—  Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, шу асосда янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш негизида амалдаги гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш каби вазифалар жамиятимиз  зиммасига юкланган  устувор масалалар сирасига киради, —  дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдуғани Сангинов. —  Вақт —  оқар дарё, деган ибора бор  Бу  гидоэнергетиклар учун оддий бир ҳикмат бўлмай, улар фаолиятининг мазмунига муштарак, десак муболаға бўлмайди.

Авваллари сув дунёдаги энг арзон табиий ресурс ҳисобланган бўлса, эндиликда энг эҳтиёжманд ва қимматбаҳо неъматга айланиб боряпти. Кейинги йилларда сув товар сифатида халқаро хомашё биржаларида сотувга қўйилаётганлиги ҳам шундан далолат беради. Қолаверса, минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга тобора мураккаблашиб бормоқда. Худди шундай бир кезда, унинг “яшил энерия” яратишдаги имкуониятидан ҳам самарали фойдаланишимиз зарур. Бу зарурат табиатнинг энг улуғ инъомидан етти эмас, етмиш бор ўлчаб, оқилона ишлатишни кун тартибига қўймоқда.

Президентимиз раислигида ўтказилган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун майдонлар белгиланиб, жами 56 мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилгани таъкидланди. Чунки, кичик гидроиншоотлар муқобил энергияни ривожлантиришнинг энг самарали йўналишларидан бири. Айниқса, олис масофадаги ва етиб бориши қийин, узатиш линияларини етказиш имконияти чекланган жойларда бундай электр станциялари жуда асқатади. Кичик дарёлар, каналлар, сув омборларидан тушадиган сув ўзанлари бунинг учун қулай манба саналади.

Микро ГЭС халқаро стандартларга кўра, асосан қуввати 0,1 кВтдан 100 кВтгача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, у турбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. Гидротурбиналар сувнинг тез оқими туфайли қувват ҳосил қилади. Сув қанча тезроқ оқса, у ҳам шунча кўпроқ электр қуввати ишлаб чиқаради, қурилиш жараёнида ва фойдаланиш даврида табиий ландшафт ва атроф-муҳитни бузмайди. Сув сифатига салбий таъсир кўрсатмайди, яъни, асл табиий хусусиятини йўқотмайди. Шу боис улар ҳар жиҳатдан фойдали ва нисбатан арзон электр энергияси ҳосил қилишда қўл келади. Бу эса юртимизнинг турли ҳудудларида янги ГЭСлар қуриш, мавжудларини модернизация қилишни тақозо этади.

Тошкент вилоятида янги “Туябўғиз” кичик ГЭСи давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан уч йил олдин фойдаланишга топширилган бўлса, шундан кейин Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади ишга тушди. Ҳар бири 6 мВт қувватга эга иккита каскад йилига 72,89 миллион кВт соат электр энергияси етказиб беряпти.

Кичик ГЭСни қуриш учун “Гидролойиҳа” АЖ томонидан ўзига хос муҳандлислик ечими танланган. Каналдан айланма сув йўли тортилиб, биринчи турбина 1700 метр белгига жойлаштирилди ва бу ерда сунъий шаршара ҳосил қилинди. 500 метрдан кейин яна битта шундай иншоот қурилди. Сўнгра сув яна асосий оқимга қайтади. Уларнинг икки қирғоғига 3 минг тупдан зиёд мевали, 1000 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экилиб,   “яшил” энергия иншоотларини бойитувчи ландшафтга айланган. Энг асосийси, янги гидроиншоот фойдаланишга топширилгандан буён Учқўрғон туманидаги 50 мингга яқин хонадонни узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконияти юзага келди, қанчадан қанча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳам улар қувватидан баҳра оляпти.

Ҳозирги кунда Жанубий Фарғона канали ўзанларида иккита “Андижон ГЭСи”, “Шаҳрихон ГЭСлари каскади” унитар корхонаси таркибига кирувчи 4 та кичик станция фаолият кўрсатади. “Андижон ГЭС-1” модернизациядан қилиниб, унинг ишлаб чиқариш қуввати 17,1 миллион кВт соатга етказилди.

Халқимизда ёнингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деган кўп маъноли ҳикмати бор. Гидромуҳандислар эса, аксинча, унинг ҳар жиҳатдан фойдаси катта, дейишади ва улар амалга ошираётган лойиҳалар буни тасдиқлаб келяпти. Мисол учун Жиззах вилоятида Зомин микро ГЭСи, Самарқанд вилоятида 5 та ихчам қувватли гидроиншоотлар каскади ишга тушгандан буён минглаб аҳоли хонадонлари узлуксиз электр энергияси билан таъминлана бошлади.

