Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил тобора ижтимоий воқеликка айланиб бормоқда.
Улуғ аждодларимизнинг асрий орзу-армонлари, эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек эзгу тилаклари ва улуғ мақсадларини ўзида мужассам этган давлатимиз Конституцияси қабул қилинган барча қонун ва меъёрий ҳужжатлар учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида “Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда”, деб таъкидлади.
Бу ислоҳотларнинг рўёбга чиқишида ички ишлар органлари зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланган. Жумладан, улар фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш каби вазифаларни бажаради.
Соҳа ходимларнинг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2016 йил 16 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, органнинг ваколат, мажбурият ва ҳуқуқлари, ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ҳамда шартларининг қонун даражасидаги ҳуқуқий асоси пайдо бўлди.
Ҳар қандай қонуннинг аҳамияти у билан тартибга солинадиган муносабатларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни билан ўлчанади. Шу маънода, сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, барча даражадаги тузилмаларнинг вазифаларини аниқ белгилаш, замонавий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда куч ва воситаларни оқилона тақсимлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида ички ишлар органлари мавқеини ошириш, шунингдек, ҳар бир ходимнинг халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз фаолият бурчи сифатида сўзсиз бажарадиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймасликка хизмат қилмоқда.
Президентимиз ички ишлар органларини ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритаркан, жумладан, шундай деган эди: “Бу соҳадаги мақсадимизни қисқача ифода этадиган бўлсак, биз келажакда эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар тизимини яратишимиз керак”.
Инсон шаъни ва ҳуқуқлари олий қадрият
Мазкур тамойил ҳеч бир истисносиз барча шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, улар билан аниқ манзилли профилактик ишларни олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида вазирликнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Бунинг натижасида маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларни келгусида жамиятга ижтимоий мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш ва меҳнатга ўргатишнинг ягона, шаффоф ва самарали механизмлари жорий этилди.
Ҳар бир шахс мурожаат қилиш ҳуқуқига эга
Мамлакатнинг тараққиёти ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан аҳолининг сиёсий ҳокимиятга ишончи, жамият ҳаётида ижтимоий адолат тамойилларининг амал қилиш даражасига боғлиқ. Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда мутлақо янгича тизим яратилиши натижасида сиёсий ҳокимиятнинг халққа яқинлашуви кузатилиб, аҳолининг ижтимоий ва сиёсий фаоллиги ошди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил тобора ижтимоий воқеликка айланиб бормоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, бунинг натижасида фуқаролар билан давлат органларининг доимий ва очиқликка асосланган мулоқотлари йўлга қўйилди. Уларни ўйлантираётган, қийнаётган масалаларни тезда ҳал этиш тизими яратилди.
Ички ишлар органлари тизимида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Бу борада олиб борилаётган ишлар ички ишлар органларининг биринчи раҳбарлари ҳузурида ўтказиладиган тезкор йиғилишларда танқидий муҳокама қилиниб, ушбу йўналишдаги камчиликлар ва салбий ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Бунинг натижасида юртдошларимизнинг фикр ва қарашларида ички ишлар органлари фаолияти бўйича ижобий муносабат кузатилмоқда. Бу борада “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра, давлат хизматлари кўрсатиш механизми жорий этилгани, мурожаатларни қабул қилишда фуқаролар билан ишлаш, жавоб беришнинг тезкорлиги, мурожаатга жавобнинг мазмуни тўлиқлиги, ходимларнинг малакаси ва касбий лаёқати, амалдаги қонунчиликка риоя қилиниши, якуний қарорнинг холислиги, ишончлилиги ва асослангани, масалани ечиш қайси босқичда тургани, уни ҳал этиш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани ёки нималар режалаштирилаётгани ҳақида тезкор маълумот берилаётгани диққатга сазовор.
Тизимдаги раҳбарларнинг мамлакатимизнинг барча ҳудудида аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказаётгани эса халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими сифатида фуқароларнинг ички ишлар органлари мансабдор шахслари билан тўғридан тўғри муносабат ўрнатишига имкон берди. Бу, ўз навбатида, ички ишлар органларининг халқ орасида обрўси ошишига хизмат қилмоқда.
Илмий ва техникавий ижод эркинлиги
Бугун тараққиётнинг шундай даврида истиқомат қиляпмизки, келажакда ўз ўрнимизни топишимиз ва ривожланишимиз учун ҳаётимизнинг барча жабҳасига инновацион моделларни жорий этишимиз зарур. Фан-техника имкониятларини янада кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда фаннинг аҳамиятини ошириш, муҳим тадқиқотлар ва инновация жараёнларини кенгайтириш ҳозирги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидан бири саналади. Шу боис, бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятига инновацион модел ва лойиҳалар кенг жорий этилмоқда. Хусусан, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз туризмни таъминлаш”, “Хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз хонадон” каби ўзига хос, янгича концепциялар ҳаётга жорий этилмоқда. Тизимдаги қайси соҳага инновацион модел ва лойиҳалар татбиқ этилса, шу ерда улкан ижобий натижаларга эришилмоқда. Биргина мисол: йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида юртимизда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими инвестициявий лойиҳаси татбиқ этилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисалари кескин камайди.
Илмий тадқиқот ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш, методик ва амалий қўлланмалар тайёрлаш, илмий асосланган таклиф, тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, республикада шов-шувга сабаб бўлган ўта мураккаб жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда ички ишлар органлари ходимларига кўмаклашиш учун ИИВ академиясида Илмий-амалий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.
Жамоат ташкилотлари ва фуқаролар — осойишталикни сақлашда кўмакчи
Ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни жамоатчиликнинг, жумладан, жамоат ташкилотларининг кўмаги, ҳамкорлигисиз самарали ташкил этиб бўлмайди. Ушбу ҳамкорлик объектив зарурат бўлиши билан бирга, бошқарув субъектлари томонидан ташкил этиладиган ва тартибга солинадиган тизимли фаолият ҳисобланади. Зеро, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли орасида ички ишлар органларининг обрўси ва мавқеини кўтариш, кенг жамоатчилик билан алоқасини мустаҳкамлаш орқали, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишдан иборат.
Шу мақсадда фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш асослари ва механизми яратилди. Энди фуқаролар ва жамоат ташкилотларини маълум бир жиноятнинг олдини олишга қаратилган ҳаракати учун рағбатлантириб бориш тизими йўлга қўйилди.
Ички ишлар органларида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Буни биргина умумий жиноятчилик кўрсаткичида ҳам кўриш мумкин. Масалан, шу йилнинг олти ойида республикадаги 9 минг 145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6 минг 61 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Эришилаётган натижалар билан хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп”. Зотан, ички ишлар органларини янгиланаётган Ўзбекистонга муносиб бўлган, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни, осойишталикни ҳамда қонун устуворлигини ишончли таъминлайдиган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатлайдиган, халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш мақсадида бошланган ишларни ниҳоясига етказиш долзарб аҳамият касб этади.
Тизимда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, энг аввало, етук малакали мутахассис кадрлар фаолиятига боғлиқ. Шу боис, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш мезонлари ва шартларини янада такомиллаштириш, интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрлар тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш, раҳбар кадрлар заҳирасини яратиш каби жараёнларни хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот масалаларида юқори самарадорликка эришган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда ташкил этиш давр талабига айланди.
Тизимда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини аниқлаш ва комплекс баҳолаш бўйича шаффоф рақамли электрон дастурни жорий этиш, бунинг учун, унинг индикатор ва субиндикаторларини шакллантириб амалиётга тадбиқ этиш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳудудларда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтиришга, бунинг натижасида тегишли халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрни янада яхшиланишига хизмат қилади.
Баҳром САИДОВ,
ИИВ академияси илмий кенгаши котиби,
юридик фанлар доктори, доцент