Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Санкт-Петербург Давлат уй-жой назорат инспекциясининг ўтган йиллардаги фаолиятига доир тақдимот билан танишди. Аниқ рақамлар, таққослама жадваллар мисолида тақдим этилган маълумотлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув доирасида бошқарув сервис компаниялари рейтингини амалга ошириш, рақамлаштириш ва электрон реестрини тузиш, улар фаолиятини лицензиялаштириш бўйича маълумотлар берилди. Инспекция раҳбарига кўра, лицензия олган ташкилот автоматик равишда электрон рейтинг тизимига киритилади. Баҳолаш тизимининг 50 фоизи аҳоли томонидан амалга оширилади. Қолган қисми эса назорат инспекциси тақдимномалари ҳамда маъмурий баҳолаш ҳисобидан келиб чиқади.
Шунингдек, Санкт-Петербург Давлат уй-жой назорат инспекцияси томонидан электрон портал ташкил этилган бўлиб, унда ҳар бир инспекторнинг фаолият самарадорлиги баҳолаб борилади. Яъни, порталда ҳар бир ходим конверти мавжуд ва унинг иш фаолиятига доир муҳим маълумотлар ана шу ерда тўпланади. Бу тизим иш берувчига ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш имконини яратади.