Жумладан, профессор-ўқитувчилардан ихтиёрий ташкил топган кўнгилли 12 та катта гуруҳ тузилиб, пандемияга қарши курашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган Қўнғироқлар марказида 3 сменада 24 соат узлуксиз фуқароларнинг саволларига жавоб бермоқда.
Бугунги кунда дунёда, хусусан, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони ошиб бораётгани халқимизда катта ташвиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, халқимизни янада ҳамжиҳат бўлишга ундамоқда.
Ушбу касалликнинг олдини олиш ва енгишда янада қулайлик яратиш мақсадида ягона — 1003 қисқа рақамга эга чақирув маркази ишга туширилди. Мазкур рақам орқали фуқаролар қўнғироқ қилиб, коронавирус инфекцияси, ўз саломатлиги ва яқинларининг аҳволи билан боғлиқ саволларга жавоб ва тавсиялар олмоқда.
Низомий номидаги ТДПУ профессор-ўқитувчилари ҳам коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни тўғри баҳолаб, тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, профессор-ўқитувчилардан ихтиёрий ташкил топган кўнгилли 12 та катта гуруҳ тузилиб, пандемияга қарши курашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган Қўнғироқлар марказида 3 сменада 24 соат узлуксиз фуқароларнинг саволларига жавоб бермоқда.
Ушбу марказда коронавирус бўйича 1003, 1105 рақамлари орқали фуқароларнинг мурожаатларига жавоб бериб келинмоқда. Дастлабки кунларда аҳоли коронавирус инфекцияси, унинг аломатлари ва юқиши, олдини олиш чоралари ҳақида сўраб мурожаат қилган. Ҳозир оммавий ахборот воситалари ва онлайн нашрларда кенг тушунтиришлар берилгани сабабли аҳолининг хабардорлиги анча ошиб, бу каби саволлар камроқ бериляпти.
Энди улар асосан муайян вазиятга оид тавсиялар сўрашмоқда. Хусусан, профессор-ўқитувчилар коронавирус пандемиясининг олдини олишда, энг аввало, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш бўйича маслаҳатлар, касалликда гумон қилинаётган ёки касаллик аломатлари бўлган беморларнинг тезроқ тиббий, психологик ёрдам олишига кўмаклашмоқда.