Манбааларда келтирилишича, Сўх воҳасининг табиий шароити ва унда жойлашган 20 дан ортиқ ғор ҳамда унгурлар қадимги даврларда ибтидоий одамларнинг яшашлари учун қулай имконият яратган. Кўп йиллик археологик қазишмалар натижасида, Селунгур ғорида тахминан 1,5 миллион йил муқаддам яшаган одамларнинг манзилгоҳи топилган.

Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейида сақланаётган милоддан аввалги V асрга мансуб бўлган билагузук шаклидаги қўшилон тамға қадимий Сўхнинг Олд Осиё мамлакатлари билан маданий алоқаларидан далолат берса, Суратисой ва Обишир қоятош тасвирлари эса ундан ҳам қадимги даврлардан ривоятлар сўзлайди.

Воҳанинг ўртасидан оқиб ўтгувчи Сўх дарёси Олой тизма тоғларида жойлашган 99 та музлик — қор сувларидан тўйинади. Унинг умумий узунлиги 172 километр бўлиб, дарёдан Қирғизистоннинг бир қатор мавзелари, Фарғона вилоятидаги Риштон, Ўзбекистон, Бувайда, Учкўприк, Данғара, Олтиариқ, Бағдод туманлари экин майдонларини суғоришда фойдаланилади.

Кўҳна Сўхда бўлган киши унинг зилол булоқлари, жўшқин сойлари, кўкка талпинган арчалари, ранго-ранг бетакрор табиатидан, самимий ва танти одамларининг дилкаш суҳбати, касб-кори, илму маърифатга бўлган меҳридан унутилмас таассурот олади.

Аслида кейинги пайтда Сўх туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати тоғликлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборди.

Эзгу вазифалар ижроси

Президентимизнинг  2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ижроси доирасида йиллар давомида ечимни кутиб  турган иқтисодий,  ижтимоий, маданий ва маиший соҳалардаги  кўплаб  муаммоларга   ечим топилди. Хусусан, иқтисодиётда эркин бозор механизмларининг жорий этилиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида кўрилган амалий яоралар натижасида туман иқтисодиёти қарийб икки  баробарга ўсди, кичик бизнес субъектлари сони 5 ҳиссага кўпайиб, 1014 тага етди.

— Бундан бир йил олдин аҳолини ичимлик  суви билан таъминлаш даражаси бор-йўғи  20 фоизни ташкил этар эди, — дейди туман ҳокими  Сайидбаҳром Сайидмусаев. — Қарор ижроси доирасида олиб борилган ишлар натижасида ичимлик суви билан таъминлаш даражаси  66 фоизга етди, 16 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор тоза обиҳаёт  билан таъминланди. Шунингдек, 152 километр йўл, 162 километр электр узатиш ва 20 километр газ тармоқлари  тортилди.  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Ровон, Истиқлол, Қалъа, Сўх, Ғазнов, Ҳушёр, Мулгон, Шарқобод ва Офтобру маҳалла фуқаро йиғинларида  кенг кўламли бунёкорлик ишларининг амалга оширилиши туфайли олис қишлоқларнинг меъморий қиёфаси ўзгарди, аҳолига кундалик  ҳаёт тарзи учун керакли  бўлган шароитлар  яратилди.  Туманда асфальт ётқизилмаган, ичимлик суви тармоғи тортилмаган маҳалла қолмайди. Риштон—Сўх йўлининг Қирғизистондан ўтган қисмини  асфальтлаш учун ҳам  маблағ ажратилади.

Йўллар яқин, кўнгил хотиржам

Сўхликларнинг кўп йиллик орзулари рўёбга чиқди. Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қисқа фурсатда янги аэропорт қурилиши поёнига етди. Умумий майдони  етти гектар, узунлиги етти юз метрни ташкил этган учиш-қўниш йўлаги  ҳаво кемаларининг эркин ҳаракатланиш имкониятини беради.

Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилди. Бу ерда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларидан иборат  замонавий мажмуа қурилиб, фойдаланишга топштрилди.

Бундан бир неча кун олдин қўналға дастлабки синов парвозини қабул қилди. Фарғона халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 12:30 да ҳавога кўтарилган “Humo Air” авиакомпаниясига қарашли Ан-2П йўловчи самолёти қирқ дақиқа ўтиб Сўх аэропортига келиб қўнди.

Илк парвоз туман ҳокимлиги, секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта тантана билан кутиб олинди. Амалга оширилган парвоз ҳамда Сўх аэропортида яратилган техник шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Самолёт қайта Фарғонага парвоз қилиб, вилоят марказига етиб келди.

— Йўллар яқин, кўнгил ҳотиржам, — дейди Истиқлол маҳалласида яшовчи 87 ёшли Субҳиддин ота Шарофиддинов. —  Зарурат юзасидан вилоят маркази, қўшни туманларга бориб келишда ўзига хос қийинчиликларга дуч келар эдик. Узоқ йўл, чегара ҳудудидаги расмиятчилик кўп вақт йўқотишга сабаб бўларди. Кичик авиация транспорти бу борадаги муаммолар ечимида кенг имконият яратади. Бу воқеа  ҳудди эртакдек туюлади.  Аслида эса бу эртак ёки туш эмас, ҳаётий ҳақиқат. 

Қирқ йил бошланғич таълим соҳасида ёшларга сабоқ берганман. Яқинда Давлатимиз раҳбарининг вилоятимиз сайловчилари билан учрашуви чоғида мафтункор табиати ва мусаффо ҳавоси билан танилган Сўхда сиҳатгоҳ барпо этиш юзасидан таклиф билдирдим.  Президентмизга раҳмат, бу таклифни маъқуллаб, нуронийлар учун 100 ўринли замонавий сиҳатгоҳ барпо этиладиган бўлди.  Бу ҳам жуда катта ғамхўрлик намунаси.

Маълумки, бундан олти ой олдин Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари орасида “Риштон” (“Қайтпас”) ва “Тул” (“Этикчи”) чегара постлари фаолияти тикланиб, Қирғизистон орқали ўтган Сўх-Риштон йўли тантанали равишда қайта очилган эди. Бу воқеа ҳам сўхликлар учун катта шодёнага айланганди. Чунки ана шундан буён улар илоят марказига келиш учун 80 километр йўл босиб, беҳуда вақт сарфламайдиган, 19 километрлик қисқа йўл орқали ортиқча оворагарчиликларсиз кўзланган манзилга етиб борадиган бўлишди.

—Мазкур йўлнинг очилиши савдо-иқтисодий муносабатларимиз, тадбиркорлик ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дейди Боткен вилоятининг Қадамжой туманида яшовчи тадбиркор Ражабали Худойбердиев. — Чунки, эндиликда ўзаро маҳсулот айирбошлаш, ҳамкорликда тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш мконияти янада кенгайди.

Ҳеч шубҳасиз, у авиа ёки қуруқликдан солинган йўл бўлсин, бир дарахтнинг икки забардаст шохи бўлган халқларимизнинг дўстлик, қардошлик, меҳр-оқибат йўлларига айланаверади.

Пул топган одам шаҳарга ошиқарди

Сабаби  илгари қишлоқларда одамларнинг кундалик  ҳаёт  тарзи учун оддий шароитлар йўқ эди. Қишда совуқ, сабабсиз чироқ ўчишлар, ўнқир - чўнқир йўллар, сув, газ таъминоти билан боғлиқ кундалик етишмовчиликлар   гирдобида  яшашни ким ҳам истайди. Шу боис пул топган одам яшаш учун шаҳарга ошиқарди...

Бугун бу ердаги ҳаёт тарзи ўзгарди. Энди уй-жой қиламан деган сўхликлар ўз қадрдон масаканларидан кетишни хоҳлашмаяпти.

Президентимиз қарори ижроси доирасида бу ерда 8 та, 280 та хонадонли кўпқаватли уйлар қуриб битказилди.  Шу кунга қадар янги хонадонларнинг 170 таси эҳтиёжманд оилаларга ажратилиб, дастлабки бадал пуллари тўлаб берилди.

