Расмийлар Корея Меҳнат партиясининг IX съездига тайёргарлик кўришмоқда, деб ёзди AFP.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 20 та ҳудудда янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали КХДРни “ўзгартиришга” ваъда берди. Бу ҳақда 30 январь, жума куни Корея марказий телеграф агентлиги (KCNA) хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, лойиҳалар тиббий муассасалар, кўнгилочар мажмуалар ва саноат заводларини қуришни ўз ичига олади. AFP агентлиги лойиҳалар мамлакатнинг учдан бир қисмидан кўпроғини қамраб олиши ваъда қилинганига аниқлик киритди.

Ким КХДРнинг жануби-ғарбий қисмидаги Хванхэ-Намдо вилоятида қурилиш лойиҳасини бошлади. “Мамлакат бўйлаб шаҳар ва округларнинг деярли учдан бир қисми ўзгартирилади”, деб таъкидлади Шимолий Корея етакчиси.

Давлат оммавий ахборот воситалари томонидан чоп этилган суратларда сиёсатчи бошқа расмийлар билан бирга ер қазиётгани, одамлар эса олқишлаб, Шимолий Корея байроқларини ҳилпиратаётгани акс этган, деб хабар берди dw.com.