Марказий банкда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб йирик олди-сотди шартномаларини фақат нақдсиз шаклда амалга ошириш тартиби ва бунга тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги тегишли фармонига асосан ҳаётга татбиқ этилмоқда ва бу мамлакат иқтисодиётида шаффофликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Марказий банк, Адлия вазирлиги ва Нотариал палата раҳбарияти ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этган учрашувда асосий эътибор аҳоли учун тизимни содда ва хавфсиз қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Бунда нотариал идоралар ва банклар ўртасидаги электрон маълумот алмашинувини тўлиқ интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу дегани, фуқаролар кўчмас мулк ёки машина сотиб олаётганда пулнинг хавфсизлигидан хавотир олмайдилар, чунки барча транзакциялар банк тизими орқали қонуний назоратда бўлади.
Янги тартибнинг жорий этилиши соҳада фирибгарлик ҳолатларига чек қўйиш, молиявий операцияларнинг ишончлилигини ошириш ва энг муҳими, яширин иқтисодиёт кўламини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида мутасадди идораларга апрель ойига қадар техник инфратузилмани шай ҳолатга келтириш ва тадбиркорлар ҳамда фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.