2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг қасамёдида асосий қомусимизни ислоҳ қилиш зарурияти мавжудлигини ва бу мамлакат аҳолисидан келиб тушганлигини таъкидлади.

Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса Президент Бош қомусга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар борлигини, халқимиз ҳаёти даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўплаб ишлар қилиниши лозимлиги айтилди. Чунки фуқаролар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Жаҳон мамлакатларининг конституцияларига юзланар эканмиз, улар ҳам ўз вақтида давр ва ижтимоий муҳит тақозосида асосий қонуннинг ўзгаришига ва янада такомиллашишига сабаб бўладиган ислоҳотларни амалга оширганликларига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари ҳам 1789 йилдан то бугунга қадар ўз конституцияларига 33 бора қўшимча ва ўзгартиришлар киритганликларига амин бўламиз. Деярли 3 аср давомидаги оралиқ учун бу камлик қилиши мумкин, лекин АҚШ конституциясига ўзгартириш киритиш учун мамлакатдаги жами штатларнинг тўртдан уч қисми мазкур ўзгартиришни маъқуллаши зарур ҳисобланади. Дунёдаги энг катта конституция ҳисобланмиш Ҳиндистон конституцияси ҳам 1950 йилдан бошлаб ҳозирги даврга қадар 105 та ўзгартириш ва қўшимчаларни бошидан ўтказган.

Шундай экан, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда, айниқса ижтимоий-сиёсий жараёнларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида конституциявий ислоҳотларни ҳам ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилаётгани ўз навбатида мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйишида муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради.
Бугун олдимизга қўйган мақсадимиз эса асосий Қонунимизга шунчаки айрим моддаларига ўзгартириш киритиш эмас, балки бутунлай янгилашни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш ҳисобланади. Зеро, Конституциямизни барқарор, замон билан ҳамнафас шаклга келтириш Бош қомусимизга келажакда тез-тез ўзгартириш киритилишни тақозо қилмайди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда «Ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак».

Ҳозирда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил қилинган бўлиб, фаол фуқароларимиз томонидан тушаётган таклифларни умумлаштириб, таҳлил қилиш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, статистик маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқа бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Фуқаролар ўзларининг таклифларини www.meningkonstitutsiyam.uz онлайн платформаси, таклиф taklif@meningkonstitutsiyam.uz ёки taklif@2022.uz электрон почта манзиллари, телеграм мессенжерининг махсус боти (@meningkonstitutsiyam_bot), шунингдек 1341 қисқа рақамли «Колл-марказ»лари орқали юборишлари мумкинлиги эса мазкур ислоҳотнинг бавосита жамоатчилик фикри асосида амалга оширилаётганлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш, мақсадга мувофиқ «Ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак».

Улфат Шоназаров,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Давлат-ҳуқуқий
фанлар кафедраси мудири в.в.б.