Қуёш тафти она табиатга илиқлик бериб, тут дарахтлари барг чиқара бошлаган шу кунларда мамлакатимизнинг нисбатан иссиқ ҳудудларида пиллакорларимиз енг шимариб, ипак қуртларини парваришлашга киришди. Биринчилардан бўлиб Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида бошланган ипак қурти уруғларини тарқатиш ишлари барча ҳудудларда фаоллашиб бормоқда.

Бу галги пилла мавсуми ҳар йилгидан кўра унумли бўлиши кутилмоқда. Боиси, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси мутахассислари ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси олимлари касаначилар етиштираётган пилланинг сифатини яхшилаш ва етиштириш жараёнидаги ҳаражатларни камайтириш мақсадида ҳар томонлама қулай инновацион лойиҳалар яратишга бел боғлаган. Мавсум бошида тақдим этилган кўчма қуртхоналар ана шундай янги ишланмалардан бири.

Юртимиз тажрибасида илк бор қўлланилаётган енгил конструкцияли кўчма қуртхоналар Хитой технологияси асосида яратилди. Одатий қуртхоналардан бир неча баробар кичик бўлган замонавий ихтиро пиллакорларнинг мавжуд ер майдонидан унумли фойдаланишига хизмат қилади.

Кўчма қуртхона деяётганимиз ипак қурти боқишга мўлжалланган, бир қарашда катта қуш инини ёдга соладиган замонавий ва ихчамгина уйча. Унинг ёрдамида кичик майдонлар (3х4 метр)да ҳам 2-3 қути ипак қурти уруғини парвариш қилиб, 180-200 килограмгача пилла хомашёси етиштириш имконияти бор. Бир қути ипак қуртидан 80-90 килограмм пилла олиш мумкин. Дала четида якка тут қаторлари мавжуд бўлган фермерлар учун эса бироз каттароқ — 35 метр квадратгача (5х7 метр) ҳажмдаги қуртхоналар ишлаб чиқилган. Улар енгил бўлгани боис, бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ўтказиш ҳам анча осон. Муҳими, мазкур замонавий қуртхона ипак қурти боқиш учун сарфланадиган харажатларни бир неча баробарга камайтиради.

— Аҳоли орасида пилла боқувчининг даромади кам, деган гаплар юради. Аслида, пилла боқишда даромад кам эмас, шунчаки, талаб этиладиган харажат кўп, — дейди Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Одатда, бир қути пилла боқиш учун катта молхона ёки омборхоналарда жой қилинади. Кейин пиллага керак бўладиган иссиқликни таъминлаш учун ўтин, кўмир каби ёқилғилардан фойдаланилади. Бир сўз билан айтганда, одатий усулда пилла боқиш одамларга нисбатан қимматга тушади. Мазкур харажатларни энг паст даражагача камайтириш мақсадида хонадон ва фермерларга кичик ҳамда арзон кўчма қуртхоналар таклиф қилиняпти. Уларни қуриш учун атиги 600-700 минг сўм харажат талаб этилади. Фермерларимиз 100-150 миллион сўм пул сарфлаб қурадиган қуртхоналарда кўпайтириладиган қуртларни мана шу оддий ва мўжазгина қуртхоналарда 3 ёшгача бемалол боқиш мумкин.  

Қуртхонадан фойдаланиш жараёнида ҳам ортиқча харажат талаб этилмайди. Аввало, уларни ёмғирдан пана жойга ўрнатиш лозим. Сўнг, ичкари қисмига оддий электр печкаси ва унинг устига темир челакда сув қўйилса бўлгани. Печка керакли ҳароратни ушлаб турса, челакдаги сув буғланиб, зарур намликни яратиб беради. Бу усулда етиштириладиган пилланинг сифати аввалгисига нисбатан, ҳатто, юқорироқ бўлади.

Уюшма томонидан келаси йилдан пилла боқувчининг уйида зарур шароит ва пилла қурти учун озуқа базасини яратиш мақсадида ҳар бир хонадонга 200 тупдан тут кўчати ва битта қуртхона етказиб бериш кўзланган. Бу ишлар жорий йилда тармоқда амалга ошириладиган катта вазифаларга ҳамоҳанг тарзда олиб борилади. Хусусан, 2021 йилда республикада ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 5 790 гектар тутзорлар барпо қилиш, 40 миллион туп якка қатор тут кўчатлари экиш, тутзорларни суғориш ишлари самарадорлигини таъминлаш учун 140 та артизиан қудуқлар қазиш белгиланган. Натижада пиллачилик кластерлари томонидан 22 470 тонна тирик пилла хомашёси, пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 1 500 тонна хом ипак, 1 000 тонна ипак момиғи, 342 дона ипак гилам, 815,6 тонна калаваланган ипак ип ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Айни пайтда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутахассислари томонидан жойларда семинарлар ташкил этилиб, касаначиларга қуртхонанинг афзалликлари бўйича маълумотлар бериляпти. Буюртма асосида Фарғона, Сурхондарёдаги касаначиларга қуртхоналар тарқатиш ишлари ҳам бошланган. Қисқа вақтда барча ҳудудларда пиллачилик кластерлари томонидан аҳолининг талаб-истаги асосида хонадонларга замонавий қуртхоналарни тарқатиш йўлга қўйилади. Мазкур янги тушаббус сўнгги йилларда пиллачиликка қизиқиб бораётган минглаб одамларга қулайлик яратиб, оилаларни доимий даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.

          Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири