Хусусан мазкур ойлик муносабати билан бир гуруҳ “Маърифат” тарғиботчилари Андижон вилоятига ташриф буюришди.
Ҳар галгидек тарғиботчиларнинг илк тадбири “Китоб карвони” лойиҳаси бўлди. Ундан 3 мингдан ортиқ китоблар жой олган бўлиб, вилоятдаги олий таълим муассасаларига етказилади.
Тадбирда “Маърифат” тарғиботчилари жамияти раҳбари Бахтиёр Ҳусанов андижонлик ёшларнинг билимга чанқоқ эканлигини таъкидлади.
“Бу вилоятдан таниқли шоирлар, мутафаккирлар, олимлар етишиб чиққан ва етишиб чиқмоқда. Биласизларми, биз ўзбекистонликмиз. Андижонлик, навоийлик, тошкентлик деб ажратиш нотўғри деб ўйлайман. Аммо ҳар бир вилоят аҳолисининг ўзига хос ажралиб турадиган жиҳати бор.
Масалан Андижон азалдан маърифат ўчоғи ҳисобланади. Шу боис биз ҳам қуруқ келмадик. “Китоб карвони”миздан 3 мингдан ортиқ китоблар ўрин олган. Уларни ёшлар талашиб ўқишига ишонаман.
Аслида ҳам китоб чанг босиб ётиши эмас, қўлма-қўл бўлиши керак. Шунда шу ердаги инсонларнинг саводхонлиги, маърифатлилиги кўринади”, деди у.