Китоб умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.

Китоб мутолааси эса кишида шундай чин инсоний фазилатларни шакллантириб, уни ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамиятнинг чинакам аъзосига айланишида, дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро буюк бобокалонимиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир.

Божхона институти Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази ташаббуси билан Божхона органлари раҳбар кадрларни тайёрлаш «Божхона менежменти» олий курс тингловчилари учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий кутубхонасида «Китобхонлик – буюк келажак кафолати» мавзусида маънавий –маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Миллий кутубхона ходимлари иштирок этиб, кутубхона фаолияти, Кутубхона Марказий Осиё минтақасидаги йирик ва қадимги китоб сақлаш масканларидан бири эканлиги таъкидланиб, кутубхонанинг хизмат кўрсатиш турлари, илмий-методик фаолияти тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Тадбир давомида кутубхона бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.