Тадбирни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа олиб борди. Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Муҳаммаджон Обидов ҳамда Фармон Тошев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мультимедиа маркази раҳбари Бобур Алихонов, “Оила даврасида” газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Бердиевлар сўзга чиқиб, бугунги босма нашрлар олдидаги муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ўз фикр ва ёндашувларини билдиришди.

– Бугун барча соҳада бўлгани каби журналистика ҳам катта ўзгаришларга юз тутмоқда, – дейди  ЎзЖОКУ босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани Акбар Нурматов. – Оммавий ахборот воситаларини хусусийлаштириш олдимиздаги устувор йўналишлардан бири бўлиб турибди. Нашрларни давлат мулкидан чиқариб, хусусий мулкчилик кўринишига ўтаётгани журналистикадаги янгидан-янги муаммо ва мақсадларни юзага чиқаряптики, буни илмий-амалий нуқтаи назардан муҳокама қилиб олиш айни муддао. Бу ерда олимлар ёки илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган ёшлар билан бирга тажрибали амалиётчилар, муҳаррирлар, таҳририятларнинг етакчи журналистлари, медиа марказлар директорлари, шунингдек, тадбиркорлар иштирокида мазкур анжуманни ташкил қилдик. Амалиётчи журналистлар ва бош муҳаррирларнинг чиқишлари аудиторияда катта қизиқиш уйғотди. Саволлар ва таклифлар ўртага ташланди. Ҳар қандай муаммога муҳокама қилинсагина ечими топилади. Бизнинг конференция ташкил этишдан мақсадимиз ҳам шу. Шунингдек, журналистларнинг замон билан ҳамнафас юриши, жаҳон медиамаконидаги жараён билан бирга одимлаш зарурати масалалари ҳам конференция маърузачилари томонидан таҳлил қилинди.

Тадбирда босма нашрлар, телерадиоканаллар ёки интернет сайтлари дуч келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, ахборот «истеъмолчилари» учун муҳим ва қизиқ контент яратишнинг синалган самарали усуллари борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Конференциянинг биринчи қисми якунида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирнинг иккинчи, яъни илмий қисми Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган ёшлар пресс клубида давом этмоқда.