Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган концептуал ислоҳотлар негизида миллий қонунчилигимизни “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор” деган тамойилга асосланган ҳолда такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга. Мазкур тамойилга мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган.

Асосий қонунимиздан келиб чиқиб, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси тамойилларини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармонидир.

Мазкур Фармон билан қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни таъминлаш мақсадида соҳага оид қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай ва қатъий риоя этиш суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан биринчи даражали эътибор қаратиш лозим бўлган устувор вазифа этиб белгиланди.

Айбсизлик презумпциясига тўхталадиган бўлсак, ушбу принцип инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи асосий конституциявий тамойиллардан бири бўлиб, шахснинг айби қонунчиликда белгиланган тартибда ва жиноят ишларини юритиш ваколатига эга бўлган судлар томонидан қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунча, айбсиз ҳисобланишини англатади.

Жаҳон тарихида айбсизлик презумпцияси биринчи марта 1789 йил
26 августдаги Франция давлатининг Фуқаро ва инсон ҳуқуқлари Декларациясида фуқаро шахсий озодлигининг процессуал кафолати сифатида эълон қилинди. Хусусан, ушбу Декларациянинг 9-моддасида ҳар бир шахснинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ушбу тушунча Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенция каби халқаро умумэътироф этилган ҳужжатларда тегишли нормалар билан баён этилди.

Шунингдек, миллий қонунчилигимизда ҳам айбсизлик презумпцияси билан боғлиқ тегишли нормалар белгиланган бўлиб, ушбу нормалар мамлакатимизда бевосита инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги ва кафолатини  таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, айбсизлик презумпцияси Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасида мустаҳкамланган бўлиб, унинг мазмуни қуйидагиларда кўринади:

биринчидан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди;

иккинчидан, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Айбсизлик презумпцияси билан боғлиқ норма Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги  Қонунининг 10-моддасида айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланиши тарзида келтирилган.

Айбсизлик презумпциясига тааллуқли бўлган юқоридаги қонун ҳужжатлари таҳлили, ушбу принцип нафақат “гумон қилинувчи”, “айбланувчи” ёки “судланувчи”, балки Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросининг маълум бир жиноят иши юзасидан айблилик масаласи қонуний тартибида кўриб чиқилиб, айби исботланмагунча айбсиз эканлиги тўғрисида ҳуқуқи мавжудлигини белгилайди.

Шунингдек, жиноят-процессуал кодексининг 86-моддасига мувофиқ исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд амалга ошириши белгилаб қўйилган. Шахснинг айбдорлигини исботлаш суриштирув ва тергов органларига юклатилган бўлиб, бу вазифа гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи томонидан амалга оширилиши шарт эмас. Бу уларнинг ҳуқуқи бўлиб, мустақил равишда ёки ҳимоячиси орқали исбот қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Яна шуни таъкидлаш керакки, айбсизлик презумпцияси учун Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси 3-қисмида мустаҳкамланган ҳолатлар ҳам аҳамиятга моликдир. Жумладан, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Бу қоида жиноят ва жиноят – процессуал қонунларни қўллашда татбиқ этилади.

Мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигидаги айбсизлик презумпцияси билан боғлиқ бўлган нормаларни такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифларни бериш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, айби суд ҳукми билан исботланмаган ҳар қандай шахснинг айбсизлик тўғрисидаги ҳуқуқларини бевосита таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси 1-қисмида назарада тутилган шахслар доирасидаги “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи” тушунчаларини “Ҳар қандай шахс” тушунчаси билан ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ. Зеро, тегишли суд ҳужжати билан қонунчиликда белгиланган тартибда айби исботланмаган ҳар қандай Ўзбекистон Республикаси фуқароси асоссиз айбланишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

  Иккинчидан, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 86-модда 2-қисмида белгиланган исбот қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги ҳақидаги қоидасидан келиб чиқиб, ушбу кодекснинг 23-моддаси 2-қисмидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги нормаси кейин “шунингдек ушбу кодексда белгиланган тартибда исбот қилишда иштирок этишлари мумкин”лиги тўғрисидаги қоидалар киритилиши зарур.

       Дилдора БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети профессори,

Сабина ЖАВДОТОВА,

Тошкент давлат юридик университети 3-курс талабаси