Тизимда фундаментал янгиликларни вужудга келтирадиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шундай муҳим ҳуқуқий асослардан. Фармон мамлакатимизнинг конституция­вий ҳуқуқий сиёсати, хусусан, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиси — қонун устуворлигини таъминлашда конституциявий назорат институтининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Конституциявий суднинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни ва роли, ҳуқуқий аҳамияти ҳақида гап кетганда, мамлакатимиз ҳуқуқ тизимидаги тарихий воқеа — 2023 йилда ўтказилган конституциявий ислоҳотлар даврига назар ташлаш тўғри бўлади. Худди шу йил мамлакатимиз қонунчилиги тарихида конституциявий ислоҳотлар йили сифатида ҳам муҳрланди.

Конституциявий суд фаолияти билан боғлиқ иккита тарихий суд мажлисини алоҳида келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Биринчиси — 2023 йил 13 март куни Конституциявий судда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича “Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ниҳоятда муҳим масала очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Иккинчиси — 2023 йил 5 декабрь куни Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонунга мувофиқ, конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан мамлакатимиздаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида Олий Мажлис палаталарига ва Президентимизга ҳар йили тақдим этиладиган ахборот кўриб чиқилди.

Мазкур Конституциявий суд ахбороти мамлакатимиз тарихида биринчи марта очиқ суд мажлисида кўриб чиқилгани, унда кўтарилган масалалар конституциявий қонунийлик муҳитини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Конституциявий суд Асосий қонунимизнинг мамлакатимизнинг бутун ҳудудида тўғридан тўғри амал қилиши, ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар қўлланишига эътибор қаратди.

Асосий қонунимизнинг нормаларини тўлақонли амалга ошириш бўйича давлат органлари олдига кенг кўламли ва масъулиятли вазифалар қўйилиши ҳамда айни пайтда уни тўғридан тўғри қўллаш билан боғлиқ айрим масалалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Конституциявий суд мамлакатимиз тақдири, келажаги ва тараққиёти билан бевосита боғлиқ ўта муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш ваколатига эга. Бошқа бирор-бир орган ёки тузилмага бундай ваколат берилмагани Конституциявий суднинг ҳуқуқий тизимдаги ўрни ва роли нақадар юқори эканини кўрсатади.

Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, биринчи навбатда, Конституция устуворлиги, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ устуворлигига таъсир этаётган омилларни ваколатли давлат органлари томонидан ўз вақтида аниқлаш ва тезкор чора кўришни тақозо этади.

Мана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, мазкур фармон жисмоний ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш институти янада ривож­ланиши, конституциявий одил судловни таъминлашни янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.

Фармонда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор устувор мақсадлар назарда тутилган. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш, бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш; Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш орқали ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назорат ўрнатиш шулар жумласидан.

Шунингдек, конституциявий суд ишларини юритиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш орқали Конс­титуциявий суд фаолиятида шаффофликни ошириш, Конституциявий суднинг конституциявий қонунийликни таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш, фаолиятида Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига йўл қўймаслик, уларни бузишнинг ҳар қандай ҳолатлари бўйича тезкор ва қатъий чоралар кўриб бориш масъулиятини оширади.

Айниқса, конституциявий суд ишларини юритиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш айни пайтдаги ахборот ва коммуникация технологияларининг шиддатли тараққиёти натижасида вужудга келган кескин трансформациялашув ва интеграция жараёнида ниҳоятда муҳим. Одил судлов тизимида рақамлаштириш, жумладан, энг сўнгги, замонавий технологик дастурларни жорий этиш зарурати мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фармонда Конституциявий суд фаолиятини замон талабларига мослаштириш, суд органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш муҳим вазифалар этиб белгиланди.

Фармонда назарда тутилган Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида қайд этиладиган таклиф ва тавсияларни амалиётга жорий этишнинг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга оид Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий суднинг қуйидаги таклифлари:

— ахборотда қайд этилган таклиф ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чора-тадбирлар режасини Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқлаш ҳамда унинг амалга оширилиши устидан назорат ўрнатиш;

— масъул давлат органлари томонидан Олий Мажлис палаталари кенгашлари тасдиқлаган чора-тадбирлар режасида назарда тутилган топшириқлар ижроси юзасидан белгиланган муддатларда Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий судга ахборот киритиш масаласи — Конституциявий суд томонидан Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мувофиқлиги тизимли равишда ўрганиб ва таҳлил қилиб бориш имкониятини кенгайтиради.

Ҳужжатда Конституциявий судга келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича ҳам муҳим қоидалар белгиланди. Жумладан, Конституциявий судга тўғридан тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаатни энди Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юбориш белгиланди.

Бунда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан фуқаро ёки юридик шахснинг мурожаатидаги масала Конституция­вий судга киритилмаган ҳолатларда муаллифга унинг мурожаатидаги масалани Конституциявий судга киритишга асос мавжуд эмаслигини тушунтирган ҳолда хабар бериш ва Конституциявий судга ахборот тақдим этиш амалиёти жорий этилмоқда.

Бу Конституциявий судда фуқаролар билан яқиндан ишлаш, амалий ва узлуксиз мулоқот қилиш, айниқса, уларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиш жараёнида ортиқча бюрократия ёки сансалорликлар, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш учун янги ва самарали механизмлар яратилишига замин яратади.

Фармонда белгиланган вазифалар Конституциявий суд фаолияти самарадорлигига ҳуқуқий асос бўлиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашга хизмат қилади.

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Судьялар олий кенгаши раиси