Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
«Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради», – деди Президентимиз.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.
Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.
Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилмоқда. Бу борада «яшил ҳудуд», «яшил боғ» яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди.
Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилиши таъкидланди.
Бу ишларни самарали ташкил қилиш учун туман бюджети даромадини камида 2 карра кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарурлиги қайд этилди.
Шу мақсадда 2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади.
Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.
Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади.
Бу орқали туманлар бюджетида 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.