— Мана шундай кўркам, барча қулайликлари мужассам бўлган уйларда яшашни жуда орзу қилардим, — дейди Муяссар Ибрагимова. — Икки хонали шинам уйнинг бошланғич тўловини тўлаб беришди. Кундалик ҳаёт тарзимиз учун муҳим бўлган шароитлар яратилган. Болалар учун ўйин майдонлари, дам олиш масканлари, савдо ва маиший хизматлари фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Бизга мана шундай қулай шарт-шароитлар яратиб берган Президентимиздан миннатдорман.

Туманда аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, яъни уй-жой билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида 2017-2021 йиллар давомида 89 та намунавий лойиҳалар асосида янги ҳовли жойлар барпо этилди.  Бу олдинги беш йилга нисбатан 4 баробар кўп.

Солиқ имтиёзи  — янги имкониятларга қанот

Чегара ҳудудида яшаётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига   нисбатан пасайтирилган миқдорда солиқ ставкалари жорий этилди. 2021 йил 14 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунида айрим ҳудудларда солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи махсус солиқ режими киритилди. Бу имтиёздан сўхликлар ҳам фойдаланмоқда. Унга кўра, фойда, айланмадан ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад ва ижтимоий солиқлар ставкалари бўйича имтиёзлар берилди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорларда ундириладиган даромад ва ижтимоий солиқлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида белгиланиши назарда тутилган.

— Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси учун   ойлик қатъий даромад солиғига 100 минг сўм, йилига 1,2 миллион сўм, ижтимоий солиқ учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида 270 минг сўм, йилига ўртача 3 миллион сўм, жами 4,2 миллион сўм миқдорида солиқ тўлашим зарур эди, —  дейди  якка тартибдаги  тадбиркор Илҳомжон Саломов. —   Имтиёзлар қўлланиши натижасида бу даромадлар  ўз ихтиёримда қоладиган бўлди. Бу фаолиятимни янада кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятини беради.

Жорий этилган янги имтиёз бўйича юридик шахслардан олинадиган мол-мулк, ер, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга нисбатан 0,1 коэффициент (белгиланган солиқ ставкасининг 10 фоизи) қўллаган ҳолда тўланиши белгиланган.

Сўх тумани, “Загнат” МФЙда яшовчи Ҳасан Иназаровнинг яшаш хонадонига амалдаги тартибга кўра, 2021 йил учун мол-мулк солиғига 136 минг сўм, ер солиғига 903 минг сўм, жами 1 миллион 39 минг сўм солиқ ҳисобланган. Имтиёз туфайли жорий йилги мол-мулк солиғига 13,6 минг сўм, ер солиғига 90,3 минг сўм, жами 103,9 минг сўм солиқлар ҳисобланадиган бўлди. 

Узоққа боришга ҳожат қолмади

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ҳамда тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўтган  йиллар давомида Сўх туман тиббиёт муассасаларига “Саломатлик-3” лойиҳаси, “Ислом тараққиёт банки”, Республика ва вилоят бюджетидан жами 1 миллион доллардан ортиқ тиббий ускуналари олиб келинди. Тиббиёт муассасалари билан замонавий ахборот технологиялари орқали алоқа йўлга қўйилди.

Аҳолининг дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган талабини  қондириш мақсадида “Фарғона дори-дармон” акциядорлик жамиятига қарашли 1 та марказий ижтимоий дорихона, унинг 8 та шахобчаси ва 1 та кўчма дорихона ташкил этилди.

Давлат инвестиция дастури доирасида 3 690,8 миллион сўм маблағ эвазига марказий шифохона ҳудудда 25 ўринга мўлжалланган янги юқумли касалликлар бўлими биноси ишга туширилди.

— Узоққа боришга ҳожат қолмади, —  дейди  бўлим мудири Меҳрибон Болтабоев. — Бу ерда беморларга малакали  хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилди. 40 нафардан ортиқ мутахассислар фаолият юритади. Ичак ва ҳаво томчи инфекциялари бўлинмалари  бир вақтда 25 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Дастур доирасида олиб борилаётган ишлар кўлами кенг. Айни кунда  “Ленбур” ва “Мулғон” қишлоқ врачлик пунктлари биносини янгидан қуриш, яна етитасини реконструкция қилиш  ишлари поёнига етмоқда.

"Офтобру" маҳалла фуқаролар йиғинида янги соғломлаштириш маркази қурилди.  “Сабрина невромед” хусусий корхонаси томонидан  тиббий хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди.  “Сўх - Реацентр” хусусий корхонаси раҳбари Солижон Мусаев соғломлаштириш маркази қурилишига бош бўлди.

Бу ерда гидротерапия, яъни сув билан даволаш, неврология-терапия, травмотология бўлимлари мавжуд. Соғломлаштириш марказида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлганларнинг даволанишлари учун имтиёзлар мавжуд.

                                 Болажонлар қувончига уйғун ишлар

“Шарқобод” мааҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 14-сонли мактабгача таълим ташкилоти қайта таъмирдан чиқарилди. Бу ерда умумий қиймати 3,8 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб 100 нафардан ортиқ кичкинтой учун замонавий шароитлар яратилди.

Маълумот ўрнида айтганда, бундан икки йил аввал туманда болаларни бошланғич таълимга жалб этиш 30 фоизга ҳам етмаган. Эндиликда бу борадаги ишлар салмоғи ошди, янги таълим масканларини қуриш, қайта таъмирлаш ишлари тараққий этди.

—Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровини кенгайтириш масаласига  алоҳида эътибор қаратилмоқда, —  дейди туман мактабгача таълим ташкилоти  бўлим мудири Гулноза Усмонова. —   Шу кунга қадар  11 та давлат мактабгача таълим муассасаси, 35 та оилавий боғча ташкил этилиб, 3-7 ёшгача бўлган болажонларни бошланғич таълим  йўналишига қамраб  олиш даражаси  66  фоизга етди. Жорий йилнинг ўзида 3 минг нафарга яқин болалар бошланғич таълимга жалб этилди.

Туманда истироҳат боғлари ташкил этиш, спорт муассасалари фаолиятини бугунги кун талаблари асосида йўлга қўйиш ва мураббийлик фаолиятини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам баркамол авлод орзуси йўлидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этяпти.

Мисол учун Маданият саройи биносида фаолият юритаётган “Рақамли технологиялари маркази” ни олайлик. У замонавий компютер жиҳозлари билан таъминланган, йилига 1200 нафарга яқин ёшларга ахборот-коммуникация технологиялари, дастурлаш, робототехника асослари, замонавий рақамли технологияларни ўргатиш ҳамда бу соҳада мутахассисларни тайёрлашда камарбаста бўлиб келяпти.

Табиийки, бу жараёнлар бевосита ахборот-коммуникация тизимининг ҳолати билан боғлиқ. Туманда 62 километр оптик толали алоқа кабеллари, умумий сиғими 536 портли замонавий қурилмалар, 5 та мобиль алоқа база станциялари ўрнатилгани наинки ёшларга, балки барча аҳолига дунёнинг ҳар қандай “бурчаги”ни бир зумда яқин қиляпти, интернет хизмати тезлигини оширишда қўл келяпти.

Чемпион ёшлар камол топмоқда

Самарқанд  вилоятида каратэ бўйича ўтказилган халқаро турнирда 6 ёшли Шохмуродон Шоқаюмов, Моҳигул Викторова, Алишер Валиевлар чемпионлик шохсуппасига кўтарилди. Бокс мусобақаларида Беҳруз Файзиев, Авазбек Аъзамжонов, Сардор Қаххоровлар вилоят, республика  миқёсида  ўтказилган нуфзули баҳсларнинг  ғолиби бўлди. Бу   бежиз эмас.

Сўхда спорт турларини ривожлантириш, иншоотлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани  ютуқлар омили бўляпти.

Марказий ўйингоҳ қайта қурилди, 15 дан ортиқ сунъий қопламали спорт майдончалари, 5 та финтес клуби  ва 1 та сузиш ҳавзаси  ташкил этилди.   Бунинг натижасида каратэ-до, белбоғли кураш, бокс, бадиий гимнастика, енгил атлетика,  теннис  сингари   спорт мусобақаларида иштирок этаётган ёшлар кўпаймоқда. 

—“Ровон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Сўғдиёна” спорт мажмуаси  таъмирдан  чиқарилди.  Иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи негизидаги 2-соли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилиши поёнига етди, — дейди  туман туризм ва спорт бўлими бошлиғи Суҳробжон Қозиев. — Спорт мажмуалари учун 206 турдаги 560 миллион сўмдан ортиқ  спорт жиҳозлари олиб келинди. 124 нафар сўхлик ёшлар республикамиздаги  жисмоний  тарбия йўналишидаги олий таълим масканларига  имтиёзли қабул қилинди.  Асосий мақсад,  2024 йилда  Францияда бўлиб ўтадиган тўрт йилликнинг нуфузли баҳсларда сўхлик ёшларнинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилмоқда.

Сайёҳлик масканлари чорлайди

Сўх тумани хушманзара табиатга эга жаннатмонанд гўшалардан.  Ҳудуд ҳар тарафдан пурвиқор тоғлар билан ўралган. Бу ерда 15 га яқин маданий, меъморий ёдгорликлар бор. “Ҳазрат Али”,”Султон Ғазнавий” зиёратгоҳи, Сулунғур ғори, Хужайли Мурод бешиги сингари маданий ёдорликлар кўпчилик эътиборини тортади.  Айниқса, “Сурати” тоғи бу ерга келган сайёхлар учун муҳим тилсимот бўлиши, шубҳасиз.  Силлиқ тоғ тошлари ойнадек товланади. Унга қараб, Сўхнинг гўзал ва бетакрор табиатининг кўз илғамас жиҳатларини тамоша қилиш мумкин.  Баланд ўркачли бу тоғлар ҳудудда алпинизм соҳасида янги йўналишлар очиш учун жуда қулай. 

— Сўх – Фарғона  йўналиши бўйича авиапарвозларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлар учун ҳам катта қулайликлар яратади, —дейди  туризм ва спорт бўлими бош мутахассиси Отабек  Латипов. — Бу меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш тармоқларига  бўлган талабни оширмоқда. Шу мақасадда   22 та уй мехмонхонаси қурилди.  Бу борада иш олиб бораётган янги лойиҳа ташаббускорлари кўп. “Қайроқ” массвида амалга оширилаётган насос станцияси қурилиши ҳудудда агротуризмни ривожлантириш имкониятини беради.

Сўхда амалга оширилаётган лойиҳалар кўлами кенг. Энг аввало, туман тоборо саноатлашиб боряпти.  Экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ер ости табиий бойликларини қазиб олиш фаолиятини такомиллаштириш, мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш борасидаги ишлар унинг муайян қисми. Балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш, интенсив боғлар барпо этиш, иссиқхоналар қуришга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам биринчи навбатдаги вазифалар сирасига киради...

Лекин бу ва бошқа йўналишдаги ишлар ҳақида ҳикоя қилиш келгуси ижодий режаларимиз мавзуси. Олис туманга келган киши ана шундай  улкан ўзгариш, бунёдкорликлар билан ҳамоханг яшаётган сўхликлар қувонч ва шодликларига, уларнинг кун сайин ўзгариб бораётган  ҳаёти шукуҳига бевосита гувоҳ бўлади. Бетакрор табиати, яратувчан ва самимий одамларининг дилкаш суҳбати уларни бу кўҳна заминга чорлайверади.   

Расулжон Камолов,

 Абдурауф Қоржовов,

”Янги Ўзбекистон” мухбирлари.