Халқимиз азалдан болажон. Фарзандларининг соғлом, касб-ҳунарли бўлиб вояга етиши учун ғамхўрлиги қадриятга айланган. Бу йўлдаги ислоҳотлар самарасини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бор ёки оғир сурункали касалликка чалинган болаларга зарур тиббий ҳамда руҳий ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўлам касб этаётир.

Эсингизда бўлса, Президентимиз 2020 йили  29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда сўз юритиб, жумладан, шундай деган эди: “...Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

Ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандимиз бор. Уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш — нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир.

...Умуман, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирсак, ўйлайманки, сизлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайсиз. Бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилади. Бу ташаббус умумхалқ ҳаракатига айланиши, саховатпеша ҳамюртларимиз ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил”.

Мурожаатномада айтилган барча гаплар, ташаббуслар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, Президентимизнинг ўтган йили 4 октябрдаги “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни соғлом ҳаётга қайтариш ва уларнинг бекаму кўст улғайиши учун муҳим дастуруламал бўляпти.

Мазкур қарорга биноан, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилиб, давлат томонидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ айни пайтда эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етимлар, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бор болаларни тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим олишига кўмаклашиш, оғир хасталикка чалинган ўғил-қизларни маҳаллий ва хорижий клиникаларда даволатиш, зарур дори-дармонлар билан таъминлаш каби хайрия тадбирларига йўналтирилмоқда.

Шу ўринда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вазифаси нималардан иборат деган савол пайдо бўлиши табиий. Аввало, фонд оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этади ва молиялаштиради.

Шунингдек, болалар ҳаётига хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни юртимизда ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволатиш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатади. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлайди.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим олишига кўмаклашиш, жумладан, уларни махсус адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, қизиқишидан келиб чиқиб уларга касб-ҳунар ўргатиш, уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун уларни зарур ускуналар билан таъминлаш ҳам фонд вазифалари сирасига киради.

Оғир ташхисли касалликларга чалинган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш, ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион ёрдам кўрсатишга доир тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш борасида ҳам фонд олдига қўйилган вазифалар мавжуд.

Айни пайтда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Васийлик кенгаши ва экспертлар гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар ажратилган маблағнинг тўғри ва мақсадли сарфланишини мунтазам назорат қилиб бормоқда. Жамоат фондига келиб тушаётган мурожаатлар, хусусан, касалликка чалинган бемор болаларни даволаш, уларни зарур дори воситалари ва ортопедик жиҳозлар билан таъминлаш, моддий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ҳамда уни молиялаштириш масалалари Васийлик кенгашининг доимий эътибор марказида.

Жамоат фонди кўмагидан фойдаланувчилар, жумладан, уларнинг шахси очиқланмаган ҳолда ёши, жинси, ижтимоий ҳолати ҳамда молиялаштириш манбаи, шунингдек, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар ҳисоботини юритиш бўйича расмий веб-сайти (bolalarfondi.uz) фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, фонд интернетдаги ўз ижтимоий саҳифаларида ҳам аҳоли учун зарур маълумотларни жойлаштириб бормоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик фикрини ҳамда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

“Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги муваққат низом тасдиқланди. Жамғарманинг ижтимоий, тиббий ва таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Шунга асосан мурожаатлар қабул қилиниб, ўрганилмоқда. Фонд ташкил этилгач, фаолиятини ҳамкор ва манфаатдор ташкилот ҳамда бирлашмалар билан келишув меморандумларини имзолашдан бошлади.

Жумладан, У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлар шифохонаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Лаб ва танглай ёриқларини даволаш жамияти, Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия институти тиббиёт клиникаси билан фонд ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, Туркиянинг Халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги (TIKA), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳар бир мурожаатни ўрганиб самарали ҳал этиш, шунингдек, аҳоли орасида юриб, сайёр қабуллар ўтказишга ҳам фонд алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, “Болаларга табассум” Малакали мутахассисларсиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Шу маънода, фонднинг ўқув дастурларига асосан, қирққа яқин мутахассис қайта ўқитилганини таъкидлаш жоиз. Бу борада шу йилнинг 4-8 апрель кунлари Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан бирга “Камалак жилоси” болалар психологияси ва психотерапияси масалалари бўйича бешинчи фестиваль ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу фестивалга маҳаллий мутахассисларнинг ногиронликни камайтириш бўйича тажрибасини ошириш, маҳорат дарси ўтиш учун чет элдан малакали психотерапевтлар, перинатал психология, болалар ва оилавий психология ҳамда психотерапия соҳасида муваффақиятли амалиёт олиб бораётган психологлар, оилавий саломатлик бўйича шифокорлар таклиф қилинди.

Жорий йил 16-21 май кунлари Бухоро вилоятида Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг юқори малакали мутахассислари иштирокида “Эзгулик манзили” хайрия тиббий акцияси ўтказилди. Унинг доирасида 250 нафарга яқин бемор бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, 50 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Худди шундай яна 300 нафар болани операция ҳамда реабилитация қилиш режалаштирилган. Мурожаат қилган эҳтиёжманд оилаларнинг болаларига дори-дармон, эшитув аппарати, маҳаллий клиникаларда даволаниши учун манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, апрель ойида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 50 та оилага озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бир неча турдаги маҳсулотлар тўплами хайрия ёрдами сифатида топширилди.

Кучли сел оқибатида жабр кўрган Фориш аҳлига турли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган материаллардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилди. Ҳозир оғир саратонга учраган бемор болаларни Туркиянинг нуфузли клиникаларидан бўлган Аджибадем клиникасида даволатиш учун зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда. Жамоат фонди ҳамда мазкур клиника ўртасида ҳалқаро саломатлик хизматлари кўрсатиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июнига қадар бемор болалар илик кўчириш амалиётини ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетади. Уларнинг муолажаси учун зарур барча сарф-харажат жамоат фонди томонидан қопланади. Эҳтиёжманд оилаларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида яшовчи Г.Икромова (мурожаатчилар исм-фамилияси ўзгартирилган) 2008 йили туғилган фарзанди умуртқа мушак атрофияси (СМА) ташхиси билан рўйхатда туришини ва буни даволаш учун “Рисдип лам” дори воситаси зарурлигини маълум қилган. Биз оиланинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб чиқдик.

Ҳақиқатан ҳам уларнинг моддий имконияти бу дорини сотиб олишга етмайди. Чунки ушбу препарат қарийб 160 миллион сўм туради. Оддий оила учун бу чакана пул эмас. Фонд мурожаатчининг илтимосини ижобий ҳал этди. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи А.Жўрақулов оккулюзион симметрик тетравентрикуляр гидроцефалия ташхиси қўйилган, 2020 йили туғилган фарзандини шошилинч даволашда ёрдам сўраб фондга мурожаат қилди.

Ҳақиқатан боланинг аҳволи оғир, ҳатто мустақил ўрнидан тура олмасди. Дарҳол Республика болалар миллий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Харажатлар тўлиқ фонд томонидан қопланди. Орадан қарийб 2 ой ўтди. Боланинг саломатлиги яхши, юра бошлаган. Ўз вақтида кўрсатилган шошилинч ёрдам бесамар кетмади. Тошкент шаҳрида яшовчи С.Ж. мурожаат қилиб, иммунитет танқислиги ҳолати (ИДС) ташхиси билан даволанаётган фарзандига “Октагам” дори воситасини харид қилишга ёрдам сўраган.

Бу дори ҳам анча қиммат туради. Оиланинг ижти моий аҳволи ўрганилди ва бу дори хайрия сифатида мурожаатчига топширилди. Шу кунларда Андижондан 2 нафар, Тошкент шаҳри ва Самарқанддан 1 нафардан, Намангандан 1 нафар боланинг Туркия давлатида илик кўчириш амалиётини ўтказиш учун барча харажат қоплаб берилди. Ишончимиз комилки, болажонлар тез кунларда оёққа туриб, юртимизга қайтади.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, гап уларнинг сонида эмас. Энг муҳими, бу йўлда Президентимизнинг эътибори, қўллаб-қувватлови муҳим аҳамият касб этмоқда. Эртамиз келажаги бўлган болалар юзидаги, ота-оналар қалбидаги хурсандчиликни илғаб кўнглингиз тоғдек юксалади. Зотан, оилалари фаровон, фарзандлари соғлом юрт шубҳасиз тараққиёт  таянчи бўла олади.