Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Биринчи вазифа: Таклифларни тўплаш, умумлаштириш, шакллантириш асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳасини тайёрлаш;

Иккинчи вазифа: Давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик хулосалари, статистик маълумотлар ва бошқа ахборотларни сўраб олиш;

Учинчи вазифа: Илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари юзасидан тавсияларини, шунингдек, экспертлар хулосаларини олиш;

Тўртинчи вазифа: Конституциявий комиссиянинг ишига давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар вакилларини экспертлар сифатида жалб қилиш;

Бешинчи вазифа: Зарурат туғилганда, манфаатдор давлат органлари ва нодавлат ташкилотларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган таклифларга асосан, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

Олтинчи вазифа: Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши ҳақида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юбориш.

Шунингдек, йиғилишда фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакилларининг таклифларини йиғиб олиш, умумлаштириш, уларни Конституциявий комиссияга тақдим этиш механизми ҳам ишлаб чиқилди.

Таклифларни йиғиш жараёни қуйидаги шаклларда ташкил этилади: 

Фуқаролар ва ташкилотлар ўз таклифларини “Менинг Конституциям” онлайн платформаси, маҳаллалар, халқ депутатлари Кенгашлари, “Колл-марказ”, почта, шу жумладан электрон почта ҳамда Телеграм махсус боти орқали юборишлари мумкин бўлади.

Келиб тушган барча таклифлар Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилади ҳамда умумлаштирилган ҳолда Комиссия ҳузуридаги Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳига юборилади. Шунингдек, таклифлар билдирган фуқаролар билан қайта алоқа ўрнатилиб, уларга тегишли жавоб қайтарилади.

Конституциявий комиссия ҳузуридаги Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳига келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги бўйича хулоса тайёрлайди ва ҳар ҳафтада камида бир маротаба Комиссия аъзоларига тақдим этади.

Конституциявий комиссия ўз мажлисларида таклифларни кўриб чиқади ва муҳокама қилади. Муҳокама натижалари бўйича Конституцияга киритилиши мумкин бўлган таклифлар сараланиб, тегишли лойиҳа шакллантирилади.

Комиссия йиғилишида Матбуот хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш, унинг таркиби ва медиа-режасини ўз вақтида ва сифатли бажариш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Матбуот хизматининг асосий вазифаси халқимизни, кенг жамоатчиликни Комиссия, унинг ишчи гуруҳлари фаолияти ва Конституциявий ислоҳотларнинг кейинги босқичлари ҳақида холис, ўз вақтида ва кенг тарзда хабардор қилиб бориш, ушбу жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашдан иборат.

Конституциявий комиссия Матбуот хизмати ўз фаолиятида қуйидагиларга катта эътибор қаратади:

Биринчидан, Конституциявий комиссия ва унинг ишчи гуруҳлари фаолиятига бағишланган брифинг ва матбуот анжуманларини ташкил этиш;

Иккинчидан, Конституциявий комиссия билан аҳоли, кенг жамоатчилик, фуқаролик жамиятлари институтлари, оммавий ахборот воситалари ўртасида қайта алоқа ўрнатиш;

Учинчидан, Конституциявий ислоҳотларнинг бориши ҳақида, шу жумладан экспертларни жалб қилган ҳолда, интервью уюштиришлар орқали тушунтириш ишларини олиб бориш.

Матбуот хизмати фаолиятига мамлакатимизнинг етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тажрибали вакиллари, етук журналистлар жалб қилинган.

Айтиб ўтиш керакки, Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати томонидан таклифлар билан ишлаш жараёни бўйича ҳар ҳафта матбуот анжумани ташкил этилади.