Яна бир лойиҳа — Поп тумани Оҳангарон дарёсидаги “Қамчиқ” кичик ГЭСи. 2017 йилда барпо этиш ишлари бошланган ушбу иншоотнинг ўртача қуввати 26,5 мВт бўлиб, йилига қарийб 80 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу станция техник-муҳандислик мураккаблиги жиҳатдан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Тоғ бағридан ўтган туннелнинг узунлиги 3,7 километр. кичик сув омбори ва ундан оқиб тушадиган обиҳаётни электрга айлантирадиган иншоот денгиз сатҳидан анча юқорида бунёд этилди. Туннелдан ҳар сонияда оқиб келадиган 33 куб метр сув тўртта агрегатни катта босим билан ҳаракатга келтиради ва электр энергияси аҳоли хонадонлари ва ижтимоий-иқтисодий объектлари сари йўлланади.

Сўнгги 5 йилда амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига электр энергиясини ишлаб чиқариш қуввати 2017 йилдаги 1 731 МВтдан 2053 МВтга етказилди, дейди Абдуғани Сангинов. -  Бу вақт мобайнида13 та янги замонавий гидроэлектр станция қурилган бўлса, 9 таси модернизация қилинди. Давлатимиз раҳбарининг гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳалар билан танишиш чоғида таъкидлаганидек, ҳали олдимизда турган ишлар кўлами каттап. Негаки, юртимиз гидроэнергетика соҳасидаги салоҳиятининг қарийб 50 фоизи ҳам ўзлаштирилмаган.

Жамият томонидан 2022-2026 йилларда умумий ҳисобда қўшимча 740 мегаватт қувватли 20 та йирик лойиҳани амалга ошириш устиида иш кетяпти. Хусусан, 2022 йилда 258 мегаваттли 8 та, шундан 4 та янги қурилиш ва шунча модернизация лойиҳалари, 2023-2024 йилларда 76 мегаваттли 8 та, ундан кейин яна 4 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида хусусий сектор иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган 200 та микро ГЭС лойиҳасининг рўйхати шакллантирилди. Уларни амалга ошириш ташаббусини билдирган тадбиркорлар билан учрашув, сухбатлар ўтказилди. Шу тариқа умумий қуввати 56 мегаваттни ташкил этадиган лойиҳалар асосида йилига 180 минг киловатт соат электр ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, 500 киловаттгача бўлган ГЭСлар томонидан тақдим этиладиган электр энергиясининг бошланғич харид нархи учун жозибадор тарифлар белгиланган. 1 мегаваттгача қуёш ва шамол, 5 мегаваттгача бўлган кичик ГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли сотиб олинади.

Йил якунига қадар Андижон вилоятида 15 та, Наманганда 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 6 тадан, Самарқанд, Сирдарёда 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғонада 1 тадан лойиҳани амалга оширишга киришилади.

Ўтган қмсқа давр мобайнида жамият фаолияти халқаро даражада ҳам эътироф этиб келиняпти. 2020 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жаҳонда етакчи “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг “B+” (барқарор) рейтингига сазовор бўлди, ўтган йили мазкур рейтинг кўрсаткичи “BB-” (барқарор) даражасига кўтарилди. Харидлар жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида дунёдаги молиявий “катта тўртлик” нинг бири ҳисобланган “Делойт энд Туш” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилиб, зарурий маслаҳат ва тавсиялар олинди. 

Жамият янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш дастури доирасида Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Франция, Италия, Германия, Жанубий Корея, Австрия, Туркия, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлар билан янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйган

Хабарингиз бор, жорий йилнингт 2 июнь куни Тожикистон Президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Ёвон гидроэлектр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Икки давлат етакчилари рамзий тугмани босиб, қурилишга старт берилди. Мазкур станция энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳа саналади. 140 мегаватт қувватга эга бу лойиҳа мамлакатларимиз энергетика хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

— Икки мамлакат мутасадди ва мутахассислари томонидан Зарафшон дарёси ҳавзасида 2 та ГЭСни қуриш ва ундан фойдаланишни техник-иқтисодий баҳолаш бўйича ўзаро келишувга эришилган, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш ва олиб борилишини мониторинг қилиш бош бошқармаси бошлиғи Суннатилла Исматов, —  Унга асосан, Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида мазкур қувватларнинг қурилиши икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда, йилига ўртача 832 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ёвон гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади, Мазкур лойиҳа 15 йилда сарфланган маблағларни қоплаш ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга. Иккинчи босқичда, йилига ўртача 560 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 мегаваттга ва прогноз қиймати 270 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Фандарё гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилмоқда. Уларнинг йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 1400 миллион кВт.соатни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, 600 мингдан ортиқ оиланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. Янги ГЭСларнинг қурилиши доирасида 3 мингга яқин мавсумий, ишга туширилиши натижасида эса 200 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, бундан беш йил олдин “Ўзбекгидроэнергол” АЖ ташкил топганда унинг тасарруфидаги ГЭСлар сони 36 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич янги қурилган йирик, ўрта ҳамда микро қуввтлар ҳисобига 50 тага етди.Тез орада улар сафига 20 та йирик ва 200 дан ортиқ мини ГЭСлар келиб қўшилади.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг қайд этишича, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтга ва шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади. Бунинг натижасида йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 1 миллион хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин бўлади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири