Тадбирда ёзувчилар уюшмаси мутасадди ходимлари, шоир ва таржимонлар, шунингдек, ёшлар иштирок этди.

Томчида қуёш акс этганидек, “Янги Ўзбекистон”китоб-альбомидан ўрин олган ҳар бир далил ва маълумот, сурат ва лавҳа бунёдкор халқимизнинг куч-ғайрати ва салоҳияти билан эришилган, барчамиз учун ғоят қадрли бўлган юксак марралар хусусида, дунёда ягона, азиз ва мўътабар она диёримиз — Ўзбекистонимиз ҳақида ҳикоя қилади.

Тақдимот давомида Икккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган  “Ўзбекистон иккинчи жаҳон уруши даврида“ китоби тўғрисида бир-биридан қизиқарли маълумотлар келтирилди.

Китоб архив ва музейларда, шахсий альбом ва кутубхоналарда сақланаётган материаллар, ҳужжатлар ва ноёб суратларни тўплаш ва ўрганиш йўли билан тайёрлангани таъкидланди. 

Тақдимот сўнггида, жами 100 жилддан иборат бўлган жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган, кўпчиликка яхши таниш бўлган рус шоир ва ёзувчилари A.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, М.Ю.Лермонтов, Ф.М.Достоевский ва бошқа кўплаб атоқли ижодкорларнинг асарларини ўз ичига олган  “Рус адабиёти дурдоналари“ асарлар тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.  Китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу китоблар ўзбек тилида кирилл ва лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосида тақдим этилмоқда.

Суҳроб ТУГАЛОВ