Кўча
Кексайиш болалик хотираларини эслашдан бошланади шекилли...
Минг йиллик тарихга эга қишлоғимизда суннат тўйи қиш-қировли кунлари ўтар, сўқим сўйилиб, дошқозонларда ош дамланар, юрт олдига дастурхон ёзиларди. Ёзда бўлса, ҳашар авжига чиқар, катталарга қўшилиб, биз — болалар ҳам бу маросимда қатнашар эдик.
Ота-она уйланган ўғлига уй қурмоқчи бўлса, қариндош-уруғ, дўст-қадрдонларини ҳашарга чорлар, улар усталарга қўшилиб, бир-икки кун ичида икки-уч хонали уйнинг деворини кўтариб, устини ёпишарди. Аёлларнинг ҳашари усталарга йўқлов оши жўнатишдан иборат эди. Таниш-билиши, қариндошлари кўпларникидаги ҳашар қуюқ зиёфатга айланиб кетар, ҳашарчилар бир-бирига маъноли қараб, “Оҳ-оҳ, ҳашар эмас, ошар бўлди-ку”, дейишарди.
Бир гал дадам билан қўшни қишлоқдаги қариндошимизникига ҳашарга бордик. Усталар қуриладиган уйнинг тўрт бурчагига қозиқ қоқиб, иш бошлаётган экан. Дадам ўзича бир нималарни чамалаб кўрди-да, қуюқ қоши бир оз чимирилиб, қариндошимизни олдига чақириб: “Жияним, уйнинг ташқи девори кўчага чиқиб кетибди, ярим қулоч ичкарига олиш керак”, деди. Бу гап жиянига, усталарга ҳам ёқмади. Деворнинг тагига тош териш бошланиб кетди.
Тушликни кутмай, уйга қайтдик. Дадамнинг хафа бўлганини сезиб турибман, аммо сабабини билмайман. Дадам бўлса ўзига ўзи: “Эҳ жиян, жиян, қабристоннинг ерини қўшиб ол — майли, масжиднинг ерини қўшиб ол — майли, аммо кўчанинг ҳақига тегма”, деган гапни эшитмаган экансан-да. Парвардигор, ўзинг кечир”, дерди, холос.
Уй кузга қолмай битди. Аммо... баҳорда кучли сел келиб, ташқи деворини ювиб кетди.
Ўғри
Адабиёт газетаси таҳририятига йўлланган бир мактубда баён қилинган воқеани орадан анча йиллар ўтган бўлса ҳам унутолмайман. Ҳовлида изғиб юрган ҳакка, қарға, олақанот ва бошқа қушларга кўзим тушди дегунча, ёдимга тушади. Мактуб муаллифи сирли “ўғрилик” туфайли оиласидан ажраган, бадном бўлган бегуноҳ келинчак. Мана, ўша мактуб.
“Катта ҳовлили уйга келин бўлиб тушганман. Кеч куз эди. Қайнотам ва қайнонам ҳаж ибодатини адо этиб қайтди. Ҳамма уларни зиёрат қилгани келди. Уйимиз икки-уч кун меҳмонлар билан тўлди. Эртадан кечгача дастурхон атрофи тўла одам. Қозонимиз тинимсиз қайнайди.
Ҳаммани кузатиб бўлгач, хоналарни йиғиштира бошладик. Мен, икки қайнсинглим, қўшни аёллар тиним билмай ишладик. Ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб бўлгач, катта қайнсинглим кутилмаганда жазавага тушиб, “Тилла тақинчоқларим йўқолди, ким олган бўлса, қайтариб берсин. Бўлмаса, шармандасини чиқараман”, деб шовқин кўтарди.
Ҳангу манг бўлиб қолдик. Ҳовлидаги тош ўчоқда сув иситиб, идишларни юваётгандик. Айтишича, у қўлидаги тақинчоқларини шу ерга ечиб қўйган экан. Осмонга учдими, ернинг тагига кириб кетдими, ҳеч ким билмайди. У ерга биздан бошқа ҳеч ким борган эмас. Ҳамма менга қарайди. Мен эса кимга қарашимни билмайман. Қидирмаган жойимиз қолмади, аммо топа олмадик. Хуллас, тақинчоқларни мен ўғирлаган бўлиб чиқдим.
