Танқидий руҳда ўтган тадбирда тармоқни “мақсад – ҳаракат – натижа” тамойилига асосланган янги стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизими асосида ислоҳ қилиш зарурлиги таъкидланди. Кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаш топширилди.
Жумладан, жорий йилда тармоқ маҳсулотлари экспортини 720 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган. Қишлоқ хўжалигида режалаштирилган ҳосил ҳажмларини таъминлаш учун азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 1 миллион 120 минг тоннага, фосфорли ўғитларни 135 минг тоннага, калийли ўғитларни эса 222 минг тоннага етказиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, тармоқ ва ҳудудлар томонидан жорий йилда 9,5 миллиард долларлик 133 та лойиҳани амалга ошириш доирасида 2,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Жумладан, кимё саноати корхоналари ва ҳудудларда 24 та стратегик лойиҳа доирасида 1,3 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириб, 7 та янги ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Шу билан бирга, Қўнғирот сода заводида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, “Самарқандкимё” корхонасида минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Деҳқонобод калий заводи қувватларини ошириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жараёни танқидий кўриб чиқилди. Муддатларнинг асоссиз чўзилаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга инвесторлар билан биргаликда мазкур лойиҳаларни жадаллаштириб, қисқа муддатларда якунлашни таъминлаш топширилди.
“Аммофос-Максам” корхонаси фаолияти давомида тўпланган фосфогипс саноат чиқиндиларини қайта ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ушбу чиқиндидан қўшимча маҳсулотлар, жумладан, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, кимё саноатини стратегик ривожлантириш учун замонавий илмий ва технологик инфратузилмани шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда кимё-технология инновация марказини ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди. Мазкур марказ газ ва кўмир кимёси, чуқур кимёвий таҳлил, сорбентлар, катализаторлар, нано ва композит материаллар каби йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашади ва бу борада Марказий Осиёдаги ягона илмий-тадқиқот институти бўлади.
Тақдимотда эритувчи моддалар, қуруқ циан тузлари, каустик сода, силикон, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Фарғонаазот”да аммиак, карбамид ва аммиакли селитра қувватларини модернизация қилиш, “Навоийазот”да ғоваксимон селитра, Тошкент вилоятида маиший кимё воситалари, Биринчи резинотехника заводида янги турдаги шиналар ишлаб чиқариш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида лойиҳаларнинг бошқариш самарадорлигини ошириш режалари кўриб чиқилди.
Жумладан, жамият ва унинг тизимидаги корхоналарда ERP тизими жорий қилиниб, 21 та вазирлик ва идоралар ҳамда харид операторлари билан интеграция қилинди, 16 та ахборот тизими ягона рақамли платформага бирлаштирилди. Молиявий ҳолатни таҳлил қилиш ва прогнозлаш, минерал ўғитга эҳтиёжни башорат қилиш жараёнларига босқичма-босқич сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, минерал ўғитларнинг корхонадан фермергача ҳаракатидаги барча жараёнларни рақамли назорат билан қамраб олиш кўзда тутилган.
Ҳисоб палатаси билан биргаликда энергия ресурсларини тежаш, хомашё харажатларини қисқартириш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари орқали кимё саноатида маҳсулот таннархини 10-15 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.
Якунда давлатимиз раҳбари кимё саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини белгиланган муддатларда ишга тушириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.