Дунёнинг энг тез тараққий этган мамлакатларидан бири — Сингапурда “олтин тўртлик қоидаси” ижтимоий модели, анъанаси мавжуд. Унга кўра, инсон бахтли бўлиши учун битта уй, битта машина, битта иш, битта оиланинг ўзи кифоя. Айнан “олтин тўртлик қоидаси” расмий қонун ҳужжати сифатида мавжуд бўлмаса-да, инсонларни айни шу давлат сиёсатига йўналтирадиган, барқарор ва интизомли ҳаёт моделига мослаштиришга хизмат қиладиган бир қатор ҳужжатлар бор. Жумладан, уй-жой билан таъминлаш борасида Housing & Development Board (HDB), “Build-to-Order” (BTO) тизимлари, оилани ҳимоя қилиш Women’s Charter қонуни, машинага эга бўлиш борасида Certificate of Entitlement (COE) тизими жорий этилган.

Аслини олганда, ушбу қоида фақатгина сингапурликлар эмас, ўзбекистонликлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Аксарият юртдошларимиздан “Ўзингизни тўлақонли бахтли ҳис қилишингиз учун нима керак?” дея сўрасангиз, “Ўз уйим, ўғил-қиз фарзандларим бўлса, яна битта машина олсам. Менга бошқа нарса керак эмас”, дея жавоб беради одатда. Уларнинг орасида, айниқса, ўз уйига эга бўлиш катта аҳамиятга эга.

Шу боис, мамлакатимизда тўққиз йил олдин бошланган ортга қайтмас ислоҳотлардан бири айнан шу — уй-жой қуриш, уни сотиш ва сотиб олиш тизимини ўзгартириш бўлди. Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, замонавий кўп қаватли уйлардан иборат, ўзига хос инфратузилмасига эга “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилди. Ўтган давр мобайнида бу тармоқ такомиллашиб борди, йил сайин бунёдкорлик шиддати кучайса кучайдики, камаймади.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида бу борадаги ишлар 2026 йил янги босқичга кўтарилишини таъкидлади. Жумладан, ўтган йилда аҳолига 8 миллион 100 минг квадрат метрли, 135 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилди. Умуман, сўнгги тўққиз йилда 210 миллион квадрат метрли турар ва нотурар жой объектлари фойдаланишга топширилди. Бу кўрсаткичлар янада кўтарилиши назарда тутилган.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, кўп қаватли турар жойлар кўпайгани яхши, аммо кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасини ҳам шунга мос такомиллаштириш, фаолиятини янада жадаллаштириш зарур.

Президентимиз шу йил 14 январь куни кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Йиғилишда соҳадаги муаммолар ва уларнинг оқилона ечими тўғрисида сўз борди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион аҳоли истиқомат қилади. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат қилади. Шунингдек, 856 та уйда ўзини ўзи бошқариш тизими жорий этилган. Бошқарув сервис компаниялари фаолияти барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлашда хизматлар сифатини ошириш, қўшимча сервис турларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.

Қайд этилганидек, бошқарув компанияларининг аксарияти мажбурий бадал ҳисобидан фаолият юритмоқда, уларнинг фаолиятига инвестиция киритишга тайёр тадбиркорлар кам. Шунингдек, экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йирик шаҳар ва вилоят марказларида бошқарув сервис компанияларининг яширин даромадлари расмий тушумлардан камида икки баробар кўп.

Буларнинг барчаси соҳага даромад келтирадиган янги модель ишлаб чиқиш зарурлигини исботлаб турибди. Шунингдек, тармоқни рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш самарадорлигини орттириш ҳам бугунги давр талаби. Шу муносабат билан 2026 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида кўп квартирали ­уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди.

Унга кўра, уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” тизими орқали мулкдорлар томонидан овоз бериш йўли билан танланади.

Бу, ўз навбатида, аҳоли вакилларининг уйларига хизмат кўрсатиш компаниялари фаолиятини онлайн кузатиб бориши ва уларнинг самарадор фаолиятига кўра овоз бериш орқали танлай олиши имконини беради. Натижада эса компаниялар ўртасидаги рақобат янада кучаяди.

Компаниялар учун талабларнинг оширилиши кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишда профессионалликни талаб қилади. Хусусан, бундай компаниялар камида ўз маблағи, моддий-техник базаси, 24/7 диспетчерлик хизматига эга бўлиши шарт.

Фақатгина талаб эмас, бундай ташкилотларга рағбат ва қўшимча даромад топиши учун имконият ҳам берилмоқда. Жумладан, ҳудудда ташкилотларга маиший хизмат марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли қурилмаларни барпо этиш ва улардан узоқ муддатли фойдаланиш имкониятлари яратилиши кўзда тутилган.

Йиғилишда яна бир масала — соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, бошқарув сервис компанияларининг диспетчерлик хизматларида сунъий интеллект асосида ишлайдиган тизимлар жорий қилиниши, мурожаатлар билан ишлаш ва хизмат кўрсатиш тезлиги оширилиши кераклиги қайд этилди.

Соҳадаги ушбу янгиланиш ва ислоҳотлар назоратини олиб бориш тизими такомиллаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Жумладан, фаолиятида шаффофликни таъминламаган компаниялар фаолияти вақтинча ёки бутунлай тўхтатилади. Агар ҳар чорак якуни ­бўйича “Менинг уйим” тизимига ҳисобот маълумотлари киритилмаса, кейинги ойлар учун мажбурий бадалларни ҳисоблаш маълумотлар киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилади ва орқага қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Мажбурий бадаллар ҳамда бошқарувчи ташкилотларнинг хизматлардан тушадиган барча қўшимча даромадлари фақат “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олинади. Ушбу тартибга риоя этмасдан бадаллар ҳисобини юритиш бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот талабларини бузиш ҳисобланади.

Умумий мол-мулкни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар солиқ органларида мажбурий тарзда ҳисобга қўйилади. Белгиланган тартиб бузилган тақдирда бошқарувчи ташкилот электрон ­реестрдан чиқариб ташланади. “Менинг уйим” ахборот тизими орқали умумий йиғилишни ташаббус қилиш, муҳокама ўтказиш, қарор қабул қилиш, шартнома тузиш, ҳисобот тақдим этиш ҳамда мурожаатларни юбориш ва кўриб чиқиш имкониятлари тўлиқ йўлга қўйилади.

Кўп квартирали уйни фойдаланишга қабул қилишда кадастр паспорти расмийлаштирилиб, у “Турар жой” тизимида автоматик акс этиши, ўрнатилган қуёш панеллари эса умумий мол-мулк сифатида бошқариш органига топширилиши шарт этиб белгиланди. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда уй фойдаланишга қабул қилинмайди.

2026-2030 йилларда соҳадаги институционал ислоҳотларни давом эттириб, ҳокимликлар ҳузурида уй-жой коммунал соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар ташкил этиш, уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантириш, ҳокимнинг уй-жой коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимини жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Албатта, бу ўзгаришлар маҳаллаларимизнинг янада обод бўлиши, аҳоли яшаш шароити яхшиланиши, атроф-муҳит кўкаламзорлаштирилиб, янада чирой очиши йўлида хизмат қилиши бор гап. Айниқса, аҳоли фаровонлигини ошириш, одамларни рози қилишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.


Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири