Мазкур ижодий сафар иштирокчиларини фарғоналиклар кўтаринки кайфиятда кутиб олишди. “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” шиори остида Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги Мусиқали мақом театрида улар билан учрашув ташкил этилди. Ташриф давомида фарғоналик юртдошларимиз учун Агентлик буюртмасига биноан суратга олинган “Рангсиз тушлар” ҳамда “Ибрат” бадиий фильмлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, ижодкорлар билан Ислом Каримов номидаги мусиқали драма театри, Фарғона Политехника институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Қўқон филиали, Ёзёвон тумани 28-болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда Фарғона вилоят ихтисослаштирилган санъат мактабида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Самимий руҳда ташкил этилган учрашувлар фарғоналикларда ижобий таассурот қолдирди. Кино ихлосмандлари севимли актёр ва актрисалари билан ижодий суҳбатлар қуришди, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.