Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиляпти. Хусусан, 59,8 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти 257,1 млрд. сўмлик мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилди. Ижтимоий солиқ ставкаси 328,8 мингта микрофирма ва кичик корхона учун амалдаги 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал суммаси 50 фоизгача қисқартирилди...
БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси доирасида “Бизнесни интеграциялашган ҳолда қўллаб-қувватлаш” дастури ҳам кичик бизнес эгаларига кўмаклашишни кўзда тутади.
Юртимизда тадбиркорлар ичида ёшлар ва ўрта ёшлилар кўпчиликни ташкил этганини инобатга олсак, ҳозирги шароитда уларга, аввало, психологик ёрдам, инқироздан чиқиб кетиш борасида ўринли маслаҳатлар зарур. Ушбу дастур давомида Ўзбекистоннинг тажрибали мутахассислари томонидан асосий бизнес вазифаларини ҳал этиш, стратегик режа тузиш, маркетинг, операцион ва молиявий менежмент каби йўналишларда тренинглар ва консалтинг хизматлари кўрсатилади, шунингдек, индивидуал коучинг маслаҳатлари бериб борилади.
— Дастур икки босқичда бўлиб ўтади, — дейди лойиҳа координатори Фарҳод Жабборов. — Умумий ҳисобда 3 ой мобайнида давом этиб, тренинглар дастлаб Наманган ва Самарқанд вилоятлари вакиллари, кейин эса Жиззах, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари тадбиркорлари учун ўтказилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда танлаб олинган корхоналар учун онлайн шаклда тренинглар ташкил этилади. Иккинчи босқичда бизнес эгаларига консалтинг ва шахсий коучинг маслаҳатлари берилади. Иштирокчи компанияларга уларнинг бизнес ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун 10 минг АҚШ доллари миқдоригача эквивалентда беғараз техник кўмак олиш имконияти б ерилади.
Дастурда иштирок этиб, карантин туфайли оқсаб ёки тўхтаб қолган бизнесини қайта йўлга қўйишни истовчи тадбиркорлар кўп. Дастур доирасида ажратилган грант маблағи кам бўлмаса-да, адолат нуқтаи назаридан энг муносибга ва ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлганга берилиши мақсадга мувофиқдир. Унда иштирок этиш ва грант эгаси бўлиш учун талабгорлардан Ўзбекистон резиденти томонидан асос солинган, Наманган ва Самарқанд вилоятларида рўйхатга олинган, юридик шахс шаклидаги кичик бизнес субъекти икки йилдан кам бўлмаган муддат ичида фаолият юритаётган бўлиши, 5 нафардан 50 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаши, солиқ ва бошқа тўловлар, олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги йўқлиги ҳамда амалга ошириладиган режа/лойиҳанинг 20 фоиздан кам бўлмаган қисмини молиялаштириш имконияти мавжудлиги талаб этилади. Бундан ташқари, иштирокчилар 2020 йил августдан декабрь ойига қадар тренинглар ва индивидуал коучинг маслаҳатларини олиш учун 32 соат ўқув машғулотларига вақт ажратишга тайёр бўлиши зарур.
— Юртимизда аёлларни иш билан таъминлаш масаласи ҳар доим долзарб аҳамият касб этиб келган, — дейди Фарҳод Жабборов. — Дастурга талабгорларни саралаш жараёнида шу масалага алоҳида эътибор қаратамиз. Яъни аёл тадбиркорлар, 35 ёшгача бўлган ёшлар ёки аёллар ва ёшлар учун иш ўринлари яратувчи кичик бизнес турларини йўлга қўйганлар афзалликка эга бўладилар. БМТТД билан ҳамкорликда, шунингдек, “Стартап-ташаббуслар”, “Бизнес учун кичик грантлар” каби дастурларни ўтказишни ҳам режалаштиряпмиз. Ўйлаймизки, бу каби дастурлар, халқаро грантлар орқали тадбиркорлар ишини ўнглаб олиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига ечим топишда ўз ҳиссасини қўшади.