Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Диёра Келдиёрова финал учрашувини якунлади. Кадетлар ўртасида жаҳон чемпиони ҳисобланган Диёра олтин медаль учун кечган беллашувда сўнгги Европа чемпионатининг бронза медали соҳибаси бўлмиш испаниялик номдор спортчи Эстрелла Шерифф Лопесга қарши татамига чиқди. Ёш спортчимиз тажриба бобида бироз устун бўлган Эстреллани мағлубиятга учратди ва Анталия "Катта Дубулға" турнири ғолибасига айланди.

Шу тариқа Диёра Келдиёрова ўзбек аёллар дзюдосида янги тарих яратди. Бунгача ҳамюртимиз Гулноза Матниязова Тошкент ва Тбилиси "Катта Дубулға" турнирларида бронза медалини қўлга киритган эди. Диёра эса ўзбекистонлик дзюдочи қизлар орасида илк бор "Катта Дубулға" турнирининг финалида татамига чиқиш баробарида юртимизга олтин медаль тақдим этди. Ушбу ғалабаси эвазига спортчимиз Токио-2020 рейтингида қимматли 1000 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.