Ушбу “йўл харита”га асосан, шу йилнинг 18 март куни Наманган вилоятининг маҳаллий ҳокимликлар масъуллари, тадбиркорлик субъектлари вакилларидан иборат делегациясининг Жалолобод вилоятига амалий ташрифи давомида икки томонлама қатор келишувларга эришилди.

Яқинда эса Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттор Сиргабоев бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига келди.

Наманган қирғиз миллий-маданий маркази раҳбари Мафиратхон Истамқулованинг айтишича, еттита тумани Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти билан чегарадош бўлган Наманган вилоятида бугунги кунда қирғиз миллатига мансуб 23 мингга яқин аҳоли яшайди. Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларидаги қирғиз маҳаллаларида қардош элнинг урф-одатлари юксак қадрлаб келиняпти. Бундан ташқари, вилоятда Қирғиз миллий-маданий маркази, учта қирғиз мактаби ва қирғиз ишбилармонлари сармояси иштирокидаги тўққизта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Жалолобод вилоятида истиқомат қилаётган 1 миллион 238 минг аҳолининг 26 фоизи ўзбеклардир. Ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактабда зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўзбек тилида “Янги тонг” газетаси чоп этилади.

— Икки вилоят ўртасида имзоланган тарихий ҳужжатлар кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва бундан ҳам юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади. 2020 йилда вилоятимизнинг Қирғизистон билан ўзаро товар айланмаси 102 миллион 600 минг долларни ташкил қилди. Бунда Наманган экспортида Қирғизистоннинг улуши 25 фоиз бўлди, — дейди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. — Қабул қилинган “йўл харитаси”га асосан, қиймати 22 миллион долларлик 6 та лойиҳани амалга ошириш ва 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш ҳамда қиймати 132 миллион 500 минг долларга тенг 35 та савдо шартномаси ижросини таъминлаш белгиланган. Қолаверса, икки ҳудуд ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Учқўрғон – Кенсай”, “Нанай – Кербен” чегара-божхона пости фаолиятини қайта тиклаш ва “Косонсой – Баймак” чегара-божхона ўтиш пункти орқали транспортлар ҳаракатига рухсат бериш учун амалий ишлар бошлаб юборилди. Чегараолди ҳудудларда ўзаро савдони кенгайтириш, логистика марказлари ташкил этиш, туризмни ривожлантириш ҳисобига 1500 дан ортиқ иш ўрни очиш имкони бор.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусовнинг таъкидлашича, у Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини бошлаган вақтда тўртта назорат-ўтказув пункти ишлаган. Ҳозирга келиб уларнинг сони саккизтага етган. Яқинда икки мамлакат Президентлари учрашуви давомида барча 15 та назорат-ўтказув пунктини очиш топшириғи берилган. Санитария, божхона ва чегара хизматлари ўзларига тегишли масалаларни ҳал этишса, уч ой ичида барчаси очилади. Пунктлардан ўтаётган фуқаро паспорт текшируви учун 1,5 дақиқадан ортиқ вақти кетмаслиги таъминланади. Икки тарафлама ўтказиш пункти бўйича меъёрий талаблар ечилганидан кейин Жалолобод ва Наманган ўртасида автомобиллар қатнови ҳам йўлга қўйилади.

Жалолобод вилояти маъмурияти ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, саноат корхоналари раҳбарлари, ишбилармонлар доиралар вакиллари ҳамда журналистлардан иборат делегация аъзолари Наманган шаҳрида жойлашган мономарказ, вилоят марказининг Давлатобод туманидаги Ўн бир Аҳмад зиёратгоҳи, “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси, Президент мактаби, “Даштбоғ”, “Орзу” ва “Юксалиш” кичик саноат зоналаридаги “Dreamliner textile”, “Ideal orzu tekstil”, “Art soft cluster holding”, “Flat tile”, “Zamin kiyim sanoat”, “Samira amir tekstil”, “Fabrika nashe”, “Santex dizayn”, “Aisha home textile”, “Merrymed farm” каби корхоналар фаолияти билан танишдилар. Биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар алмашилди. Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш мажмуалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

— Навкент – Ўш оралиғи 200 километр. Учқўрғондаги пост очилгач, Ўшга Наманган орқали 70 километр йўл босиб борамиз, яъни йўлимиз 130 километрга қисқаради, — дейди Дўстук айил укмати раҳбари Замирбек Мамасодиқов. — Тўғриси, бундан тўрт-беш йил бурун бугун амалга оширилаётган ишларни тасаввуримга ҳам сиғдиролмасдим.

