чала шахс чала истеъдодни, чала истеъдод чала адабиётни пайдо қилади. Чала адабиёт ўз навбатида чала дидни, чала маънавиятни юзага келтиришга хизмат қилади. Жамиятнинг эстетик диди — бу давлат ҳудуди каби қаттиқ муҳофаза қилиниши ва муттасил ўстириб борилиши лозим бўлган маънавий мулкдир. Кейинчалик мамлакатимиз раҳбари оммавий маданият балосидан яна бир бор огоҳлантириб, ундан сақланиш учун фикр тарбияси лозимлигини, тарихга, миллий қадриятларга янгича ёндашув зарурати мавжудлигини урғулади:
“Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда, унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”. Зеро, тарихий тафаккур миллатнинг маънавий қуввати, миллий ўзлигининг сарчашмасидир. Миллат қачон ўзлигига қайтса, ана шу сарчашмани ўзиники қилолса, у буюк ишларни амалга оширадиган миллатга айланади. Миллий ўзлик — бу миллий уйғонишнинг асосидир.
Тамаддун пойдевори
Халқимизнинг энг катта бойлиги нима, деган саволга, албатта, турлича жавоб бериш мумкин. Кимдир мамлакатимизнинг ер ости ва ер усти табиий бойликларини санар, кимдир мамлакатимиз қулай бир географик муҳитда жойлашганини, азалдан тамаддунлар ўлкаси бўлиб келганини айтиб ўтар. Булар бари ҳақиқат. Бироқ Президентимиз ўз нутқида қайд этганидек, энг катта бойлигимиз, бу — бизнинг халқимиз, миллий қадриятларимиз, она тилимиз. Шунинг учун “Давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
Ер юзида халқлар кўп, бироқ ўз давлати ва она тилига эга бўлган, уни бугунги кунгача асраб-авайлаб келаётган, янги юз йиллик остонасида давлат тили дея эъзозлаб келиш бахти ҳаммага ҳам насиб этган эмас. Шу ўринда ўз-ўзидан бир савол туғилади. Тил ва тамаддун, тил, миллий қадриятлар ҳамда давлатчилик бир-бирига қанчалик боғлиқ?
Бир нарса аниқки, жамиятдаги ҳар қандай ривожланиш, бу биринчи навбатда тил ва тафаккур ҳодисасидир. Инсоният тарихини эса тил тарихининг тараққиёти ёхуд таназзули, деб таърифлаш мумкин.
Тилнинг энг муҳим хусусиятларидан бири, унинг шу тилда гаплашувчи инсонларни бирлаштирувчи хусусиятга эга эканлигида. Тараққиёт тарқоқлик эмас, жипслик, бирдамликдир. Бирдамлик давлатчиликнинг асоси саналади. Халқ мақолларида бу жуда гўзал тарзда ифодаланган: “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”. Бирлашиш бу жипслашиш, куч-қудрат, қувват, дегани. Бирлашиб ўзиш тараққиёт, эртанги кунни яратишни англатади.
Мамлакат етакчиси ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”, дер экан, миллий қадриятларимизнинг энг юксак намунаси бўлган бахшичилик санъати, умуман, халқ оғзаки ижодига айрича меҳру муҳаббатини баён этиб ўтди.
Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан қадим даврлардан то бугунги кунимизгача жонли ижро ҳолатида яшаб келаётган, бироқ дунёнинг кўпгина мамлакатларида унутилган ёхуд унутилишга юз тутган бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказишга қаратилган эпик ижрочи, яъни бахшилар ҳамда шу соҳанинг етук мутахассислари бўлган фольклоршунос олимлар иштирокида халқаро миқёсдаги анжуман илк марта Термиз шаҳрида ўтказилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Зеро, бахшилар миллат тарихи, санъати, маданиятини минг йиллар давомида асраб-авайлаб келаётган, авлоддан-авлодга етказаётган, миллий маданият, тарих ва фалсафага ўзининг беназир улушини қўшиб келаётган улкан ижодкорлардир.
“Алпомиш”, “Гўрўғли” каби улкан бадиий обидалар ҳам бизга эпик ижодкорлардан мерос бўлиб қолган. Бахши ўз эпик хотирасида ана шу қадим анъаналарни сақлаб, уни авлодларга етказиб келган ва ҳар гал ижро этилганда бу эпик анъана янада бойиб, янгиланиб борган. Улар тилнинг гўзал товланишларини нозик илғай олган эпик билим ва эпик хотиранинг меросхўрлари, асровчиларидир. Бошқача айтганда, бугунги глобаллашган бир жамиятда, дунёнинг кўпгина халқларида эпик анъана тамоман сўниб бўлган ва ёхуд сўниб бораётган бир ҳолатда, юртимизда ҳалигача бахши, жиров, оқин, халфачилик санъатининг сақланиб қолаётганлиги ва халқаро миқёсдаги фестиваль ҳамда илмий анжуманнинг ўтказилиши дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари орасида ўз ўрнини топаётган, кундан-кунга янгидан-янги қиёфа касб этиб, юксалиб бораётган мамлакатимизнинг бугунги шиддати ва эртанги келажагини ҳам белгилаб беради.
Юртимизда юз берган тамаддунларга назар соладиган бўлсак, уларнинг бари илм, маърифат, адабиёт, санъат ва маданият билан чамбарчас боғлиқ эканлигини кўришимиз мумкин.
Биринчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Аҳмад ал-Фарғоний, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Замахшарий билан бир қаторда Маҳмуд Кошғарий номи алоҳида тилга олинади. Унинг “Девону луғотит турк” асари тилимиздаги сўзлар акс этган шунчаки битик эмас. Бу халқимизнинг, туркий тилнинг дунё тамаддунидаги ўрни ва нуфузини кўрсатиб турувчи, тилшунос, фольклоршунос, адабиётшунослар, тарих ва этнографлар учун ҳам бирдек қадрли қомусий асардир.
Мамлакатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини ўртага ташлади: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар, улуғбеклар, Навоий ва бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”.
Мана шу учинчи тамаддун пойдеворини яратишда, ўзимизни янги тамаддунга тайёрлашда Алишер Навоийдек алломаларнинг фикрига, асарларига суянишимиз лозим бўлади.
Гарчанд 580 йил олдин таваллуд топган бўлса-да, бизни бугун қийнаётган, ўйлантираётган муаммоларга жавобни Алишер Навоий асарлари беради.
Навоий ўз даврининг фарзанди, бироқ у ўз даврининггина шоири эмас. У бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам шоири, файласуфи, тарихчиси, тилшуноси, том маънодаги зиёлисидир. Фикрда, тафаккурда, бадииятда Навоий кўтарилган мақомга инсоният ҳали етиб келмади. Етиб бориш, бу меросни англаш, ўзиники қилиш, ўзига сингдириш эса ҳар бир авлоднинг ўзига боғлиқ. Одам ва олим ҳақидаги, инсон қалби ва руҳияти ҳақидаги Навоий фикрлари ҳамма даврлар учун долзарб аҳамият касб этаверади.
Миллат бадиий тафаккури маҳсули бўлмиш улуғларимизнинг асарлари бадиий, фалсафий, илмий жиҳатдан мукаммал асарларгина эмас, балки бизнинг тафаккуримизга, онгимизга, шууримизга куч ва қувват берадиган, инсонларни, элларни, элатларни, халқларни бир-бирига бирлаштирадиган маънавий макон, маънавият пойдевори ҳамдир.
Келажакка қаратилган дастур
Президентимиз ижодкор зиёлилар билан учрашувда халқимизнинг маънавий камолотида ижодкор зиёлиларнинг ўрни ҳақида фикр юритар экан, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деган эди. Бу Учинчи Ренессанс ҳақидаги фикрларнинг ибтидоси, эртанги кун, буюк келажакка қаратилган дастурдир.
Давлатимиз раҳбарининг илм-фан, миллий қадриятлар, маънавият соҳасидаги ҳар бир қарори, ҳар бир чиқишида бу дастуриламал фикрлар бир-бирини тўлдириб, янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор