Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат қилади. Шунингдек, 856 та уйда ўзини-ўзи бошқариш тизими жорий этилган.
Кейинги йилларда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, умумий мулкни таъмирлаш ва муҳандислик коммуникацияларини янгилаш бўйича муайян ишлар қилинди, аҳолига сифат кўрсатиш даражаси ва кўлами ошди.
Шу билан бирга, бошқарув сервис компаниялари фаолияти барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш орқали хизматлар сифатини ошириш, қўшимча сервис турларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.
Мавжуд бошқарув компанияларнинг аксарияти мажбурий бадал ҳисобидан фаолият юритмоқда, уларнинг фаолиятига инвестиция киритишга тайёр тадбиркорлар кам. Шунингдек, экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йирик шаҳар ва вилоят марказларида бошқарув сервис компанияларининг яширин даромадлари расмий тушумлардан камида икки баробар кўп. Буларнинг барчаси соҳага даромад келтирадиган янги модель ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан 2026-2030 йилларда баъзи шаҳар ва туманларда кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди.
Эксперимент доирасида уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” тизими орқали мулкдорлар томонидан овоз бериш йўли билан танланади.
Бошқарувчи ташкилотлар учун минимал молиявий ва ташкилий талаблар, жумладан, ўз маблағи, моддий-техник база, 24/7 диспетчерлик хизмати мавжуд бўлиши каби шартлар белгиланади. Шу билан бирга, қўшимча даромад манбалари сифатида маиший хизмат марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли қурилмаларни барпо этиш ва улардан узоқ муддатли фойдаланиш имкониятлари яратилади.
Мажбурий бадаллар ҳамда бошқарувчи ташкилотларнинг хизматлардан тушадиган барча қўшимча даромадлари фақат “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олинади. Ушбу тартибга риоя этмасдан бадаллар ҳисобини юритиш бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот талабларини бузиш ҳисобланади.
Умумий мол-мулкни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар солиқ органларида мажбурий тарзда ҳисобга қўйилади. Белгиланган тартиб бузилган тақдирда, бошқарувчи ташкилот электрон реестрдан чиқариб ташланади. “Менинг уйим” ахборот тизими орқали умумий йиғилишни ташаббус қилиш, муҳокама ўтказиш, қарор қабул қилиш, шартнома тузиш, ҳисобот тақдим этиш ҳамда мурожаатларни юбориш ва кўриб чиқиш имкониятлари тўлиқ йўлга қўйилади.
Агар ҳар чорак якуни бўйича “Менинг уйим” тизимига ҳисобот маълумотлари киритилмаса, кейинги ойлар учун мажбурий бадалларни ҳисоблаш маълумотлар киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилади ва орқага қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Шунингдек, кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати, ер участкалари, энергия ва сув истеъмоли бўйича маълумотларни ўз ичига олган “Турар-жой” миллий ахборот тизими босқичма-босқич ишга туширилади.
Кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилишда кадастр паспорти расмийлаштирилиб, у “Турар-жой” тизимида автоматик акс этиши, ўрнатилган қуёш панеллари эса умумий мол-мулк сифатида бошқариш органига топширилиши шарт этиб белгиланди. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, уй фойдаланишга қабул қилинмайди.
Яна бир масала – соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш. Аввало, бошқарув сервис компанияларининг диспетчерлик хизматларида сунъий интеллект асосида ишлайдиган тизимлар жорий қилиниши, мурожаатлар билан ишлаш ва хизмат кўрсатиш тезлиги оширилиши кераклиги қайд этилди.
2026–2030 йилларда соҳадаги институционал ислоҳотларни давом эттириб, ҳокимликлар ҳузурида уй-жой коммунал соҳани назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар ташкил этиш, уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш, ҳокимнинг уй-жой коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қисқа муддатда соҳанинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, уй-жой мулкдорлари ва бошқарув сервис компаниялари учун бирдек манфаатли, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва шаффоф тизим яратиш юзасидан топшириқлар берди.