Тадбирда Кемерово вилояти давлат ва жамоат ташкилотлари, ёзувчилар уюшмаси, кутубхона ва музей раҳбарияти, шунингдек, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва ўзбекистонлик талаба-ёшлар иштирок этди.

Йиғилган эътиборига Бош консулхона ҳамда Кемерово вилояти илмий кутубхонаси ҳамкорлигида тайёрланган шоир Усмон Носир ҳаёти ва ижоди, унинг келажак учун қолдириб кетган асарларининг мазмун-моҳияти тўғрисидаги тақдимот ҳавола этилди.

Усмон Носир ижодини акс эттирувчи кўргазма намойиш этилди. Шоирнинг «Оқ шеър», «Менинг боғим», «Юрак» ва бошқа шеърлари ўқилиб, унинг эзгу инсоний фазилатлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан яратилган бадиий асарлари аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Бош консулхона томонидан мамлакатимизда миллий тарихимиз ҳамда ўзбек халқи орасидан дунёга машҳур бўлган буюк аждодларимизни хотираларини абадийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мазкур ишларнинг ёрқин мисоли сифатида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қабул қилинган ҳужжатлар асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр юритилди.

Кузбас давлат илмий кутубхонаси директори Вера Никулина Усмон Носир томонидан ёзилган шеърлар ва уларнинг таржималари Кемерово вилояти кутубхоналарида сақланиб келинаётгани ва улар китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилинишини таъкидлади.

Кузбас Ёзувчилар уюшмаси раиси Борис Бурмистров Усмон Носир асарларини рус тилига таржима қилиш ҳамда яхлит китоб яратишда иштирок этганини айтиб, шоирнинг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлигига алоҳида эътибор қаратди ҳамда ўзбек шоири шеърларидан ўқиб берди.

Кемерово давлат техника университети талабалари адабий тадбир уларда катта таассурот қолдиргани ва таниқли ўзбек шоири ижод намуналаридан баҳраманд бўлиш учун қулай имконият бўлганини қайд этди.