— Туманимиз маркази Кербен шаҳрида 6 минг нафар атрофида ўзбек яшайди. Кербен Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманига қарашли Нанай қишлоғи билан чегарадош. Агар шу ердаги аввалги назорат пункти тикланса, Наманганга ўтиш учун Баймакдан 50-60 километрлаб узоқ йўл босиб юрмаймиз. Айни шу масалани икки вилоят раҳбарлари маслаҳатлашишди ва ижобий ҳал қилишди, — дейди Жалолобод вилоятининг Ахси тумани ҳокими Жиргалбек Шакиов??? (АК). — Дарвоқе, Наманган шаҳридаги улкан қурилишлар, замонавий бинолар қиёфаси, йўл инфратузилмаси, ландшафт дизайни, Президент мактаби ва яқинда фойдаланишга топширилган замонавий ахборот-кутубхона марказининг ноодатий меъморий услубдаги архитектураси жуда ёқди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда жуда улкан ўзгаришлар бўлибди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Жалолобод вилояти делегацияси аъзолари Тўрақўрғон туманида Наманган – Жалолобод бизнес форуми ва “Made in Namangan” маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўргазмасида иштирок этди. Унда 50 дан ортиқ саноат ишлаб чиқариш корхонаси маҳсулотлари намойиш қилинди.

— Менга, айниқса, Наманганнинг тўқимачилик йўналишида Европа бозорларида ўз ўрнини топиб, ривожланган давлатлар тадбиркорлари билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани маъқул бўлди, — деди Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттор Сиргабоев. — Вилоят экспорт ҳажмида тикувчилик маҳсулотлари улуши 50 фоиз экан. Хусусий ва кичик бизнес вакилларига, хорижий инвесторларга яхши шарт-шароитлар борлигига ҳавас қилдик. Ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.

“Наманган” ва “Косонсой” эркин иқтисодий зонаси ҳамда вилоят шаҳар ва туманларидаги 73 та кичик саноат зонасида яна мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушиши натижасида 9 триллион сўмлик маҳсулот экспортга ва маҳаллий бозорга чиқарилади. 2021-2022 йиллар мобайнида Наманган вилоятида умумий қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларлик 1 минг 700 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Форумда зиёрат туризмини ривожлантириш, Наманганда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган қирғизистонлик ишбилармонларнинг лойиҳаларини вилоятдаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида татбиқ этиш, чорвачилик ва пиллачилик соҳаларида биргаликда кооперация алоқаларини йўлга қўйиш каби истиқболли таклифлар билдирилди, режалар ва имкониятлар ўртоқлашилди.

Ҳар икки вилоят тадбиркор ва ишбилармон доиралари вакилларининг “B2B” форматдаги музокаралари натижасида бир қатор меморандум ва битимларга эришилди.

— Ўзим олабуқаликман, Наманганга келмаганимга анча бўлганди. Бир дарёдан сув ичсак-да, мен эски тасаввурда юрган эканман. Вилоятингиз сўнгги йилларида тамомила ўзгариб, гўзаллашиб, барча соҳада ривожланиб, анча олдинлаб кетибди. Айниқса, гуллар шаҳри Наманганда бунёдкорлик авжида, юксалишлардан ҳайратдаман. Очиғи, ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз қатлам вакилларини бепул 12 хил касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш мақсадида янги барпо этилган мономарказ эътиборимни тортди. Бунақа тажрибани илк бор Наманганда кўрдим, — деди Жалолобод вилояти иқтисод ва инвестиция бошқармаси сектор бошлиғи Айнагул Боймирзаева. — Наманганда май ойида ўтадиган анъанавий 60-халқаро гул байрамига таклиф этилганимиздан бошимиз осмонга етди. Мамнун кайфиятда юртимизга қайтяпмиз, юксак эътибордан миннатдормиз! Юқори савияда ва кўтаринки руҳда кечган икки кунлик ташриф тили ва дини бир қардош элларимиз учун манфаатли бўлгани, кўнгилларда меҳр-оқибатни кучайтирганидан ғоят хурсандмиз.

Хайрлашув онларида Жалолобод вилояти маданият бошқармаси бошлиғи, оқин, Қирғизистон халқ шоири Раҳматилла Қўзукеевнинг дил сўзларини тингладик: “Наманган биз учун қадрдон вилоят, мен ўзим Учқўрғонда улғайганман. Йўллар очилиб, ришталар қайта боғлангани учун давлатларимиз раҳбарларига мингдан-минг ташаккур. Сизлар билан тарихимиз, анъаналаримиз, маданиятимиз ўхшаш, ери ерига туташ, бозор ва мозоримиз битта. Ҳамжиҳатликда беқиёс кучмиз, порлоқ келажагимиз сари олға. Самимий дўстлигимиз абадий бўлсин”.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

Янги Ўзбекистон мухбири.