Бу гап ўша куниёқ маҳаллага ўрмалади. Кўчага чиқа олмай қолдим. Миш-миш авжига чиқди. Мактабдан келаётган болалардан бири менга эшиттириб, “Ана, ўғри келин”, деди. Уйимдагилар келди. Қайнотам “Хўш, келин олмаган бўлса, ким олади?” деди. Қайнонам фолбин аёлга бориб, кўрсатган экан, “Тақинчоқлар йўқолмаган, яшириб қўйилган”, дебди. Бу гапдан кейин кўзимга икки олам қоронғи бўлиб кўриндию, болаларимни етаклаб, уйдан кетдим.
Орадан уч-тўрт ой вақт ўтди. Аслида, уч-тўрт ой эмас, мен учун минг йил ўтди, деса ҳам бўлаверади. Худодан умид қилиб юрдим, бошқа иложим йўқ эди. Ниҳоят, бир куни...
Баҳорнинг бошлари эди. Турмуш ўртоғим ҳовли четидаги кекса ёнғоқнинг тарвақайлаб кетган шохларини кесиш учун тепасига чиққан экан, қарға уялардан бирида бир нималар ялтиллаб турган эмиш. Қараса, кичик-кичик ойна синиқлари ва... ўша йўқолган тақинчоқлар. Хурсанд бўлганидан дарахтдан йиқилиб тушай дебди. Тақинчоқлар топилди, дея уйимизга суюнчилаб келишди. Аммо бу хушхабар менга ҳам, ота-онамга ҳам тариқчалик таъсир қилмади. Ёнғоқли ҳовлига қайтиб боришдан кўра, дўзахга кирганим афзал, дедим...”.
Бу хатни ҳам воқеалар қаерда, қайси манзилда бўлганини бир оз пардалаб эълон қилдик. Нотаниш синглимизни болаларни етим қилмасликка ундадик. Орадан кўп ўтмай жавоб хати олдик. Унда биргина жумла ёзилган эди, холос: “Борди-ю бу воқеа сизларнинг сингилларингиз билан содир бўлганида, оиласига қайтиб боришини маслаҳат берган бўлармидингиз?”.
Бу саволга жавоб ёзиш қўлимиздан келмади.
Амал
Ўқувчилик йилларим дадам билан бир хонали уй қурганмиз. Томи ёпилгач, уйнинг ичини сувоқ қилиш учун дадам Абдуназар қорини айтиб келди. Бухородаги катта мадрасада таълим олган бу донишманд киши ўша йиллари бир сабаб билан қишлоғимизга келиб, шу ерда муқим яшаб қолган. Қуръон тиловатида пешқадам бўлса-да, буни ошкор қилмай, ким иш айтса, йўқ демасди. Биров бир гапни бузиб бутунлай тескарисини айтса ҳам “Э, шунақа эканми, бай-бай, қаранг-а, биз — аҳмоқлар мадрасада уламолар бошқача тушунтиришса, ишониб юраверган эканмиз-да”, деб қўярди. “Бува, нотўғри гапиряпти-ку”, десангиз, “Ҳа, адашяпти, аммо изза ҳаром, тўғрисини эшитаверса, ўзи тўғрилаб олади”, дерди.
Лой етилгач, мен уни ийлаб, ҳовучимда қори бувага узатаман, у киши сув сепилган деворга чаплайди. Ёшлик қилиб бир нималарни сўрасам, тушунтириб беради. Бир пайт ҳовлимизга тоғда яшайдиган чўпонлардан бири кириб келди. Ўша кунлари Ўнҳаятда яшайдиган қариндошимиз Адашвой тоға оламдан ўтган эди, чўпон қори бувани танимай, марҳумнинг руҳига ўзи билганича тиловат қилди-да, нонга оғиз теккизиб, ўрнидан турди.
Чўпон кетгач, мен бувага чўпоннинг тиловатида хатолари борлигини айтгандим, у киши “Майли-майли, шунча жойдан ният қилиб келибди, хатони тузатса бўлади, ниятда гап кўп, қани, лойдан узатинг”, деди. Бу гапнинг маъносини англаш учун кўп китоб варақладим. Ҳазрат Навоий “Амалларнинг боши — ниятнинг холислигида. Ният холис, кўнгил тоза бўлмас экан, фақиҳлик каби шарафли касб ҳам номаи аъмолнинг гуноҳлардан холи бўлишига кафолат беролмайди”, деган экан.
Бақатерак
Бу ёруғ оламга келган ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти, яхши-ёмон кунлари бўлгани каби бошқа жонзотлар, дов-дарахтлар, улкан бино ва иншоотлар ҳам ўзига яраша тариху тақдирга эга бўлади деган гапни эшитганмисиз?
Раҳматли дадам 82 йил умр кўрди. Катта акам Умаржон ҳофиз “Худо хоҳласа, дадамнинг ёшига етаман”, дерди. Нияти ижобат бўлди.
Ҳовлимизда бир туп нок бўларди. Дадам “Умаржон туғилган йили экканман”, дерди. Меваси йирик, серсув, пўсти хол-холак, мазаси бошқа нокларникидан фарқ қилади. Шу нок ҳовлимизда роса тўқсон йил яшади, шунча вақт мева берди. Бир марта касалланиб, танаси ёрилиб, шохлари қурий бошлаганини биламан. Раҳмонжон акам “Ҳа, бўлдими, қуримоқчимисан, мана сенга”, деб у ер-бу ерини арралай бошлаган эди, айвонда ёнбошлаб ётган дадам ҳайҳайлаб тўхтатиб: “Қўй, арралама, Худо хоҳласа, тузалиб кетади, мана кўрасан, ҳали кўп нок еймиз”, деди.
Шундай бўлди ҳам. Баҳорда нок қаддини ростлади, ён шохлари ўсиб, танасидаги жароҳатлари битиб кетди.
Дадам эллигинчи йилларнинг бошида бир кишидан йигирма сўмга бир туп бақатерак сотиб олган экан. Йўғон ва узун танасини усталарга тарошлатиб, харили уй қурган. Бундай уйнинг томига хари узунасига ётқизилиб, икки ёнига тўсинчалар устидан бир-бирига юзма-юз қилиб миндирилади, бошқа уйларга нисбатан кенг, иссиқ бўлади.
Шу уйда катта бўлганмиз. Орадан кўп йиллар ўтди, харили уйлар урфдан чиқди. Акаларим уйни янгилашди. Харини ҳовли четига олиб чиқиб қўйдик. Шу ерда бир-икки йил тургач, ҳовли четидаги янги оғилхонамизнинг томига ишлатилди. Молхона бузилгач, бостирмага узун сарроб бўлиб ўтди.
Вақти келиб, ҳовлини қайта қуриш навбати менга келди. Бостирмага зарурат қолмади. Буздик. Икки учи чирий бошлаган хари яна ишсиз қолди. Бу орада дадам вафот этди. Харини кўтариб, дарвозамиздан ташқарига олиб чиқдик. Таъзияга келганлар устига кўрпача ёзиб, шу ерда дадамнинг руҳига тиловат қилишди. Маҳаллада бўладиган иссиқ-совуқ маъракаларда одамлар кўп йиллар унинг устида ўтирди, кўп дуоларга гувоҳ бўлди. Кейин...
Бир йили қиш ўта қаҳрли келди. Кўмир йўқ, тезак оз. Умри якунига етган харини майдалаб, ўчоққа ёқдик, чўғи сандални қиздирди, омон-эсон баҳорга чиқиб олдик.
