Таркибида умумий қиймати 2,5 миллион долларни ташкил этувчи қуёш панеллари, механик жиҳозлар, мато ва бошқа юклар бўлган поезд пойтахтимизга 15 кунда етиб келиши белгиланди.
Янги транспорт йўлаги очилиши билан Хитой портлари ва бошқа вилоятларидаги юклар темир йўл орқали Шинжон-Уйғур автоном туманидаги Қашғар терминалигача етказиб берилади. Бу ерда юклар автомобилларга юкланиб, Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган йўллар орқали Андижонгача келтирилади. Ундан кейин уларни яна темир йўл ёрдамида Ўзбекистоннинг исталган манзилига етказиш мумкин бўлади. Мазкур лойиҳа Сиан шаҳрида бўлиб ўтган Хитой — Марказий Осиё саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида йўлга қўйилди.
Жорий йил 18 майда Сиан шаҳрида Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўртасида Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича кейинги босқичларни назарда тутувчи уч томонлама ҳужжат имзоланган эди.
— Хитой темир йўл қурилиш корпорациясининг биринчи лойиҳа-тадқиқот институти Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темир йўли қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни муддатидан қарийб бир ярим ой олдин якунлади, — дейди Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. — Имзоланган ҳужжат лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларини белгилаб, қурилиш режасини ишлаб чиқиш, инвестиция, молиялаштириш моделини ўрганиш ва аниқлашни ўз ичига олган “йўл харитаси” ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой томони янги транспорт йўлаги қурилишини жадаллаштириш, бу йўналишда темир йўл контейнер ташувларини ривожлантириш, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон автомобиль йўлининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва юк ташиш ҳажмини оширишга тайёрлигини билдирди.
Лойиҳа доирасида Жалолобод—Макмал—Арпа—Торугарт—Қашғар қўшма йўналиши бўйлаб автомобиль йўли қуриш ҳам режалаштирилган. Қирғизистон орқали ўтадиган бу йўл Ўзбекистонга қўшимча 5 миллион тонна транзит юк ташиш имконини бериши кутилмоқда.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг умумий узунлиги 454 километрни ташкил этади. Шундан 280 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтиши режалаштирилган. Линияда жами 18 та станция, узунлиги 26,1 километр бўлган 81 та катта ва ўрта кўприк, 120,39 километрли 41 та туннел қурилади.
Қайд этиш жоиз, Хитой Ғарбий ҳудудларни ривожлантириш дастури доирасида темир йўл барпо этиш лойиҳаларини фаол жорий этяпти ва айни кунда пўлат излар қарийб Қирғизистон чегарасигача тортиб келинган.
Ўзбекистонда ҳам бу масалалар тўла ҳал этилган, айни пайтда барча темир йўл йўналишларини электрлаштиришни ниҳоясига етказиш устида иш олиб бориляпти.
Тадқиқотчилар фикрича, ётқизиладиган темир йўл изларининг кенглиги бўйича масала ҳам ҳал қилинган. Гап шундаки, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги темир йўл излари кенглиги худди собиқ иттифоқ республикаларидаги каби 1520 миллиметрни ташкил этган бир пайтда Хитой 1435 миллиметрли (Европадаги каби) тор темир йўл изларидан фойдаланиб келади. Муҳокамалар натижасида ғилдиракларнинг Қирғизистон чегарасига киришда эмас, балки қирғиз-ўзбек чегараси ҳудудида алмаштирилиши кўзда тутиляпти. Бу жараён икки темир йўл излари туташадиган юк ташиш-тушириш станциясида амалга оширилиши мумкин.
Лойиҳа Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига бўлган йўлни тахминан 900 километрга, юк етказиб бериш муддатини эса 7-8 суткага камайтиради. Дастлабки тахминларга кўра, юк ташиш ҳажми йилига 12-15 миллион тонна атрофида бўлади.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров ўтган йил декабрь ойи бошида лойиҳа қиймати 6 миллиард долларга баҳоланганини таъкидлаган эди. Энди эса унинг тахминий қиймати 3−5 миллиард доллар бўлиши айтилмоқда.
Сиёсатшунос Наргиза Умарованинг қайд этишича, Хитой билан боғловчи темир йўлга кўп урғу берилаётганига сабаб шуки, бунинг ортидан Ўзбекистоннинг транспорт логистикаси борасидаги ўрни кескин ўзгаради. Яъни, Ўзбекистон марказий нуқтага айланади. Қирғизистон йўлаги ишга тушса, транскавказ йўналиши билан боғланади ва бунда Ўзбекистон боғловчи бўлади. Бундан ташқари, йўлакни Жанубий Осиё (Покистон) томон буриш ҳам мумкин бўлади. Ўзбекистон чорраҳа бўлади бу борада.
ТРАНСПОРТ ЙЎЛАКЛАРИНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ
Жаҳон банки маълумотларига кўра, пандемия арафасида дунё транспорт хизматларининг ялпи ички маҳсулот таркибидаги миқдори 4,3 триллион доллар (6,9 фоиз) ҳажмида баҳоланиб, йилига 110 миллиард тонна юк ва 1 триллиондан ортиқ йўловчи ташилган, транспорт инфратузилмасида банд бўлган ходимлар сони 100 миллион кишини ташкил этган. Коронавирус пандемияси ва дунёда давом этаётган турли можаролар туфайли бу кўрсаткич анча пасайиб кетди. Халқаро транспорт тузилмаси кейинги пайтга келиб ўз қаддини аста-секин тиклай бошлади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети докторанти Аббос Бобохонов ва қирғизистонлик тадқиқотчи, сиёсий фанлар номзоди Наргиза Мураталиеванинг таҳлилларига кўра, Евроосиё ҳудудида учта асосий йўлак мавжуд. Унинг шимолий ва жанубий йўналишлари кейинги йилларда минтақада рўй берган зиддиятлар туфайли жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Марказий Осиё йўлагига ҳозир энг мақбул, хавфсиз йўналиш сифатида қаралмоқда. Шу боис, ХХР ушбу лойиҳани амалга оширишга катта эътибор қаратиб, уни истиқболли ва манфаатли деб ҳисоблайди. “Бир макон – бир йўл” ташаббуси асосида юзага келаётган янги йўл жуда кўп муаммоларни ҳал этишда асқотади. Бундан ташқари, узунлиги 5 минг 470 километрни ташкил этадиган янги темир йўл магистрали бошқа йўналишларга қараганда анча қисқароқ бўлади: ХХР — Мўғулистон — Россия — Беларус — Европа Иттифоқи (8 минг 650 километр), ХХР — Қозоғистон — Каспий денгизи — Озарбайжон — Грузия — Туркия — ЕИ (9 минг 120 километр), ХХР — Қозоғистон — Туркманистон —Эрон —Туркия — ЕИ (10 минг 170 километр), ХХР — ЕИ денгиз йўли (10 минг километрдан ортиқ).
Минтақадаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган Ўзбекистон наинки қўшни, балки Шарқий Осиёни Жанубий Осиё, Яқин Шарқни Кавказ ва ундан кейин Европа билан транспорт тармоғи орқали бирлаштириш салоҳиятига эга. Қолаверса, Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.
Мустақиллик йилларида 2 минг 400 километрдан ортиқ янги темир йўл қурилди, мавжудларининг 3 минг километридан зиёди электрлаштирилди, 1 минг 100 километр қисми қайта тикланди. Охирги уч йилда автомобилда халқаро юк ташишда маҳаллий корхоналар улуши 60 фоиздан ортди, 1 минг 500 километрдан зиёд автомобиль йўли қурилди.
Мамлакатимизда саноат, тадбиркорлик тобора ривожланиб, экспортёрлар сони ортиб боряпти. Хусусан, Статистика агентлигининг 2023 йил январь-май ойларидаги ташқи савдо бўйича дастлабки маълумотларига асосан, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 25,8 миллиард долларга етди ва 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 миллиард долларга ёки 25,4 фоиз ошди.
Иқтисодиётда ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, маҳсулотни етказиб бериш ҳам шунчалик аҳамиятли. Айниқса, ҳозир дунёда логистика муаммолари авжига чиққан вазиятда бу ўта долзарб ҳисобланади.
Дунёда юк ташиш харажатлари ошганини инобатга олиб, Европага тайёр маҳсулотлар экспорт қилувчи корхоналарга транспорт харажатлари учун субсидия миқдори 50 фоиздан 70 фоизга оширилди. Чунки транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди.
Буни ўтган йил декабрь ойида Сергели логистика марказидан Европага йўл олган Ўзбекистоннинг илк поезди мисолида кузатиш мумкин. Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мис концентрати ортилган, 46 та юк вагони ва 91 та контейнердан иборат бўлган поезд аввалига Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилига етиб борди. Паром юкни денгиз орқали Озарбайжонга олиб ўтди. Бу ердан Грузия орқали Қора денгиз соҳилига ва ундан Болгариянинг Бургас денгиз портига етиб борди. Йўналишнинг узунлиги 4000 километрдан ошди.
БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (ЮНКТАД) мутахассислари маълумотига эътибор қаратсак, Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари кўпинча импорт қилинадиган товарлар қийматининг 70-80 фоизигача етади. Бу эса сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатларига халқаро аҳамиятга молик бўлган транспорт имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга туртки бермоқда. Қолаверса, божхона тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги оқибатида юк ташувчилар товарларни етказиб беришга кетадиган вақтнинг 40 фоизгача бўлган қисмини беҳуда йўқотмоқда.
Жаҳон банкининг логистика соҳасидаги самарадорлик индексига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари 167 та давлат орасида қуйи ўринларни эгаллаб келмоқда.
— Мамлакатимиз учун транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, жаҳон бозорларига тез ва эркин чиқиш жуда муҳим, — дейди Илҳом Маҳкамов. — Шу боис, Ўзбекистон халқаро анжуманларда бу масалани доим кўтариб, амалий ташаббусларни илгари сурмоқда. Қўшни ва манфаатдор мамлакатлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар жадаллаштирилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, кейинги даврда барча даражадаги мулоқотлар фаоллашди, амалий, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муҳим қадамлар ташланди. 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича махсус резолюция қабул қилингани эса минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтарувчи тарихий воқеа бўлди.
Бундан олти йил муқаддам мамлакатимизнинг 2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш бўйича комплекс дастури қабул қилинган эди. Унда Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой халқаро транспорт йўлаклари, шунингдек, Эрон (Бандар Аббос, Чобаҳор) ва Покистон (Гвадар, Карачи) денгиз портларига чиқиш учун трансафғон транспорт йўлагини қуриш бўйича эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ қилишга алоҳида аҳамият қаратилди. Бу борада дастлабки ишлар ҳам бошлаб юборилган. Ушбу йўналишнинг узунлиги 765 километрни ташкил этади. Бу трассани аниқлаш жараёнида топографик космик тасвирлардан фойдаланиб, биринчи ёндашувдаги техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар чиқарилган.
Трансафғон темир йўл йўлаги Россия — Қозоғистон — Ўзбекистон — Афғонистонни Покистон — Ҳиндистон портларига олиб чиқишда муқобил темир йўлга айланиб, айни пайтда фаолият кўрсатаётган Шимол — Жануб йўлагига нисбатан 500-600 километр қисқароқ ҳисобланади.
Покистон Ўзбекистон учун жуда улкан бозор. Шунингдек, бу мамлакат юртимизга Карачи, Қосим ва Гвадар денгиз портлари орқали Яқин Шарқ, Африка давлатлари, Ҳиндистон бозорларига чиқиш имкониятини беради.
Экспертлар таҳлилича, Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилиш биринчи босқичда Ўзбекистондан Покистонга юк ташиш вақтини 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқартиради. Шунингдек, транспорт харажатларини Россия ва Покистон ўртасида 15-20 фоизга, Марказий Осиё давлатлари ва Покистон ўртасида эса 30-35 фоизгача камайтириши мумкин.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 кун эмас, 3-5 кун давом этиши, битта стандарт юк контейнерини ташиш нархи қарийб уч баробар арзонлашиши, ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.
Мазкур йўналишнинг имкониятлари фақат шу билан чекланмайди. Шу йилнинг 12 январь куни бўлиб ўтган “Глобал Жануб овози” онлайн саммитида эътироф этилганидек, мамлакатимиз Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари сурмоқда. Бу борада Эроннинг Чобаҳор порти орқали ўтадиган йўналиш катта истиқболлар очади. Бу порт орқали юкларни транзит қилишни Тошкент — Мари — Машҳад — Бафқ — Чобаҳор йўналиши бўйича амалга ошириш ва кейин денгиз транспорти орқали Жануби-шарқий Осиё ва Форс кўрфази мамлакатларига етказиб бериш мумкин. Унинг йиллик юк ташиш салоҳияти 10 миллион тоннага етади, деб баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, Чобаҳор порти орқали ўтадиган савдо йўли товарларни экспорт қилиш харажатини 60 фоиз ҳамда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш муддатини 50 фоиз қисқартириш имконини беради. Натижада товарларнинг рақобатбардошлиги ошади.
Мавзуга доир яна бир тадбир 2022 йилнинг 3 декабрь куни Тошкент марказий темир йўл вокзалида рўй берган эди. У Туркия — Эрон —Туркманистон — Ўзбекистон янги темир йўл йўналиши очилишига бағишлаб ўтказилди. Тадбирда дастлаб Туркиядан Ўзбекистонга қараб йўлга чиққан биринчи юк поездини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Туркия томони билан ҳамкорликда Гумруҳ станциясидан Тошкент шаҳрига юкларни ташиш йўналишини ишлаб чиқди. 40 та вагондан иборат поезд Туркия, Эрон, Туркманистон бўйлаб ҳаракатланиб, Ўзбекистонга етиб келди.
Жорий йилнинг 26 июнь куни яна бир хабар эътиборни тортди. Хитойнинг Сямин портидан Ўзбекистонга биринчи контейнер поезди ҳаракати йўлга қўйилди. “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ томонидан маълум қилинишича, таркибида маиший техника юки (музлаткич, кир ювиш машинаси, газ плитаси) бўлган контейнерлар Хитойдан денгиз орқали Эроннинг Бандар Аббос портига келтирилади. Сўнгра юклар темир йўл орқали Туркманистонга, у ердан Тошкентнинг Сергели станциясига етказилади.
ШҲТ доирасида ҳам ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг кенг ҳудудида улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилмоқда. Транспорт лойиҳалари орқали Ўзбекистон ўз ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой, Мозори Шариф — Кобул — Пешовар, Ланчжоу — Қашғар — Иркештом — Ўш — Андижон — Тошкент — Мари ва ҳозирги геоиқтисодий вазиятда ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга оширмоқда.
Жорий йил 4 июнь куни Ҳиндистонда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлисида ҳам Ўзбекистон томонидан ҳозирги вақтда Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб магистрал йўлларини ривожлантириш бўйича бир қатор стратегик лойиҳаларнинг фаол илгари сурилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича амалий ишлар бошлангани, Ўзбекистон ушбу йўналиш бўйлаб, шунингдек, Афғонистон орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқадиган Эрон ва Покистон портлари томон мультимодал ташувларни ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юк ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириши баробарида транспорт харажатларини учдан бир қисмга камайтиради. Шунинг учун Ўзбекистон томони ШҲТ давлатларининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигига доир ягона харитани ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Бу мавжуд “тўсиқлар” ва “бўшлиқлар”ни аниқлаш, умумий, ўзаро интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш учун устувор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни белгилаб олиш имконини беради.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи