Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,7, ялпи қишлоқ хўжалиги 1,2, хизмат кўрсатиш 1,6, қурилиш ишлари 2,3 баробарга ошди. Иқтисодиёт тармоқларида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ва ислоҳотлар натижасида аҳоли жон бошига яратилаётган моддий неъматлар ҳажми ва даромади ортишига эришилмоқда. Жумладан, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилдаги 3,4 млн. сўмдан 2021 йилда (кутилаётган) 10,3 млн. сўмга етди.

Амур Темур бобомизнинг “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”, деган ҳикмати бугунги кунда ҳам ўз исботини топмоқда. Чунки истиқлолнинг илк кунлариданоқ хусусий секторни ривожлантиришга устуворлик берилиши одамларни боқимандалик кайфиятидан халос этиб, ишбилармонлик ва ташаббускорликка ўргатди. Бу эса оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш баробарида, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Келгусида Наманганнинг етакчи тармоқларида саноат кластерларини ташкил этиш,  қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали 400 мингта янги иш ўрни яратиб, аҳоли даромадини камида 2 баробарга ошириш ва камбағалликни 2 баробарга қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 4,6 триллион сўм кредит ажратилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий филиаллари қошида “Келажак лидерлари” клуби фаолиятини ташкил этиш бўйича эълон қилинган танловда Наманган вилоятида 484 нафар ёш иштирок этди. Камина ҳам 4 босқич саралашдан ўтиб, энг юқори балл олган 50 нафар номзодлар қаторида клуб аъзолигига қабул қилиндим.

Олти ойга мўлжалланган дастур асосида ўқув-семинарларда клуб аъзоларида бошқарув кўникмалари шакллантирилади. Ўқув якунлари бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлган ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан сертификат билан тақдирланади ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари учун ёш тренерлар сафига киритилади. Клуб аъзолари орасидан энг баланд кредит-балл тўплаган аъзолар ўз йўналишига мос давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига стажировка ўташлари учун бириктирилади. Клуб аъзоларини рағбатлантириш мақсадида фаол аъзолар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясининг “Келажак лидерлари” ўқув-курсига ўқишга юборилиши, ёш истиқболли кадрлар сифатида раҳбарлик лавозимларига захирага олиниши, юқори даражадаги давлат тадбирларида қатнашиши, шунингдек, давлат мукофотларига тавсия этилиши назарда тутилган. Бу эса ёш ватанпарвар лидерлар қатламини шакллантириш, давлат хизмати учун ёш кадрлар захирасини тизимли равишда тайёрлаш, ёш лидерлар ўз ортидан тенгдошларини эргаштириб, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда давлат фуқаролик хизматида ёш истиқболли кадрларнинг улуши ортишига хизмат қилади.

Мустақиллигимизнинг қутлуғ 30 йиллик байрами арафасида меҳнат фаолиятидаги ташаббускорлиги, фаоллиги, аниқ таҳлиллар билан иқтисодий соҳада Наманган тажрибасини оммалаштиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун Наманган вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари “Энг намунали иқтисодчи” деб эътироф этилди. Улар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман. Тошкент шаҳрида ўтказилган тақдирлаш маросимида Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров бизни табриклаб, мукофотларни топширди.

Мен ёш иқтисодчи ва “Келажак лидерлари” клуби аъзоси сифатида Наманган вилоятини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожланишида билим ва кўникмаларимни тўлиқ сафарбар этган ҳолда, янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросига ўз ҳиссамни қўшаман ва барча  тенгдошларимни ҳам шунга чорлайман.

Ойбек ЖЎРАЕВ,

Наманган вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи,

“Келажак лидерлари” клуби аъзоси