Шаҳар
Талабалик йилларим раҳматли дадам бир марта Тошкентга олма сотгани келган. Ўша йили ҳовлимиздаги олмаларнинг шохи ҳосилдан эгилиб, тиргак ёғоч роса керак бўлган экан. Дадам “Олой” бозорида уч кун савдо қилиб, тўртинчи куни бир нимадан хафа бўлиб, қолган олмани олибсотарларга улгуржи бердию, қишлоққа қайтадиган бўлди. Поездга ўтираётганида “Дада, якшанба куни Тошкентни айлантирмоқчи эдим (у пайтлари университетда бир соат ўқишдан қолиш мумкин эмас эди), олманинг қолганини арзонгаров бериб юбордингиз десам, “Э, ўғлим-ей, Тошкент менга ёқмади. Уч кун олма сотдим, бир киши эҳсонга демади-я! Ҳаммаси “Яхшисидан беринг, балнисага обораман”, дейди. Яхшисини териб-териб берсам, қолганини оладиганларнинг ҳақига хиёнат қилган бўламан-ку. Эҳсонга деса, савобга қўшилиб қолай деб бир-иккита қўшиб бермоқчи эдим. Нима бало, шаҳарда ҳамма касалми?”, деди.
Нима демоқчи бўлганини кейинроқ — таътилга борганимда ўзидан сўраб олганман.
Бозорда савдо қилиш қоидасини дадам косонсойлик мулла Жўра охундан эшитган экан. “Олма сотасизми, нокми, гўшт ёки буғдойми — паллани тўғри қўйинг ва тўғри келтиринг, — деган экан бу донишманд инсон. — Фалон сўмга бай очдингизми (яъни келишдингизми), паллани шунга тўғриланг. Оғир қилманг, савдо бузилади. Агар хайр қилмоқчи бўлсангиз, сотаётган нарсангизни палладан олиб, харидорнинг идишига солиб беринг ва “Мана буниси биздан сизга совға, дуо қилиб қўясиз”, денг. Шундай қилсангиз, савоб иш қилган бўласиз”.
Биз томонларда ҳали ҳам шундай. Эҳсон охирида қовун-тарвуз, мева-чевани етиштирган деҳқону боғбон ҳақига дуо қилинади. Косонсойда бирор нарсани хайри билан сотиш ҳали ҳам сақланган.
Шаҳарда бўлса... ҳамма “касал”.
Дўппи
Шоир Муҳаммад Юсуфнинг дўппи ҳақидаги машҳур шеърини эслайсизми? Бу шеър бошидан асло дўппи тушмайдиган адиб Муроджон Мансуровга бағишланган эди.
Кўплар бу шеърни ёддан ўқийди. Анча аввал ёзилган бўлишига қарамай, унинг содда, халқона сатрлари худди бугун ёзилгандай таъсирчан жаранглаб туради. Йиллар ўтгани сайин шеърнинг маъно-моҳияти янада очилиб бормоқда. Бунинг боисини бошқа ёқдан эмас, шеърнинг ўзидан ахтариш керак. Дўппи асли нима учун кийилади? Бугун атрофингизга бир қаранг — дўппили бошларни қаерда учратиш мумкин? Тўй ёки азада!
Эрталаб соқолни қиртишлаб, сочни тараб, бўйинбоғни тақиб, жомадонда тахи бузилмай ётган дўппингизни кийиб ишга келинг-чи. Энг яқинларингиз ҳам “тинчликми?” дегандай сизга сергакланиб қарайди.
Бир гал Муҳаммад Юсуфга шу мулоҳазаларни айтиб, шеърдаги “Бош қолмади дўппига лойиқ” сатрини “Бел қолмади, белбоққа лойиқ”, дея ўзгартириб, лутф қилган эдим, шоир дарҳол жавоб қайтарди:
— Дўппи, белбоғ... Эркакларни қўя турайлик, аёллар ҳам кўп нарсалардан воз кечди, аммо ҳаммасини шеърга солиб бўлмайди-да, ака…
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист