Бу бежизга эмас, албатта. Дунё тараққиётига назар ташласак, илм-фанни, таълим тизимини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмаган ҳеч бир давлат ривожлана олмаганлигини кўрамиз. Гарчи улкан табиий бойликлари мавжуд бўлса-да, бугунги кунда халқи камбағал, ўзи нотинч бўлган давлатлар ҳам бор. Шунингдек, Япония, Сингапур, Малайзия, AҚШ, Германия сингари ўз тараққиётини илм-фанни ривожлантириш, фуқароларининг илмий ва техникавий эркинликларини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш билан боғлаган, тараққий этган, халқи бой, мамлакати гуллаб яшнаган давлатларни ҳам кўришимиз мумкин.

Илм-фан ҳамда таълим ривожисиз мамлакат тараққиётига етишиб бўлмаслиги сабабли ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу соҳани ривожлантиришни таъминловчи алоҳида моддалар киритилган. Жумладан, асосий қомусимизнинг 42-моддасида, “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, деб аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу модданинг аҳамиятини эса юқоридаги мисоллар билан ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шуни таъкидлаш зарурки, олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг катта қисмини ташкил этади ҳамда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришнинг пойдевори ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг фармони билан қабул қилинган, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга замин яратади.

Ушбу стратегияда интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, олий таълим тизимини ривожланган жаҳон тажрибалари асосида ташкил этиш, олий таълим муассасаларини жаҳоннинг энг рейтинги баланд таълим муассасалари қаторига киритиш, олий таълим билан қамров даражасини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишларини янги сифат даражасига кўтариш, бу ўзгаришлар дунё илм-фани тизимида эътироф этилишига эришиш учун вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда илм-фан тараққиёти дунёнинг нуфузли олий таълим ҳамда илмий-тадқоқот муассасаларидан бошланаётгани барчамизга маълум. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда дунёнинг етакчи олий таъим муассасаларининг филиалларини очиш, таълим тизими рақобатбардошлигини таъминлаш, шу мақсадда хусусий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий тадқиқотлари натижаларини дунёнинг етакчи илмий журналларида эълон қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилган ишлоҳотларнинг бир қисми сифатида ҳарбий таълимда ҳам илм-фанни ривожлантириш, ҳарбий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотларни эътироф этишимиз зарур. Чунки, яқин йилларгача ҳарбий таълим тизими ёпиқ, мамлакатимиз таълим тизимидан деярли ажралиб қолган, асосан амалий машғулотларга асосланган бўлиб, илмий-тадқиқот, хорижий ҳамкорлик ишларига еэтибо кам эди.

Ислоҳотлар натижасида ҳарбий таълим тизимига ҳам Институт, Aкадемия, Университет каби дунёда тан олинган тушунчалар кириб келди. Ҳарбий таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг энг аҳамиятли натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий техника институтини Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилганлиги бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу қарори билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини яна бир бор кўрсатиб ўтдилар.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши, ушбу Фармон билан “Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлиги концепцияси”, “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси” ҳамда “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланиши ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини кўрсатади.

Президентимиз томонидан айнан Ҳарбий-техника институтининг бугунги кунда мамлакатимизда ягона бўлган ҳарбий университет этиб қайта ташкил этилиши, жамоат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим соҳага кадрлар тайёрлашни айнан ушбу таълим муассасасига ишониб топширилиши ҳам бежиз эмас.

Мазкур таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимига ўтказилганидан сўнг, охирги 3 йил давомида илмий салоҳияти аввалги 10 фоиздан деярли 70 фоизга етиб, нафақат ҳарбий, балки мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасалари ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллади. Университет профессор-ўқитувчилари томонидан охирги уч йилда 100 га яқин дарслик, 160 га яқин ўқув қўлланма, 150 дан зиёд бошқа турдаги ўқув-методик адабиётлар ёзилди. 40 дан ортиқ илмий-амалий анжуманлар тўпламлари, 20 га яқин амалий тавсиялар нашр этилди.

Aвваллари биронта ҳам илмий даражалар берувчи кенгаш фаолият юритмаган бўлса бугунги кунда Университетда 6 та ихтисослик йўналишлари бўйича 2 та илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Университетда ўқитиладиган таълим йўналишлари сони аввалги 5 тадан 9 тага оширилди, магистратура, сиртқи таълим, олий таълимдан кейинги таълим факультетлари ташкил этилди. Ҳарбий таълим тизимида мутлақо янгилик сифатида юридик, психология ва иқтисодиёт йўналишларида умумфуқаролик асосида талаба ва тингловчиларни ўқитиш йўлга қўйилди. Университет томониган Туркия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Жанубий Корея каби кўплаб давлатларнинг турдош таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Буларнинг барчасини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида ҳамда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш ишларига қўшилган ҳисса деб эътироф этишимиз мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, Конституциямизда белгиланган қоидаларга кўра,  илм-фан, таълим тизимини ривожлантириш мамлакат тараққиётида, ҳарбий таълимни ривожлантириш эса миллий хавфсизлигимизни янада ишончлироқ амалга ошириш ҳамда жамоат хавфсизлигини кучайтиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Баҳром МУРОДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти, полковник