Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг телеграм каналида маълум қилди.
Саида Мирзиёева кеча Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббиёт соҳасидаги инновацион лойиҳалари билан танишган. Қайд этилишича, шу кунгача DMED ягона тизимига 33 миллион фуқаронинг электрон тиббий карталари киритиб бўлинган ва бу шифокорларнинг ишини енгиллаштириб, беморлар билан мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш имконини бермоқда.
Шунингдек, қайси шифокорнинг қай даражада бандлиги ва тиббий жиҳозлар ҳолатини реал вақт режимида кўрсатиб турадиган, шу йўл билан ресурсларни самарали тақсимлашга кўмаклашадиган Ситуацион марказ ҳам ташкил этилди.
"Юртимизда етти йилдан буён фаолият олиб бораётган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси сунъий интеллект ёрдамида янги босқичга кўтарилгани мени айниқса қувонтирди. Эндиликда муддатидан олдин туғилган чақалоқларда ҳаётининг илк кунлариданоқ ретинопатияни аниқлаш мумкин. Бу эса минглаб гўдакларнинг кўриш қобилиятини сақлаб қолишга ёрдам беради! Янги технологиялар билан болаларда 90 фоизгача кўрлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин бўлади. Бу — минглаб оилаларда умид туғилади, деганидир," — деди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, тақдимотда инсульт ва кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш технологиялари ҳамда бошқа кўплаб янгиликлар тақдим этилган.
"Шубҳасиз, сунъий интеллект профессионал шифокорларнинг ўрнини босолмайди, аммо уларнинг ишончли ёрдамчисига айланиб, мутахассисларнинг вақти ва кучини тежашга хизмат қилади.
Рақамли соғлиқни сақлаш марказига тилагим битта — миллат саломатлигини асрашга ёрдам берадиган ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга ошиб, халқ учун манфаатли бўлсин!
Сизга ташаккур билдираман", дейилади хабарда.