Президентимизнинг  17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи Андижон давлат тиббиёт институти жамоаси учун тарихий янгиликларга бой бўлди. Жумладан, институт клиникаси ҳудудидаги бир гектар майдонда клиник кафедраларга мўлжалланган, замонавий ўқув лабораторияларига эга минг ўринли, етти қаватли янги ўқув биноси қурилиши учун 70 миллиард сўм маблағ ажратилди. Янги бино қурилиши талабалар бир жойнинг ўзида ҳам ўқиб, ҳам амалиёт ўташи учун муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика соҳаси жадал ривожланиш жараёнини бошдан кечиряпти. Соҳа тараққиёти учун муҳим меъёрий­ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Барча зарур шарт­шароит яратилди. Жумладан, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналарга керакли хомашё, дастгоҳлар, бутловчи қисмлар олиб келувчилар учун божхона тўловлари бекор қилинди. Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашда Андижон давлат тиббиёт институти ҳам муносиб ҳисса қўшишга интиляпти. Институтда фармация таълим йўналиши очилиб, айни пайтда бу ерда 500 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Йиллар давомида фармацевтикада айрим муаммолар тўпланиб қолгани, уларни оқилона ҳал этиш бугуннинг долзарб масаласи экани, соҳани мукаммал биладиган, ундаги камчиликларни еча оладиган рақобатбардош кадрлар йўқлиги ушбу соҳадаги энг катта оғриқли нуқталардан бири эди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга бу галги ташрифида мазкур муаммони ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида фармацевтика ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, Андижон фармацевтика иқтисодий ҳудудида ишга туширилган корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Андижон давлат тиббиёт институтида саноат фармацияси таълим йўналиши очилади. Жорий ўқув йилида иқтидорли ёшлар қабул қилинади. Бу соҳадаги ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида қўйилган залворли қадам бўлди.

Андижон вилоятида фармацевтика соҳаси бўйича етук малакали мутахассислар етарли эмас. Ҳудуднинг иқтисодий-­ижтимоий ривожланиши учун бугунги кун талабига жавоб бера оладиган, ўз соҳасини чуқур биладиган кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Шундай бир пайтда мазкур таълим йўналишининг очилиши соҳада кадрлар тақчиллигини бартараф этади. Иккинчидан, ушбу таълим йўналишини очиш замирида андижонлик ёшларга қаратилган юксак ишончни илғаш қийин эмас.

Кейинги йилларда Андижон вилоятида ҳам таълим соҳасидаги ислоҳотлар улкан бурилиш палласига етганини яратилаётган имкониятлар миқёси ва эришилаётган натижалар кўламидан билса бўлади. Бу ишонч ва эътиборни Андижоннинг мард ва жасур, заковатли фарзандлари, албатта, оқлайди, вилоят зиёлилари фидокорона хизмат қилиб, устозлик ҳақини тўла адо этади.

Мирзоҳид БОТИРОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти проректори