Айни пайтда ушбу Дастур доирасида конларда сиқув компрессор станциялари ва компрессор қурилмаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти.

Таъкидлаш жоизки, табиий газ қазиб олинадиган конлар узоқ муддат фойдаланилганда, қатлам босими тушиб, маҳсулотни қайта ишлаш ва транспортировка қилишда қийинчиликлар вужудга келади.

Бунинг олдини олиш мақсадида 2022 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли бошқармаларнинг «Жанубий Тандирча», «Янгиқазган», «Гирсан», «Чўлқувар», «Шумак» ва «Култак» конларидан қазиб олинаётган табиий газ босимини ошириш мақсадида сиқув компрессор станцияларини қуриб, ишга туширишнинг техник шартлар ишлаб чиқиляпти.

«Oʼzlitineftgaz» АЖ ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари билан биргаликда юқорида келтирилган 5 та кондан қазиб олинаётган газнинг босимини кўтариб, уни дастлабки тозалаш қурилмаларига узатиш учун мақбул ечимларни танлаш борасида ишлар олиб борилди. Ушбу конлардан қазиб олинадиган газ ҳажмига қараб газ поршенли ёки винтли компрессор станцияларни қуриш оптимал ечим деб топилди.

Ушбу компрессор станцияларни қуриб, фойдаланишга топшириш эвазига қуйидаги натижаларга эришилади:

- «Жанубий Тандирча» конида йилига 1500,0 миллион куб/метр;

- «Янгиқазган» йилига 144,2 миллион куб/метр;

- «Гирсан» конида йилига 34,6 миллион куб/метр;

- «Чўлқувар» конида йилига 129,6 миллион куб/метр;

- «Шумак» конида йилига 85,8 миллион куб/метр;

- «Култак» конида йилига 547,0 миллион куб/метр табиий газнинг қайта ишлаш имконияти яратилади.

Ҳозирги кунда «Култак», «Гирсан», «Чўлқувар», «Шумак» ва «Янгиқазган» конларида қурилиши режалаштирилаётган газ поршенли ва винтли компрессор станциялар бўйича техник шартлар ишлаб чиқиляпти. Ушбу компрессор станциялар 2022 йил якунида ишга туширилиши кўзда тутилган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.