Очиғини айтсам, шу хизматларим роҳатини фақат бугун кўриб тургандайман. Негаки, бизнинг соҳамизда байрам тантанаси биринчи марта нишонланди. Маданият ва санъат аҳли осмон қадар юксалгандай бўлди.
Мукофотлар, совринлар ўз йўлига. Ҳақиқатни очиқ айтадиган бўлсам, уларнинг ҳеч бири бугунги куннинг шавқини, завқини, ҳаяжонини бера олмайди. Бугун Ўзбекистонда биринчи бор маданият ва санъат аҳли ўз байрамини нишонлаяпти. Тўғриси, ҳозир гапиряпман-у, қалбим қувончдан энтикиб кетяпти. Ёшим 70 дан ошди. Кўп яшасанг, кўпни кўрасан, дейишади. Умр узун ёки қисқалиги билан эмас, балки унинг мазмуни билан ўлчанади. Ҳаётимнинг энг гўзал ва эсда қоладиган кунларидан бири бўлган бу кун учун минннатдорман!
Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, қарияларимиз эъзозда, ёшларимиз юксалиш йўлидан дадил бормоқда. Ҳар миллат юксак маданияти ва санъати орқали жаҳон тамаддунидан мустаҳкам жой эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг ўзбек маданияти ва санъати учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу кунни байрам сифатида белгилаб бериши ва соҳа вакилларига табрик йўллаши уларга кўрсатилган юксак эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди.
Халқаро бахшичилик санъати, “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестиваллари, Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестиваллари миллий санъатимизнинг ноёб турларини дунё миқёсида муносиб тарғиб қилишда беқиёс имконият яратмоқда. “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилари, Юнус Ражабий номидаги ёш мақом ижрочилари республика кўрик-танловларининг анъанавий тарзда ўтказилиши эса иқтидорли ёш созанда ва хонандаларимиз, яъни санъат оламига улкан орзу-умидлар билан кириб келаётган келажак ниҳолларининг ўз иқтидорини намоён қилишида жуда катта ёрдам бермоқда.
Рустам Абдуллаев,
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари
уюшмаси раиси, профессор